Ёғоч тахталари остида яширилган 118 литр алкоголь маҳсулотлари фош этилди
Маълумки, жисмоний шахслар томонидан божхона чегараси орқали товарларни олиб ўтишнинг амалдаги тартибларига кўра, жисмоний шахслар мамлакатимизга алкоголь маҳсулотлари, шу жумладан пивони 2 литргача божсиз олиб киришлари мумкин.
Аммо айрим фуқаролар томонидан ушбу меъёрларга риоя қилмасдан, белгиланган меъёрдан ортиқ алкоголь маҳсулотларини олиб киришга бўлган уринишлар учрамоқда.
Юртимизга ўтиш учун “Ғишткўприк” чегара божхона постига фуқаро бошқарувида кириб келган енгил автотранспорт воситаси божхона кўригидан ўтказилганида автоуловнинг тиркама қисмидаги ёғоч тахталари остида божхона назоратидан яширилган 118 литр алкоголь маҳсулотлари аниқланди.
Ҳозирда юқоридаги ҳолатлар юзасидан суриштирув ҳаракатлари давом этмоқда.
Ш.Маматуропова, ЎзА