Йод танқислиги касалликлари патологик ҳолат бўлиб, қалқонсимон безнинг дисфункцияси билан боғлиқ ҳолда организмда йоднинг етарли даражада истеъмол қилинмаслиги билан боғлиқ жараён ҳисобланади.
Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти йод танқислигини ўткир глобал тиббий-ижтимоий ва демографик муаммо деб ҳисоблайди. Мутахассисларнинг сўзларига кўра, дунё аҳолисининг учдан бир қисмидан кўпроғида йод танқислиги касалликлари ривожланиш хавфи юқори. Шу билан бирга 740 миллион аҳолида бўқоқ кўринишлари мавжуд бўлса, 50 миллион аҳоли мия дисфункцияси ва ақлий заифликка эга.
Йод танқислигига қарши кўп йиллик кураш олиб борилаётганига қарамасдан ҳанузгача дунёнинг кўплаб мамлакатларида, жумладан, Ўзбекистонда ҳам йод танқислиги муаммоси тўлиқ ҳал этилмаган. Ҳозирга келиб Ўзбекистон шароитида аҳолиси йод танқислиги билан боғлиқ касалликларга чалиниш хавфи бўлмаган ҳудуд йўқ. Негаки республиканинг шу кунгача ўрганилган барча ҳудудларида аҳоли рационида йод танқислиги мавжудлиги кузатилган.
Бу ҳақда АОКАда ўтказилган брифингда Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати бошлиғи ўринбосари Нурмат Отабеков маълумот берди.
Aкадемик Я.Х.Тўрақулов номидаги Эндокринология РИИАТМ томонидан республиканинг барча ҳудудларида олиб борилган тадқиқотларга кўра, фуқаролар томонидан кунлик ўртача йод истеъмоли сезиларли даражада камайган бўлиб, бор-йўғи 32-64 мкг ни ташкил этади. Зарур бўлган минимал миқдори эса 150-200 мкгга тенгдир.
ЖССТ фикрига кўра, эндемик бўқоқнинг спорадик шакллари 5 фоизга камайишига эришилса, у ҳолда йод танқислиги касаллиги тўлиқ бартараф қилинган ҳисоблансада, Ўзбекистон Республикасида бугунги кунда йод танқислиги оғир ҳудуд бўлиб қолмоқда.
Аслида йодга бўлган эҳтиёж чақалоқларда кунига 50 мкг, 1 ёшдан 6 ёшгача бўлганларда 90 мкг, 7 ёшдан 10 ёшгача бўлганларда 120 мкг, ўсмирлар ва катталарда 150 мкг ни ташкил қилади. Ҳомиладорлик ва лактация даврида йодга бўлган эҳтиёж кунига 200-300 мкг гача ортади, чунки она организми йодни ҳомила ёки эмизикли бола билан бўлишади.
Танадаги йодни истеъмол қилишнинг мўътадил камайиши ва қонда қалқонсимон гормонлар концентрациясининг пасайиши шароитида ҳам боланинг мияси ривожланишининг бузилиши содир бўлиши, яъни йод танқислиги билан боғлиқ оғир клиник касалликлар, хусусан эндемик бўқоқ ва кретинизм, ақлий заифлик, перинатал ва чақалоқлар ўлимининг кўпайиши кабилар кузатилиши мумкин.
Йод танқислиги туғма гипотиреоз билан касалланиш даражасини оширади, ҳомила ва янги туғилган чақалоқларда миянинг қайтарилмас шикастланишига, ақлий заифликка олиб келади. ЖССТ экспертларининг фикрича, йод танқислиги ақлий заифликнинг энг кенг тарқалган сабаби бўлиб, фақат оқилона ёндашиш орқали унинг олдини олиш мумкин. Aммо унутмаслик керакки, йод танқислиги мавжуд бўлган ҳудудларда яшовчи барча аҳолининг интеллектуал салоҳияти пасайиши бу муқаррар ҳисобланади.
Жаҳонда йод танқислигини бартараф этиш билан шуғулланадиган нодавлат нотижорат ташкилоти маълумотига кўра, дунёнинг 96дан ортиқ мамлакатида тузни мажбурий йодлаш стратегияси мавжудлиги ва унинг қонунчиликда белгилаб қўйилгани ҳозирги пайтда ушбу муаммони ҳал қилиш йўлларидан бири бўлиши мумкин.
Туз каби маҳсулотни йодлаш тасодифан танланмаган. Йодланган ош тузини ишлаб чиқариш, сотиш ва истеъмол қилиш соҳасида самарали ҳуқуқий ва ташкилий асосларни қабул қилиш, аҳолини фақат йодланган ош тузи билан таъминлаш борасида таъсирчан чора-тадбирларни кўриш, аҳолида ўз соғлиғи учун масъулиятни шакллантириш, йодланган ош тузини истеъмол қилишнинг афзалликлари, инсон саломатлигини тўлиқ ҳимоя қилиш имконияти мавжудлиги, қўл остимиздаги маълумотларга таянган ҳолда йод танқислиги билан касалланишни камайтириш чораларини кўриш, ижтимоий-иқтисодий ривожланишни жадаллаштирибгина қолмасдан, пировардида, мамлакат аҳолиси фаровонлигини оширишга ёрдам беради.
Ўзбекистонда бугунги кунга 102 та йодланган ош тузини ишлаб чиқариш ва қадоқлаш корхона, цехлари фаолият юритади. Ҳудудий санэпидхизматларининг қарори билан лаборатория текширувлари учун олинган ош тузи намуналаридан талабга жавоб бермаганларининг реализацияси тўхтатилди.
Жумладан Андижон вилояти Андижон тумани “CAMARA SALT GROUP” ОКдан 4,8 тонна, Фарғона вилояти Марғилон шаҳар “Марғилон Элит туз” МЧЖдан 2 тонна, Тошкент вилояти Зангиота тумани “Покиза Туз Савдо” МЧЖдан 2 тонна, Сурхондарё вилояти Шеробод туманидаги “Чорбоғ Баракали Туз” МЧЖдан 15,5 тонна, “Улуғбек Жовлиев” оилавий корхонасидан 10 тонна, “Эмин Оға” хусусий корхонасидан 10 тонна, “Муштарийбону Нилуфар Файз” корхонасидан 2 тонна ош тузи реализацияси тақиқланиб, жаъми 70 тонна туз қайта йодлаш бўйича корхона раҳбарларига тегишли кўрсатмалар берилди.
Моҳигул Қосимова, ЎзА