Болаларда йод етишмаслиги жуда кўп кузатилаётган ҳолатдир. Бу болада ақлий қобилиятни, жисмоний ривожланишни, қолаверса бўқоқ, қалқонсимон бези билан боғлиқ касалликларни кўпайишига сабаб бўлади. Давлатимиз бу масалага ҳам алоҳида эътибор қаратиб, 6-23 ойлик болаларни микронутриент кукунлари, 2-10 ёшдаги болаларни гельминтоз, 3-15 ёшдаги болаларни эса йод препаратлари билан бепул таъминлашда ҳам амалий ишлар олиб бормоқда.
Ишларнинг ижроси сифатида “Чоршанба – йод препаратларини ичириш куни” тадбирлари республикамизнинг бошқа вилоятларида бўлгани каби Сирдарё вилоятида ҳам бошланган. Шу мақсадда, Сирдарё вилояти соғлиқни сақлаш бошқармаси тиббиёт ходимлари Сирдарё вилояти мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси ходимлари билан ҳамкорликда шаҳардаги 4-умумтаълим мактаби, 8-давлат мактабгача таълим муассасаси ва шаҳардаги бошқа, шу турдаги муассасаларда тарғибот тадбирлари ташкил этилди.


– Бу борадаги ишлар нафақат бир кун, йил давомида узлуксиз давом эттирилади, – дейди Сирдарё вилояти соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғининг оналик ва болаликни муҳофаза этиш бўйича ўринбосари Файзулла Мавлонов. – Муҳими бу каби тадбирлар йод танқислиги сабаб келиб чиқаётган соғлиқ билан боғлиқ кўпгина муаммоларни олдини олишга, қолаверса болажонларни ақлан теран, жисмонан бақувват, соғлом камолга етишига катта ёрдам беради. Ўйлаб кўриб, айтадиган бўлсак, ҳамма вақт ҳам ота-оналар ўз фарзандларига йод препаратларини харид қилиб уни ўз вақтида беролмайди. Йод препаратлари билан бепул ва узликсиз таъминлаш, болаларда учраётган ақлий қобилиятни бузилиши, жисмоний ривожланиш, қолаверса бўқоқ, қалқонсимон бези билан боғлиқ касалликларни олдини олиш мақсадида ташланган муҳим қадамлардан бири бўлди.


Шуҳрат Суяров, ЎзА мухбири.