Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
“Йўл” фильми ёш педагог жасоратидан сўзлайди
09:16 / 2025-09-28

Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги томонидан устозларнинг фидойи меҳнатлари, улар босиб ўтаётган машаққатли йўл ҳамда интилувчан ва иқтидорли ёш педагогларнинг ташаббусларига бағишланган “Йўл” фильми тақдимоти бўлиб ўтди.

Мазкур ҳужжатли фильм “Нажот” лойиҳаси доирасида суратга олинган бўлиб, унда бухоролик устоз Биллура Икромованинг ҳаёти ҳақида жуда самимий ва таъсирчан тарзда ҳикоя қилинади.  

Тадбир Абдулла Авлоний номидаги Педагогик маҳорат миллий институтида ташкил этилди. Тақдимот аввалида меҳмонлар институт фаолияти, музей ва кутубхона билан танишишди.

Шунингдек, тадбир иштирокчилари билан “Уйингиз ва ишингиз орасидаги масофа қанча?” мавзусида жонли сўровнома ҳам бўлиб ўтди. Таъкидлаш жоизки, Биллура иш жойига қадар 250 км масофа босиб ўтади.  

Тақдимот тадбирида Ўзбекистон Республикаси мактабгача ва мактаб таълими вазири Эъзоза Каримова, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Фан, таълим, маданият, спорт ва ёшлар масалалари қўмитаси раиси Нодир Жумаев ва бошқалар бугунги кунда Президентимиз Шавкат Мирзиёев томонидан мамлакатимизда устоз ва мураббийлар учун яратилаётган шароитлар уларни янада самарали меҳнат қилишга чорлаётганини таъкидладилар.  

Шундан сўнг фильмнинг расмий намойишига старт берилди ва фильм қаҳрамони – Биллура Икромова иштирокида очиқ мулоқот бўлиб ўтди.  

Мазкур ҳужжатли картина ғоят лўнда, равон ва самимий йўсинда ишлангани билан диққатга сазовордир.  

Фильмда Бухоро вилоятининг Когон шаҳрида туғилиб, оддий мактабда таҳсил олган Биллура Икромованинг ўз мақсадлари сари дадил бориши, қийинчиликларни муносиб тарзда енгиб ўтиши, она-онаси, халқимиз, Президентимиз ишончини оқлаши ҳақида ҳақида ҳикоя қилинади.

Биллура дастлаб Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университетида таҳсил олиб, кейинчалик оилавий шароити мураккаб бўлгани боис ўқишни Бухоро давлат университетида давом эттиради. “Эл-юрт умиди” жамғармаси орқали Буюк Британиянинг энг нуфузли олийгоҳида ўқишга мушарраф бўлган қиз ўқишни тамомлаб, Ўзбекистоннинг энг чекка ҳудудида оддий ўқитувчи бўлиб фаолият олиб боради. Ҳар куни Когондан Ромитан туманидаги энг олис 38-мактабга қатнаш учун 250 километр йўлни эринмай босиб ўтади. У келган пайтда 45 нафар ўқувчи таҳсил оладиган ушбу мактаб ўн йиллар давомида инглиз тили ўқитувчисиз фаолият кўрсатарди. Турли нуфузли вазирлик ва идоралардан Биллурани ишга таклиф этиб туришган бир пайтда ёш педагог қизнинг олис ва шароити ўта оғир мактабда ўқитувчилик қилиши, халқаро фан олимпиадалар учун ўқувчиларни тайёрлаши, қўлланмалар яратиши, илмий изланишлар олиб бориши чиндан ҳам улкан маънавий жасорат, ибрат олишга арзигулик қаҳрамонликдир.

Давлатимиз раҳбари Ўқитувчи ва мураббийлар куни арафасида соҳа ходимлари билан ўтказилган мулоқотда Ромитан туманидаги 38-мактабнинг инглиз тили фани ўқитувчиси Биллура Икромова бошлаган эзгу ишни алоҳида эътироф этди. Президентимизнинг “Бугунги тадбиримизда ўзи ёш бўлишига қарамасдан, юзлаб ўғил-қизларимизни юқори марраларга етаклаётган когонлик қизимиз Биллура Икрамова ҳам қатнашяпти. Биллура қизимиз ТОП-200 таликка кирадиган Буюк Британиянинг Рединг олийгоҳини битириб, катта-катта идоралардан бўлган таклифларни рад этиб, Ромитаннинг энг чекка қишлоғидаги мактабда инглиз тилидан дарс бермоқда,” деган сўзлари юртимизнинг барча ўқитувчилари қалбида чуқур из қолдиргани аниқ.

Биллура Fullbright ТЕА дастури иштирокчиси, TESOL, ESOL ва IELTS (C1) каби нуфузли халқаро сертификатлар соҳибаси, қишлоқ қизлари учун менторлик лойиҳаси ташаббускори.

Унинг ташаббуси билан йирик грантлар учун лойиҳалар тайёрланиб, юзлаб ёшлар хорижда таълим олиш ва ижтимоий дастурларда иштирок этиш имкониятига эга бўлди.

Бу фидойи муаллимага юксак ишонч рамзи ва меҳнатларининг эътирофи сифатида “Президент совғаси” – BYD CHAZOR автомобили тантанали тарзда топширилди.

-  Оддий ўқитувчиси қаҳрамон даражасига кўтарилган шундай юртда яшаётганимдан, унинг равнақига ҳисса қўшаётганимдан беҳад мамнунман, - деди Бухоро вилоятининг Ромитан туманидаги 38-мактабнинг инглиз тили ўқитувчиси Биллура Икромова. – Ўқитувчилар учун яратилаётган ҳар бир имконият ва шароит менинг ҳам меҳнат фаолиятимда ўзининг ёрқин ифодасини топмоқда. Менинг таълим олишим йўлида ота-онам чеккан заҳматлари ўзимгагина аён. Ватаним, ота-онам, халқим ишончини оқлашга астойдил ҳаракат қиламан.

-  Юртимизда қаҳрамон сифатида, ибрат сифатида кўрсатишга арзигулик ўқитувчилар жуда кўп, - деди фильм лойиҳа раҳбари, таниқли журналист Инобат Аҳатова. – Келгусида “Нажот” лойиҳаси доирасида айнан шундай жасоратли, касбига содиқ устозлар ҳақида яна кўплаб фильмлар яратиш ниятимиз бор.

Айтиш керакки, “Йўл” фильмининг ғоя муаллифи – Ҳилола Умарова. Лойиҳа раҳбари – Инобат Аҳатова, сценарий муаллифи – Сирожиддин Рустамов. Постановкачи режиссёр – Отабек Йўлдошев, постановкачи оператор -  Илёс Исломов. Бадиий раҳбар – Эъзоза Каримова.  

Тадбир сўнггида иштирокчиларнинг барча саволларига масъуллар томонидан батафсил жавоб берилди.  

Назокат Усмонова, ЎзА