Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Йирик қонунбузилиш ҳолатларининг олди олинди
13:41 / 2025-06-10

Маълумки, Ўзбекистонга қимматбаҳо тошлардан ва металлардан ясалган заргарлик буюмларини чегара божхона постлари орқали олиб кириш ва ундан олиб чиқиш бевосита амалдаги қонунчиликда белгиланган меъёрлар асосида тартибга солинади.

Хусусан, жисмоний шахслар мамлакатимиз ҳудудига ўз эҳтиёжлари учун 65 граммгача бўлган заргарлик буюмларини олиб киришлари мумкин. 65 граммдан кўп бўлган заргарлик буюмларини олиб кириш эса, бевосита божхона тўловларини тўлаган ҳолда амалга оширилади. Божхона тўловлари миқдори қонунчиликда қайд қилинган асосда белгиланади. Тўловлар миқдори олиб кирилаётган заргарлик буюмлари тури ва вазнига кўра ўзгаради.  

Мисол учун, жисмоний шахс томонидан Ўзбекистон ҳудудига оғирлиги 100 гр бўлган заргарлик буюми олиб кирилаётган бўлса, 100 граммнинг 65 граммига имтиёз қўлланилади, яъни ҳеч қандай божхона тўлови ундирилмайди, қолган 35 грамм заргарлик буюми учун меъёрий ҳужжатларда белгиланган тартибда божхона тўлови ундирилади.  

Бунда бож миқдори олиб кирилаётган заргарлик буюмининг қандай қийматдаги металлдан ясалгани, ундаги тош қиймати инобатга олинган ҳолда белгиланади. Тижорат мақсадларида заргарлик буюмларини олиб кириш бевосита божхона юк декларациясини расмийлаштирган ҳолда амалга оширилади.  

Бироқ, баъзи юртдошларимиз томонидан қимматбаҳо заргарлик буюмларини чегара божхона постлари орқали Ўзбекистонга олиб кириш ва ундан олиб чиқишда амалдаги меъёрларга риоя этилмаётгани учраб турибди.  

Бу борада “Тошкент халқаро аэропорти” божхоначилари томонидан йирик қонунбузилиш ҳолатларининг олди олинмоқда.  

Хусусан, “Тошкент-АЭРО” ИБК тезкор тузилмалари томонидан олдиндан олинган тезкор маълумотларга асосан, Дубай-Тошкент йўналиши бўйича биргаликда учиб келган уч нафар фуқарони белгиланган тартибда божхона назоратидан ўтказиш жараёнида мазкур фуқаролар томонидан яширилган, божхона ходимларининг оғзаки сўровида маълум қилинмаган заргарлик буюмлари борлиги фош бўлди.  

Аниқланган заргарлик буюмларининг умумий оғирлиги 781 граммни, тахминий ҳисоб-китобларга кўра қиймати эса салкам 970 миллион сўмни ташкил этмоқда.  

Ҳозирда ушбу заргарлик буюмлари ашёвий далил сифатида сақловга олиниб, ҳолат юзасидан суриштирув ишлари олиб борилмоқда.  

Ш.Маматуропова,  

ЎзА