Arabic
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Йўл ҳаракати қоидабузарлиги учун қандай жазолар енгиллаштирилди? (+видео)
17:30 / 2026-02-17

2026 йил 5 февралда “Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига қўшимча ва ўзгартиришлар киритиш ҳақида”ги қонун кучга кирди.

Янги қонун билан йўл ҳаракати қоидабузарлиги учун қандай жазолар енгиллаштирилди? Сенатнинг Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитаси раиси Қутбиддин Бурхонов шу ҳақда маълумот берди: 

– Йўл ҳаракати қоидалари бузилган ҳолларда фақат жазолаш билан кутилган натижага эришиб бўлмаяпти. Шу боис, биринчи марта қоидабузарлик содир этган ҳайдовчига огоҳлантириш бериш ва тушунча бериш яхши самара беради. Чунки, инсонга имкон берилганда, унинг дунёқарашида ҳурмат ва масъулият ҳисси шаклланиши мумкин. 

Айрим хорижий давлатларда маъмурий ҳуқуқбузарликлар содир этганлик учун жарима жазоларидан ташқари “оғзаки огоҳлантириш” ва “огоҳлантириш” жазоси бор. 

Бунда, биринчи марта кам аҳамиятли маъмурий ҳуқуқбузарлик содир этган шахсни жаримага тортиш ўрнига, содир этган қилмишининг ижтимоий оқибатларини тушунтирган ҳолда огоҳлантириш амалиётда бундай қилмишлар содир этилишининг олдини олишда юқори натижаларга олиб келган.  

Шу боис, янги қонун билан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга йўл ҳаракати хавфсизлиги билан боғлиқ бўлган кам аҳамиятли ҳуқуқбузарликлар учун маъмурий огоҳлантириш жазоси қўлланилиши ҳақидаги меъёр киритилди. 

Кодекснинг 241-моддасида ўз ифодасини топган маъмурий огоҳлантириш транспорт воситасини бошқариш вақтида телефондан, монитор (дисплей)дан фойдаланиш, тўхташ ёки тўхтаб туриш қоидаларини бузиш, мажбурий суғурта билан боғлиқ қоидабузарлик кабиларга татбиқ этилади.

Фақат бу чора айни бир шахсга нисбатан бир йил давомида бир мартадан ортиқ қўлланилиши мумкин эмас. 

Бундан ташқари, йўл ҳаракати қоидалари бузилгани махсус автоматлаштирилган фото ва видео қайд этиш техника воситалари орқали қайд этилган ҳолларда маъмурий жазо қўлланилиши муддатлари қайта кўриб чиқилди.

Қайд этиш лозимки, қоидабузарлик учун расмийлаштирилган қарор сервердаги носозликлар сабабли орадан 11 ой ўтиб юборилган ҳолатлар учраган. Бу эса, табиийки, аҳолининг ҳақли эътирозига сабаб бўлган. 

Шуни инобатга олган ҳолда қонунчиликни такомиллаштириш бўйича давлатимиз раҳбари топшириқ ҳам берган. 

Шу мақсадда ишлаб чиқилган янги қонун билан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекс янги 171-модда билан тўлдирилди. Унда фото ва видео қайд этиш техника воситалари орқали қайд этиладиган қоидабузарликларнинг тури аниқ белгиланди. 

Эндиликда қатнов қисмидаги чизиқларни босиш махсус автоматлаштирилган фото ва видео қайд этиш дастурий-техник воситалари орқали қайд этилмайди. 

Қонунда йўл ҳаракати қоидалари бузилгани махсус техника воситалари орқали қайд этилган ҳолларда маъмурий жазо ҳуқуқбузарлик содир этилган кундан эътиборан бир ойдан кечиктирмай қўлланилади. Маъмурий жавобгарликка тортиш тўғрисидаги қарор устидан шикоят қилинганда эса ҳуқуқбузарлик содир этилган кундан эътиборан бир йилдан кечиктирмай қўлланилади.  

Қонун аҳолига қўшимча қулайликлар яратади. Янги меъёрлар маъмурий ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш, шунингдек, аҳолининг давлат органларига нисбатан ишончи янада мустаҳкамланишига хизмат қилади.

<iframe width="650" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/Y4VmRxcHmuQ" title="Yo‘l harakati qoidabuzarligi uchun qanday jazolar yengillashtirildi?" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>

Норгул Абдураимова, Ёқуб Мелибоев (видео), ЎзА