English
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
“Йилнинг энг яхши ёрдамчи агенти – 2025” танловининг Республика босқичи ўтказилди
16:35 / 2025-12-23

Ўзбекистон Республикаси Президентининг “2025 йилда аҳоли бандлигини таъминлаш ва камбағалликни қисқартириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ижросини таъминлаш, аҳолига банк хизматларини етказишда ёрдамчи агентларнинг ролини ошириш ва уларнинг касбий салоҳиятини ривожлантириш мақсадида Марказий банк томонидан “Йилнинг энг яхши ёрдамчи агенти – 2025” танлови эълон қилинган эди.

Танловдан кўзланган асосий мақсад ёрдамчи агентларнинг фаолиятини кенг жамоатчиликка намойиш этиш, уларнинг касбий салоҳиятини ривожлантириш ва аҳолига тақдим этилаётган молиявий хизматларнинг сифатини оширишдан иборат. Шу билан бирга, танлов ёрдамчи агентларнинг жамоат олдидаги нуфузини мустаҳкамлаш, банк тизимидаги аҳамиятини ошириш ва уларни рағбатлантириш имконини ҳам яратади.

Танлов 4 босқичда ўтказилди. Биринчи босқичда юртимизнинг 14 та ҳудудидан 27 та тижорат банкидан 4 467 нафар агент иштирок этди. Улар томонидан 1 637 та ёзма иншо ва 2 830 та видеоролик тақдим қилинди. Энг юқори фаоллик Агробанк, Микрокредитбанк Халқ банки, Миллий банк ва Алоқабанк томонидан қайд этилди. Натижада 625 нафар энг фаол агент кейинги босқичга йўлланма олди.

[gallery-26865]

2025 йил 4 сентябрда бошланган иккинчи босқичда агентлар маҳаллаларда, мактаблар, бозорлар ва хонадонларда тарғибот ишларини олиб борди. 4 900 дан ортиқ видеороликлар тақдим қилинди. 208 нафар агент сараланди.

Танловнинг учинчи босқичида иштирокчилар маҳалла банклари билан ҳамкорликда амалга оширган ишларини “pitching” шаклида тақдим этди. Бу уларнинг жамоавий ишлаш, стратегик фикрлаш ва натижани ҳимоя қилиш кўникмаларини баҳолаш имконини берди. 44 нафар агент ва уларга бириктирилган 44 нафар маҳалла банклари республика босқичига йўлланмани қўлга киритди.

Республика босқичида эса бизнес-режа ҳамда тижорат банклари ва ижтимоий лойиҳаларнинг тақдимоти, шунингдек ҳудуддаги фойдаланилмаган захиралардан самарали фойдаланиш ечимлари баҳоланди.  

Бугун “Йилнинг энг яхши ёрдамчи агенти – 2025” Республика танловининг саралаш босқичи бўлиб ўтди. Танлов якунида ғолиб ёрдамчи-агентларга эсдалик совғалари топширилди.  

Шаҳноза Маматуропова, Алимурод Мамадаминов (сурат), ЎзА