Ўзбекистон Республикаси Президенти “Давлат тилини янада ривожлантиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида” қарорга мувофиқ, ҳар йили октябрь ойида:
а) Фанлар академияси, Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги, Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Ўзбек тилини ривожлантириш жамғармаси ўзбек тилининг дунё тиллари ўртасида тутган ўрни ва халқаро нуфузини оширишга қаратилган халқаро илмий-амалий конференция ўтказилади;
б) Мамлакатимиздаги олий таълим муассасаларида таҳсил олаётган чет эллик талабалар ўртасида ўзбек тили бўйича республика олимпиадаси ташкил қилиб боралади;
"Ўзбек тили - қалбим таржимони" кўрик-танлови юқори савияда ташкил этилиши йўлга қўйилади;
в) Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Ўзбек тилини ривожлантириш жамғармаси, Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги манфаатдор вазирлик ва идоралар биргаликда ўзбек тилини ривожлантиришга қаратилган энг яхши илмий, ижодий, амалий ишларни қўллаб-қувватлаш мақсадида "Жонажон ўзбек тилим" танловини ўтказиб боради;
г) Республика Маънавият ва маърифат маркази, Ёшлар ишлари агентлиги, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари вазирлик ва идоралар биргаликда умуммиллий диктант лойиҳасини амалга ошириш анъанасини йўлга қўяди;
д) Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳри ҳокимликлари ҳамда вазирлик ва идоралар 21 октябрь Ўзбек тили байрами кунига бағишланган маданий-маърифий, адабий тадбирлар, янги китоблар тақдимотларини мунтазам ўтказиб боради;
ж) Умумтаълим мактаблари ўқувчилари ўртасида ўзбек тили мавзусида иншолар танлови, шунингдек, ўзбек тили фани ўқитувчилари ўртасида "Йилнинг энг яхши ўзбек тили ўқитувчиси" республика танлови ўтказилади.
ЎзА