Қазақ
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Йирик лойиҳалар ижроси назоратда
14:24 / 2026-02-11

Бухоро шаҳри ва тумани ҳудудларида амалга оширилаётган йирик инвестиция лойиҳаларини қўллаб-қувватлаш, улар фаолиятида юзага келаётган муаммоларни аниқлаш ҳамда ўз вақтида бартараф этиш мақсадида Бухоро вилоят прокурорининг ўринбосари И. Расулов бошлиқ ишчи гуруҳ ўрганиш ишларини олиб борди.

“Risolt” МЧЖ ҚК томонидан Бухоро туманида жойлашган “Ғиждувон” эркин иқтисодий зонаси ҳудудида амалга оширилаётган “пиролиз технологияси орқали бензол, толуол, ксилол, пентан, гексан, битум ҳамда кальций хлорид ишлаб чиқаришни ташкил этиш” инвестиция лойиҳаси 2024–2027 йиллар давомида босқичма-босқич ишга туширилиши режалаштирилган. Лойиҳа ишга туширилиши натижасида ҳудудда юқори қўшимча қийматга эга кимёвий маҳсулотлар ишлаб чиқариш йўлга қўйилиб, импорт ўрнини босувчи маҳсулотлар ҳажми ошиши, янги иш ўринлари яратилиши ва маҳаллий иқтисодиётнинг саноат салоҳияти мустаҳкамланиши кўзда тутилган.

“Petrochem Sepehr” МЧЖ ҚК томонидан Бухоро туманидаги “Ғиждувон” эркин иқтисодий зонаси ҳудудида амалга оширилаётган яна бир йирик стратегик лойиҳа – “нефт ва нефт маҳсулотларини қайта ишлаш орқали дизел ёнилғиси ва бензин ишлаб чиқаришни ташкил этиш” инвестиция лойиҳаси ҳам 2024–2027 йилларда амалга оширилиши режалаштирилган бўлиб, унинг ишга туширилиши ҳудудда ёқилғи-энергетика соҳасидаги ишлаб чиқариш қувватларини кенгайтириш, ички бозорни сифатли маҳсулот билан таъминлаш ҳамда энергетик хавфсизликни мустаҳкамлашга хизмат қилади.

Ўрганиш жараёнида ижтимоий соҳага қаратилган муҳим инвестиция лойиҳалари ижросига алоҳида эътибор қаратилди. Жумладан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 24 февралдаги “Осиё тараққиёти банки иштирокида ‘Перинатал хизматларни такомиллаштириш’ инвестиция лойиҳасини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига мувофиқ, Бухоро шаҳридаги перинатал марказга етказиб берилган замонавий тиббий асбоб-ускуналарни ўрнатиш, уларни ишга тушириш ва самарали фойдаланиш ҳолати билан танишилди.  

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 13 майдаги қарорига асосан Ислом тараққиёт банки иштирокида амалга оширилаётган “Ўзбекистон Республикаси онкология муассасаларини модернизация қилиш (II босқич)” лойиҳаси доирасида Республика ихтисослаштирилган онкология ва радиология илмий-амалий тиббиёт маркази Бухоро филиалига етказиб берилган замонавий тиббий асбоб-ускуналарни ўрнатиш ва улардан фойдаланиш ҳолати ҳам ўрганилди.  

Ўрганишлар якунида стратегик аҳамиятга эга ушбу лойиҳаларни амалга ошириш жараёнларини жадаллаштириш, мавжуд тўсиқ ва муаммоларни ўз вақтида бартараф этиш, идоралараро ҳамкорликни кучайтириш ҳамда инвестиция муҳитини янада яхшилаш бўйича тегишли ташкилот ва масъул идораларга аниқ кўрсатмалар берилди.

Зариф Комилов, ЎзА мухбири