Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Йога – мустаҳкам соғлиқ гарови
18:14 / 2022-06-21

Бугун пойтахтимиздаги Ботаника боғида “Халқаро йога куни”ни нишонлаш, бой тарихий ва маданий меросни, соғлом турмуш тарзини, маданиятлар хилма-хиллигини тарғиб этиш мақсадида соғломлаштириш акцияси ўтказилди.

Мазкур тадбирда Ўзбекистон Йога федерацияси раиси, Спортни ривожлантириш вазири, Ҳиндистоннинг мамлакатимиздаги Фавқулодда ва мухтор элчиси, Лаъл Баҳодур Шастри номидаги ҳинд маданият маркази директори ҳамда юртимизда ШҲТнинг Халқ дипломатияси маркази вакиллари иштирок этди. 

Ушбу машғулот аввалида юртимизда давлат томонидан соғлом турмуш тарзини оммалаштириш масалаларига катта аҳамият берилаётгани, мазкур соғломлаштириш акцияси ўзбек-ҳинд муносабатларини янада мустаҳкамлаши, икки халқ ўртасидаги маданият хилма-хиллигига ҳамда ўзаро ҳурмат тамойилини янада оммалаштиришга ҳизмат қилиши таъкидланди. 

Йога – қадимдан ҳаётда яхлитликни топиш ва жисмоний саломатликни мустаҳкамлаш имконини берувчи машғулотдир. Қолаверса, мазкур машғулот инсонларнинг ёши, жинси, диний эътиқоди ва жисмоний тайёргарлигидан қатъий назар барчага мос келадиган ҳамда дунёда тобора кенг тарқалаётган машғулотлардан биридир. 

Бундан ташқари, йога ички гармонияни топиш ва барча органларнинг ишини яхшилаш имконини беради. Йога фаласафаси зарарли одатлардан қутулиш ва соғлом турмуш тарзига эришишга ёрдамлашади. 

Машғулот давомида 3 мингдан зиёд йога ихлосмандларига Тошкентдаги Лаъл Баҳодур Шастри номидаги ҳинд маданият маркази вакили, Йога бўйича ўқитувчи-мутахассис  томонидан маҳорат дарси намойиш этилди. 

Дарвоқе, пойтахтимизда жойлашган Лаъл Баҳодур Шастри номидаги Ҳиндистон маданият маркази кўп йиллардан буён фаолият юритиб келмоқда. Ушбу марказ ҳинд тили, маданияти, урф-одатлари билан яқиндан танишиш истагида бўлганлар учун доимо очиқ. Шу ўринда, марказ Ўзбекистоннинг бошқа ҳудудларида ҳам халқларимиз ўртасидаги маънавий алоқани янада ривожлантиришга қаратилган кўплаб маданий-маърифий тадбирлар ташкил этиб келади. 

Ишонч билан айтиш мумкинки, бу каби тадбирлар икки мамлакат ўртасидаги кўп асрлик дўстона ҳамкорликка асосланган юксак даражадаги сиёсий ва дипломатик алоқаларни янада юқори босқичга кўтаради. 

Зеро, Ўзбекистон ва Ҳиндистонни кўп асрлик тарихий, маданий-маънавий алоқалар боғлаб туради. Минг йиллар давомида икки халқ маданияти бир-бирига уйғун тарзда шаклланган ва ривожланган. Aйниқса, адабий мерос ва халқ оғзаки ижодида уйғун жиҳатлар кўп. Жумладан, Aлишер Навоий, Мирзо Ғолиб каби буюк алломаларимиз икки халқ учун бирдай машҳур ва ардоқли. 

Улуғбек Маҳмирзаев, ЎзА