Президент Шавкат Мирзиёевнинг 2024 йил 14 март куни Сирдарё вилояти, хусусан Сайхунобод туманига ташрифи чоғида ўтказилган йиғилишда қишлоқ хўжалигининг муҳим тармоғи бўлган паррандачилик соҳасини ривожлантириш, янги иш ўринлари яратиш ва озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш юзасидан аниқ вазифалар белгилаб берилган эди.
Мазкур топшириқлар ижроси доирасида туманнинг “Ўзбекистон” МФЙ ҳудудига қарашли 13 гектар ер майдонида “Qaynar” хусусий корхонаси томонидан умумий қиймати 5 миллион АҚШ долларига тенг йирик паррандачилик лойиҳасини амалга ошириш ишлари бошлаб юборилганди.
Аҳамиятли жиҳати шундаки, лойиҳа тўлиқ ишга туширилгандан сўнг йилига 28 миллион дона бройлер жўжа ва 30 миллион дона инкубацион тухум ишлаб чиқариш йўлга қўйилади. Бу ички бозорни сифатли маҳсулот билан таъминлаш баробарида экспорт салоҳиятини ҳам оширишга хизмат қилади.

Айни вақтда инвестор томонидан лойиҳанинг биринчи босқичи амалга оширилди. Унга кўра, ҳар бири 8 750 бош, жами 35 минг бош наслли паррандага мўлжалланган 4 та замонавий бино қурилиб, фойдаланишга топширилди. Барча бинолар халқаро стандартлар асосида жиҳозланган бўлиб, биохавфсизлик тизими, микроклимат назорати ва автоматлаштирилган бошқарув йўлга қўйилган.
Келгусида бинолар сони 14 тага етказилиб, 122,5 минг бош наслли парранда парваришлаш имконияти яратилади. Бу ишлаб чиқариш ҳажмини барқарор ва узлуксиз таъминлаш, туман ички бозорида парранда гўшти ва тухумига бўлган талабни тўлиқ қондириш ҳамда экспорт ҳажмини ошириш имконини беради.

Лойиҳа доирасида паррандачилик ва чорвачилик учун автоматлаштирилган озиқлантириш, ичимлик суви тизимлари, ҳаво алмашинувини назорат қилиш, иқлим бошқаруви ҳамда бошқа ишлаб чиқариш ускуналарини ишлаб чиқарувчи Хитойнинг Big Herdsman компаниясидан 1,6 миллион долларлик замонавий ускуналар олиб келиниб, ишлаб чиқариш жараёнига жорий этилди. Ушбу технологиялар орқали озиқлантириш, сув билан таъминлаш, ҳарорат ва намликни назорат қилиш жараёнлари автоматлаштирилган. Бу инсон омилини камайтириш, меҳнат унумдорлигини ошириш ва маҳсулот сифатини барқарор даражада таъминлаш имконини яратади.
Шунингдек, Венгриянинг дунёда тан олинган Aviagen компанияси билан ҳамкорлик ўрнатилди. Ҳамкорлик натижасида ўтган йил сентябрь ойида 70 минг 200 бош “Ross-308” наслига мансуб парранда олиб келинган бўлса, жорий йилнинг 14 март санасида яна 51 минг бош жўжа келтирилади. Лойиҳа тўлиқ ишга тушгач, ушбу турдаги паррандалар сони 5 миллион бошга етказилиши режалаштирилган.

