Ўзбекистон Республикаси Марказий банки ташаббуси билан ташкил этилган “Йилнинг энг яхши ёрдамчи агенти” кўрик-танловининг биринчи ва иккинчи босқичи ғолибларини тақдирлаш маросими бўлиб ўтди. Танлов маҳаллаларда банк хизматларини тарғиб қилиш, аҳолининг молиявий саводхонлигини ошириш, шунингдек, ёрдамчи агентлар фаолиятини баҳолаш ва уларни рағбатлантириш мақсадида ўтказилмоқда.
Мамлакатимиздаги маҳаллаларда тадбиркорликни ривожлантириш, аҳолининг иқтисодий фаоллигини оширишга катта эътибор қаратилмоқда. Хусусан, “Кичик бизнесни узлуксиз қўллаб-қувватлаш”, “Оилавий тадбиркорликни ривожлантириш”, “Маҳалла лойиҳаси”, “Бизнесга биринчи қадам” каби бир қатор давлат дастурлари доирасида янги имкониятлар яратилиб, амалиётга татбиқ этилмоқда. Банкларнинг ҳудудлардаги бўлинмаларида махсус “маҳаллабай” ишлаш бўлимлари ташкил этилиб, уларга тегишли “маҳалла банкирлари” бириктирилган. Шу билан бирга маҳаллада фаолият юритаётган ёрдамчи агентлар ҳам жалб қилиниб, аҳоли билан тўғридан-тўғри мулоқот асосида тадбиркорликка жалб қилиш, молиявий хизматлардан фойдаланишни кенгайтириш механизмлари жорий этилди.
Айнан шу фаолиятни қўллаб-қувватлашга хизмат қиладиган “Йилнинг энг яхши ёрдамчи агенти” танлови доирасида илк босқичда Тошкент шаҳри бўйича 585 та маҳалланинг 100 нафар ёрдамчи агенти иштирок этди. Улар орасидан ўз фаолиятида ташаббускорлиги ҳамда аҳоли билан самарали ишлаш қобилияти билан ажралиб турган 36 нафар иштирокчи иккинчи босқичга йўлланма олди. Танловнинг иккинчи босқичида эса 12 нафар сараланган иштирокчи ўз фаолиятини намоён этувчи видеороликлар орқали баҳоланди. Улар ўтказган тақдимотлари орқали маҳаллада олиб бораётган ишлари, аҳолини тадбиркорликка жалб қилиш бўйича кўрсатаётган амалий ёрдами, инновацион ёндашувлари ва ташаббусларини намойиш этди.
Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Марказий банки, “Ўзмиллийбанк” АЖ ҳамда бошқа ҳамкор ташкилотлар вакиллари бу каби танловлар маҳалладаги ёрдамчи агентлар фаолиятини рағбатлантириш, уларнинг билим ва кўникмаларини оширишда муҳим аҳамият касб этишини таъкидлашди.
Тадбир якунида ғолиблар ташкилотчилар томонидан диплом ва эсдалик совғалари билан тақдирланди. Шунингдек, улар учун келгусида малака ошириш курслари ҳамда тажриба алмашиш имкониятлари яратилиши маълум қилинди.
Маълумот ўрнида, танловнинг учинчи босқичида иштирок этаётган ва ғолиб деб топиладиган ёрдамчи агентлар энди республика босқичида иштирок этиш ҳуқуқини қўлга киритади. Бу эса уларга нафақат шахсий фаолиятини янада такомиллаштириш, балки ўз ҳудудида молиявий хизматлардан фойдаланиш даражасини янада оширишда муҳим мотивация бўлиб хизмат қилади.
“Ўзмиллийбанк” АЖ
Матбуот хизмати