Chinese
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Йирик инвестицион лойиҳалар давом этмоқда
20:24 / 2020-04-16

Коронавирус пандемияси одамлар соғлиғига жиддий хавф солиши баробарида, дунё иқтисодиётига ҳам катта зарар етказмоқда.


Коронавирус пандемияси одамлар соғлиғига жиддий хавф солиши баробарида, дунё иқтисодиётига ҳам катта зарар етказмоқда.

Мутахассисларнинг фикрича, жорий йил жаҳон иқтисодиёти кўрсаткичлари камида 3 фоизга пасайиши мумкин.

Мамлакатимизда мана шундай мураккаб шароитда иқтисодий барқарорликни сақлаб қолиш бўйича барча зарур чоралар кўрилмоқда. Жумладан, саноат, қишлоқ хўжалиги ва бошқа бир қатор муҳим йўналишларда юқори ишлаб чиқариш самарадорлигига эришиш борасида бор куч ва имкониятлар ишга солинаётир.

Мамлакатимиз иқтисодиётида муҳим ўрин тутувчи “Олмалиқ кон-металлургия комбинати” акциядорлик жамиятида ҳам карантин қоидаларига қатъий амал қилган ҳолда белгиланган ишлаб чиқариш ва экспорт режасини бажариш, айниқса, йирик инвестицион лойиҳаларни ўз вақтида амалга оширишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Хусусан, комбинат томонидан Ёшлик-1 конини ўзлаштириш лойиҳаси асосида 3-Мис бойитиш фабрикасини барпо этиш ишлари давом этмоқда.

– Бугун бутун дунё коронавирус пандемиясига қарши курашмоқда, – дейди 3-Мис бойитиш фабрикаси дирекцияси бош муҳандиси Азиз Муратов. – Касаллик тарқалишининг олдини олиш мақсадида дирекциямизда ҳам барча зарур чоралар кўрилмоқда. Жумладан, комбинат томонидан антисептик восита ва ҳимоя ниқоблари ажратилди. Ҳар куни ишга келаётган ишчининг тана ҳарорати ўлчаниб, кейин ишлашига рухсат берилмоқда. 

Ниқоб режими қатъий назоратда. Ишчиларнинг ишга ва уйларига келиб-кетиши учун махсус автобус ажратилган. Шунингдек, бир гуруҳ ишчиларга масофадан ишлашга рухсат берилди ва уларга зарур бўлган шароит яратилди. Карантин шароитида ҳамкорларимиз билан ҳам масофадан ишлашни йўлга қўйдик. Улар билан ўзаро фикр алмашиш видеоселектор орқали амалга оширилаяпти.

3-Мис бойитиш фабрикасини қуриш бўйича дастлаб, Россиянинг “ТОМС” илмий-тадқиқот ва лойиҳа институти билан 3-МБФ лойиҳасини ишлаб чиқиш юзасидан шартнома имзоланди. Унга мувофиқ, янги объектнинг муҳандислик-геологик тадқиқотлари ўтказилиб, объект дирекцияси шаҳарчаси бунёд этилди. Шунингдек, бош режа ва ер ишларининг бош режаси тасдиқланиб, рудани майдалаш ва флотация бўйича технологик регламент олиниши таъминланди.

Айни пайтда вертикал режалаштириш бўйича ер ишлари олиб борилмоқда. Ер ишларини бажаришга “DDMAX trans servis” пудрат ташкилоти жалб этилган бўлиб, шу кунга қадар 400 минг метр куб ер ишлари бажарилди. Шунингдек, “Изловчи мажмуавий экспедиция” пудрат ташкилоти ҳам ер ишларига жалб этилиб, мазкур ташкилот томонидан фабрика қуриладиган ер майдонини ўрганиш ишлари олиб борилмоқда. 

“Изловчи мажмуавий экспедиция” пудрат ташкилоти мутахассислари бурғулаш ускуналари ёрдамида ернинг жойлашувини ўрганиб, муҳандислик-геологик изланишлар олиб бормоқда. Бу фабрика пойдеворини қуришда муҳим аҳамият касб этади. Бундан ташқари, қурилиш ишларига “Олмалиқметаллургқурилиш” трести ҳам сафарбар этилган.

“Олмалиқ КМК” АЖ, “SFI Management Group” хориж компанияси, “ТОМС” илмий-тадқиқот ва лойиҳа институти, “Ўзгеорангметлити” ДУКнинг етакчи мутахассислари билан ҳамкорликда 3-МБФ ва унинг чиқиндиларни тўплаш хўжалигини қуриш юзасидан “Йўл харитаси” ишлаб чиқилиб, унга асосан белгиланган вазифалар ҳам ўз муддатида бажарилмоқда. Жумладан, ҳозирги кунда автомобиль транспорти бошқармаси томонидан айни пайтга қадар бир километрга яқин йўл қурилди.

Чиқинди тўплаш хўжалиги учун иккита ҳудуд ажратилган бўлиб, биринчиси 1 минг 420, иккинчиси 1 минг 130 гектар ер майдонини эгаллайди. Йўл қурилиш ишлари якунлангандан сўнг чиқинди тўплаш хўжалигининг асосини ташкил этувчи “Пионер” дамбасини қуришга киришилади.

196 гектардан зиёд майдонни эгаллайдиган, йиллик 60 миллион тонна рудани қайта ишлаш қувватига эга 3-МБФ 2023 йилда тўлиқ ишга туширилиши режалаштирилган. Ишлаб чиқариш жараёнларидаги операциялар харажатларини оптималлаштиришга қаратилган жаҳондаги энг йирик рангли металлургия объектларида татбиқ этилган илғор ва максимал даражадаги муҳандислик ечимларини жорий этиш, “Ёшлик-I” кон майдони рудаларини қайта ишлаш, рудалардан металларни концентрат ҳолатига саралаб ўтказиш кўрсаткичларини тубдан ошириш, 157,5 минг тонна мис, 600 тонна молибден, 15,3 тонна олтин маҳсулотларини ишлаб чиқариш лойиҳанинг пировард мақсади ҳисобланади.

Шу ўринда янги фабрикада қўлланиладиган рудаларни бойитишга тайёрлаш, бойитиш, жамоавий концентратлардан молибденни саралаш ва концентратларни фильтрлаш, пирит концентратларига гидрометаллургик ишлов бериш каби янги технологияларнинг қўлланилишини ҳам алоҳида таъкидлаб ўтиш лозим.

Мухтасар айтганда, айни мураккаб шароитда ҳам комбинатда аввало, карантин қоидаларига қатъий амал қилган ҳолда ишлаб чиқариш, йирик инвестицион лойиҳаларни ҳаётга татбиқ этиш ишлари давом этаётир.