Chinese
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Йўл ҳаракати билан боғлиқ 8 миллионга яқин қоидабузарлик аниқланган
16:00 / 2022-03-11

Республика ҳудудида йўл патрул хизмати масканларида давлат рақамини аниқловчи 95 та камера, қоидабузарликларни аниқловчи 510 та камера ҳамда 1 минг 236 та кузатув камераси ўрнатилган.

 Бундан ташқари, қоидабузарликларни аниқловчи воситалар ўнатилган 55 та “Nexia 3” русумли автомобиль ҳам фаолият олиб бормоқда. 

Бу ҳақда Олий Мажлис Қонунчилик палатасида “Адолат” социал-демократик партияси фракцияси ҳамда Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитасининг кенгайтирилган йиғилишида айтиб ўтилди.  

Унда Ички ишлар вазирлиги Жамоат хавфсизлиги департаменти Йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати бошлиғи О.Саидовнинг 2018-2022 йилларда Ўзбекистон Республикасида Йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш концепцияси ижросини таъминлаш бўйича амалга оширилган ишлар тўғрисидаги ахбороти эшитилди. 

— 2021 йилда жами 7 миллион 743 минг 125 та йўл ҳаракати қоидабузарликлари аниқланиб, уларга нисбатан йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати ходимлари томонидан расмийлаштирилган баённомаларда 1 триллион 56 миллиард 983 миллион сўм миқдорида жарималар ундирилган, — деди Ички ишлар вазирилиги Жамоат хавфсизлиги департаменти Йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати бошлиғи О.Саидов. — Шулардан 928 миллиард 4 миллион 993 минг сўми фото ва видео махсус воситалар орқали аниқланган. 287 минг 969 та ҳолатдаги қоидабузарликлар жисмоний ва юридик шахсларнинг автотранспорт воситаларини кузатув воситаси орқали қайд этилиб, қоидабузарларга нисбатан 87 миллиард 508 миллион сўм миқдорида жарима жазоси қўлланилган. 

Шу билан бирга йўлларда йўл транспорт ходисларининг олидини олиш мақсадида Ички ишлар вазирлиги томонидан республика бўйича 94 та умумфойдаланиш автомобиль йўлларидаги пиёдалар ўтиш жойлари замонавий ёритиш воситалари билан жиҳозланди, 388 та пиёдалар ўтиш жойларидаги светофорларнинг ёниш вақти пиёдаларнинг устунлиги инобатга олинган ҳолда ўзгартирилди. 

Эшитувда депутатлар йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш бўйича фаолият самарадорлигини баҳоловчи асосий кўрсаткичларга алоҳида эътибор қаратди. Ушбу соҳада бир қатор ижобий ўзгаришлар билан бирга мавжуд тизимли муаммолар ва камчиликлар ҳам таъкидлаб ўтилди. 

Болалар иштирокидаги йўл транспорт ҳодисаларига эътибор қаратилиб, бугунги кунда мактаб ўқувчиларига йўл ҳаракати қоидалари, шу жумладан велосипед ҳайдаш ва йўллардан ўтиш кўникмаларини такомиллаштириш талаб даражасида эмаслиги танқид қилинди. Умумтаълим мактабларида йўл ҳаракати, ёнғин хавфсизлиги, фавқулодда вазиятларда ҳаракатланишни ўз ичига қамраб олган фанни жорий этишга етарли эътибор қаратилмаётганлиги жиддий эътирозларга сабаб бўлди. 

Шунингдек, муҳокамаларда мамлакатимиздаги жами 286 та жарима майдончасининг 116 таси асфальт қопламаси билан қопланмаганлиги, 107 тасида эвакуаторлар ҳамда аксариятида кузатув камераларининг мавжуд эмаслиги танқид қилинди. 

Депутатларнинг фикрига кўра, йўл ҳаракати хавфсизлиги соҳасида тизимли таҳлил ишлари олиб борилмаганлиги натижасида йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлашда қатор муаммолар келиб чиқмоқда. Ваҳоланки, “Йўл харитасида” Давлат йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати қошида йўл ҳаракати хавфсизлиги муаммолари билан шуғулланувчи Илмий тадқиқот маркази тузиш юзасидан белгиланган вазифанинг ижроси таъминланмаган. 

Эшитувда йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш ва йўл-транспорт ҳодисалари профилактикаси тизимини такомиллаштириш бўйича олиб борилаётган ишлар кўламини янада кучайтириш, соҳадаги норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни такомиллаштириш, бу борада таъсирчан парламент назоратини олиб бориш зарурлиги таъкидланди. Билдирилган тафлиф-мулоҳазалар асосида тегишли қарор қабул қилинди. 

Муҳтарама Комилова, ЎзА