Chinese
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Йилнинг энг яхши спортчиси бўлишга ким кўпроқ муносиб?
16:53 / 2024-12-12

Жорий йилги спорт мусобақалари мамлакатимиз вакиллари учун кутилган ва кутилмаган натижаларга бойлиги билан ажралиб турди.

Йил давомида Ўзбекистон спортчилари бир қатор жаҳон ва қитъа чемпионатларида, комплекс спорт ўйинларида, нуфузли халқаро турнирларда иштирок этиб, Ватанимиз спорт шуҳратини улуғлагани эътиборли бўлди.

Айниқса, оловқалб спортчиларимизнинг Франция пойтахтида ўтган XXXIII ёзги Олимпия ўйинлари ва XVII ёзги Паралимпия ўйинларида тарихий натижаларни қайд этгани алоҳида аҳамият касб этди.

Ватан шуҳратини улуғлаган истеъдодли спортчиларимиздан Баҳодир Жалолов, Улуғбек Рашитов, Ҳасанбой Дўсматовнинг икки карра Олимпия ўйинлари ғолибига, Акбар Жўраевнинг икки бор Олимпия ўйинлари совриндорига, Диёра Келдиёрованинг ўзбек аёллари орасида биринчи марта тўрт йиллик ўйинларнинг ғолибига айланиши янги Ўзбекистоннинг янги ғалабаларини жаҳонга кўз-кўз этди.

"Париж-2024" Олимпия ўйинларида Ўзбекистон ўз спорт тарихида энг кўп, яъни 19 та спорт тури бўйича 90 нафар спортчи билан иштирок этди. Спортчиларнинг 58 нафари эркак, 32 нафари, яъни 36 фоизи аёллардан иборат бўлгани юртимизда гендер тенглик қоғоз ва рақамларда эмас, амалда акс этаётганини кўрсатди.

Натижаларга эътибор қаратилса, олимпиячиларимиз Париж спорт майдонларида бокс, дзюдо, таэквондо, эркин кураш, оғир атлетика йўналишларида 13 та медалга сазовор бўлди. Унинг 8 таси олтин, 2 таси кумуш, 3 таси бронза эканлиги, Ўзбекистон 200 дан зиёд давлатлар орасида умумжамоа ҳисобида 13-ўринни эгаллагани юртимизда кейинги йилларда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар самара бераётганини англатмоқда.

"Париж-2024" ўйинларида футболчиларимизнинг тарихий ютуққа эришгани – олимпиада йўлланмаларига эга чиққани миллионлар ўйини ишқибозларининг, халқимизнинг чексиз қувончга, ифтихорга чулғанишига олиб келди.

Буни ўйин спорт турларида, хусусан, яшил майдон баҳсларида ўзбек футболчилари муносиб натижаларга эришса бўлиши мумкинлигининг амалий ифодаси бўлди, десак муболаға бўлмайди.

Тимур Кападзе шогирдлари Олимпия ўйинларининг “С” гуруҳида Миср, Испания, Доминикан Республикаси вакиллари билан кураш олиб бориб, ўз гуруҳида Испания билан 1:2, Миср билан 0:1, Доминикан Республикаси билан 1:1 ҳисобидаги натижаларни қайд этгани энди-энди халқаро майдонда ўз сўзини айта бошлаган ўзбек футболининг келажаги ёрқин бўлишига ишора бермоқда, назаримизда.

Худди шунингдек, матонатли паралимпиячиларимизнинг "Париж-2024" ўйинларида ўз жасоратини намойиш этгани, 9 та спорт тури бўйича 65 нафар ирода соҳиблари 113 та паралимпия ўйинлари йўлланмаларини қўлга киритгани, шиддатли беллашувларда 26 та паралимпия ўйинлари медалларига эга чиққани, совринларнинг 10 таси олтин, 9 таси кумуш ва 7 таси бронза бўлгани, бу, умумжамоада 13-ўриндан жой олишимизни таъминлагани мамлакатимизда имконияти чекланган инсонларга давлатимиз томонидан яратилаётган шарт-шароит ва эътибор самарасидир.

Албатта, тўрт йиллик ўйинларда қўлга киритилган ютуқлар қаторида шахмат, бокс, дзюдо, кураш, таэквондо, оғир атлетика каби спорт турлари бўйича жаҳон ва қитъа чемпионатларида эришилган ғалабалар салмоқли бўлганини айтган ҳолда 2024 йилнинг энг яхши спортчиси бўлишга ким кўпроқ муносиб экани хусусида сўз юритсак.

Бунда, жорий йилнинг энг нуфузли спорт тадбири – XXXIII ёзги Олимпиада ўйинлари кўрсаткичлари асосий омил бўлиши тайин.

Хўш, йилнинг энг яхши спортчиси, мураббийи, спорт федерацияси, жамоаси бўлишга кимлар кўпроқ муносиб?

Бу хусусда албатта, мутахассислар, кенг жамоатчилик вакиллари, қилни қирқ ёрадиган экспертларнинг фикрлари бирламчи ўрин тутиши шубҳасиз. Шундай бўлса-да, айрим ҳолатларга, спортчиларимизнинг шов-шувли натижаларига эътибор қаратсак фойдадан холи бўлмас.