Айни пайтда келтирилган зотли паррандалар уч босқичли ёш тоифасида бўлиб, биринчи босқичдаги 24 минг бош она товуқ ҳисобидан кунига ўртача 15–16 минг дона тухум олинмоқда. Йил охирига бориб корхонанинг кенгайиши, янги зотдор она товуқлар келтирилиши ҳамда уларнинг тухумлари асосида инкубация усулида очириладиган жўжалар ҳисобига мазкур кўрсаткични бир неча баробар ошириш режалаштирилган. Юқори генетик салоҳиятга эга насллар ишлаб чиқариш самарадорлигини ошириш, озуқа сарфини қисқартириш ва маҳсулот сифатини халқаро стандартларга мослаштиришда муҳим аҳамият касб этади.
– Лойиҳани амалга оширишдан олдин бозор конъюнктураси, талаб ва таклиф мутаносиблиги, иқтисодий хавфлар атрофлича таҳлил қилинди, – дейди корхона раҳбари Камолиддин Бобохонов. – Бугунги кунда нафақат жаҳонда, балки мамлакатимизда ҳам оқсилга бой озиқ-овқат маҳсулотларига, хусусан товуқ гўшти ва тухумига талаб изчил ўсиб бормоқда. Шу омиллар, шунингдек, тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш бўйича яратилаётган имконият ва имтиёзлар мазкур лойиҳани амалга оширишда муҳим туртки бўлди.

Йил якунига қадар ойига 1 миллион бош жўжа ишлаб чиқариш қувватига эга замонавий инкубаторияни ишга тушириш режалаштирилган. Бу наслли паррандадан тортиб тайёр жўжа ишлаб чиқаришгача бўлган тўлиқ даврни шакллантириш, ташқи бозорга қарамликни камайтириш ва импорт ўрнини босиш имконини беради.
Ишлаб чиқариш жараёнлари тўлиқ рақамлаштирилган. Ҳар бир парранданинг ҳолати, соғлиғи ва маҳсулдорлиги замонавий технологиялар орқали доимий мониторинг қилинади. Автоматлаштирилган дастурлар орқали озуқа ва сув бериш меъёрлари белгилаб берилади, микроклимат барқарор сақланади. Бу ишлаб чиқариш харажатларини камайтириш, йўқотишларнинг олдини олиш ва юқори натижадорликка эришишга хизмат қилмоқда.

Парранда саломатлигини таъминлаш мақсадида ветеринария мутахассислари Украинадан жалб этилган. Улар томонидан профилактика ишлари, вакцинация ва биохавфсизлик чоралари халқаро стандартлар асосида амалга оширилмоқда. Шу билан бирга, озуқа таъминоти ҳам пухта йўлга қўйилган: буғдой, соя, кунгабоқар уруғи ва бошқа компонентлар асосида махсус паррандабоп омухта ем ишлаб чиқарилмоқда. Бу харажатларни қисқартириш билан бирга, қўшимча даромад манбаи яратишга ҳам хизмат қилмоқда.
Лойиҳа доирасида ҳозирга қадар 32 та янги иш ўрни яратилган бўлса, корхона тўлиқ ишга тушгач, ишчи-хизматчилар сони 50–60 нафарга етказилади. Ишчилар учун муносиб меҳнат шароитлари яратилган: дам олиш ва ювиниш хоналари мавжуд, ўртача ойлик маош 3,5 миллион сўмни ташкил этади, ходимлар кунига уч маҳал иссиқ овқат билан таъминланади. Бу маҳаллий аҳоли бандлигини таъминлаш, даромадларни ошириш ва ижтимоий барқарорликни мустаҳкамлашга хизмат қилмоқда.
Шунингдек, туман ҳокимлиги томонидан қўшимча 7 гектар ер майдони ажратиш режалаштирилган бўлиб, унда паррандалар учун зарур озуқа хомашёсини мустақил етиштириш кўзда тутилган. Бу ишлаб чиқариш таннархини пасайтириш, ташқи бозор таъсирини камайтириш ва барқарорликни таъминлашга хизмат қилади.
Умуман олганда, Сирдарё вилояти, хусусан Сайхунобод туманида амалга оширилаётган мазкур йирик паррандачилик лойиҳаси замонавий агросаноат инфратузилмасини шакллантириш, илғор технологияларни жорий этиш, ички бозорни сифатли маҳсулот билан таъминлаш ҳамда экспортбоп ишлаб чиқаришни йўлга қўйишда муҳим қадам бўлиб хизмат қилмоқда. Лойиҳанинг босқичма-босқич кенгайиши эса унинг узоқ муддатли ва барқарор ривожланишини таъминлайди.
Ғулом Примов, ЎзА мухбири