Сирдарё вилояти Мактабгача таълим бошқармаси томонидан вилоятдаги барча мактабгача таълим ташкилотларининг тарбиячилари учун "Йилнинг энг яхши тарбиячиси – 2022" касбий кўрик-танловининг вилоят босқичи ўтказилди.
Кўрик-танловда 11 та туман ва шаҳардан жами 55 нафар иштирокчи қатнашди.
"Йилнинг энг яхши тарбиячиси – 2022" касбий кўрик-танлови мактабгача таълим ташкилотларида фаолият олиб бораётган юқори малакали тарбиячиларни аниқлаш ва рағбатлантириш, уларнинг педагогик маҳорати ва ижодий қобилиятини ривожлантириш, илғор тажрибаларни кенг оммалаштириш, педагогик фаолиятнинг нуфузини янада ошириш, касбий фаолиятда соғлом рақобат ва ижодкорлик муҳитини яратишга хизмат қилади.

Тарбиячилар “Энг яхши методист тарбиячи”, “Энг яхши креатив тарбиячи”, “Инновацион ва ахборот технологияларини қўллайдиган тарбиячи”, “Энг яхши лойиҳа муаллифи”, “Моҳир қўл” йўналишларида ўз маҳоратларини кўрсатди. Танлов иштирокчилари 3 та шарт бўйича беллашди.
Якуний хулосаларга кўра, Сардоба тумани 11-ДМТТ методисти Моҳира Бекназарова, Сирдарё тумани 14-ДМТТ тарбиячиси Ҳулкар Усмонова, Мирзаобод тумани 3-ДМТТ тарбиячиси Наргиза Холбўтаева, Гулистон шаҳар 18-ДМТТ тарбиячиси Дилафруз Турдалиева, Гулистон шаҳар 10-ДМТТ тарбиячиси Нафиса Юлчираева ғолиб, деб топилди.
Ғолиблар танловнинг республика босқичида қатнашиш имкониятини қўлга киритди.
Ш.Суяров, Ф.Тошматов (сурат), ЎзА