Уларга мисол тариқасида"Париж-2024" Олимпиадасида кетма-кет иккинчи бор ёзги Олимпия ўйинларининг олтин медалига эга чиқиб, юртимиз ёшларининг халқаро майдондаги куч-қудратини намойиш этган боксчимиз Баҳодир Жалолов, таэквондочимиз Улуғбек Рашитов, Рио олимпиадасидаги натижасини такрорлаган Ҳасанбой Дўсматов, икки карра Олимпия ўйинлари совриндорлигига эришган оғир атлетикачимиз Акбар Жўраев, ўзбек аёллари орасида биринчи бўлиб Олимпия ўйинлари ғолибига айланган Диёра Келдиёрова, ёшлар ўртасида жаҳон чемпиони Афруза Ҳамдамова, кураш бўйича кўплаб халқаро турнирлар ғолиби Муҳсин Хисомиддинов, легионер эркин курашчимиз Разамбек Жамалов, футболчимиз Аббосбек Файзуллаев, профессионал боксчимиз Исроил Мадримов каби кўплаб спортчиларимиз номини келтириш мумкин.

Улар орасида Улуғбек Рашитов эришган ғалаба алоҳида аҳамиятга эга эканлигини айтиш лозим. Зотан, шу пайтгача дунёда фақат 4 нафар таэквондочи икки карра Олимпия ўйинлари ғолибига эришиб, юксак шарафга сазовор бўлган. Улуғбек эса бешинчи бўлиб, уларнинг сафидан муносиб ва мустаҳкам жой олди.

Мураббийлар борасида сўз кетганда, "Париж-2024"  олимпиадасида боксчиларимиз 5 та олтин медални қўлга киритишгандан сўнг,  кучли ҳаяжон сабабли юраги бир муддат тўхтаб, кўпни хавотирга солган устоз мураббий Тўлқин Қиличевнинг меҳнатлари эътироф этилса, адолатдан бўларди.

    Зеро, бокс бўйича миллий терма жамоамиз Олимпия ўйинлари тарихида  Куба, АҚШ, Германия сингари қатор давлатларнинг жамоалари кўтарила олмаган чўққига чиқди. Олимпиаданинг олтин медаллари сони бўйича мамлакатимиз Олимпия ўйинлари рекордини янгилади ва умумжамоа ҳисобида 1-ўринни эгаллади. Эркаклар ўртасида еттита олтин медалнинг бештасини ўзбек боксчилари Баҳодир Жалолов, Ҳасанбой Дўсматов, Асадхўжа Мўйдинхўжаев, Лазизбек Муллажонов, Абдумалик Халоқов қўлга киритди.

Дзюдо спорт турида хорижий мураббийларнинг жалб этилиши нафақат терма жамоа аъзолари, балки мамлакатимиздаги кўплаб ёш мураббийларнинг билим, тажрибаси ошишига олиб келгани рост. Дзюдочи қизларимизни катта ғалабалар сари илҳомлантира олган Ўзбекистон терма жамоасининг германиялик мураббийи Марко Спиттка каби мутахассисларнинг иш юритиши Олимпия ўйинларида, кўплаб халқаро турнирларда ўз сўзини баралла айтди. Бир пайтлари ўзбек қизлари дзюдо спорт турида катта натижаларга эришиши мумкин эмас, деб башорат қилганларнинг бугунги натижаларимиздан айниқса, оддий оилада туғилиб вояга етган Диёра Келдиёрованинг "Париж-2024"даги шов-шувли ғалабасидан кейин қарашлари, тасаввурлари янгилангани ҳақиқат.

Ўзбекистон футболи учун Олимпиада эшиклари очилишига беқиёс ҳисса қўшган Тимур Кападзенинг хизматлари эътирофга лойиқ. Таэквондо, оғир атлетика, кураш, енгил атлетика, шахмат каби спорт турларида ҳам ўнлаб маҳоратли устозлар жон фидолик қилмоқдаки, айнан уларнинг меҳнати, изланиши, шогирдларига тўғри кўрсатмаси туфайли 2024 йилнинг ёрқин ғалабалари қалбимизга чексиз ғурурни жо этди.

Спорт федерациялари хусусида тўхталганда мамлакатимизнинг етакчи спорт федерациялари саналган футбол, шахмат, дзюдо, бокс, оғир атлетика, от спорт турлари, таэквондо каби йўналишларда кўплаб ишлар олиб борилаётганини таъкидлаш, оммавий спортни, аҳоли ўртасида соғлом турмуш тарзини тарғиб этиб келаётган енгил атлетика федерацияси ташаббуси билан “Янги нафас” лойиҳаси жорий этилиши югуриш билан машғул бўлаётганлар сафи кенгайишига баҳоли қудрат ҳисса қўшганини тан олиш керак.

     Айни пайтда волейбол, гандбол федерацияларида ҳам ижобий ишлар йўлга қўйилмоқда. Оммавий мусобақаларни ўтказиш яхши анъанага айланиб бормоқда. Шунингдек, фаолиятини бошлаганига кўп бўлмаган крикет спорт федерациясининг саъй-ҳаракати ҳам анча жонланди.

Бундан ташқари, миллий спорт турларимиз кураш, белбоғли кураш, ўзбек жанг санъати турларини тарғиб этиш, турли мусобақалар ўтказиш, маҳалла ёшлари орасида оммалаштириш борасида ижобий ишлар қилинди.

Пара спорт турлари бўйича йилнинг энг муносиблари борасида фикр юритадиган бўлсак, имконсизликдан имкон топиб, матонат ва иродаси, ватанга бўлган чексиз меҳру-муҳаббати сабаб жаҳон спорт майдонларида янги Ўзбекистоннинг янги ғалабаларини таъминлаб келаётган ҳар бир пара спортчимиз, уларнинг устозлари йилнинг энг яхшиси, қадрлиси бўлишга муносиб. Аммо спорт рақамларни, натижаларни яхши кўради. Шу маънода, жасорат тимсоли бўлган пара спортчиларимизнинг энг муносиблари ўйлаймизки, уларнинг мусобақалардаги кўрсаткичи орқали белгиланса мақсадга мувофиқ бўлади.

Тўлқин Рўзиев, ЎзА