Янги йил байрами арафасида Оролбўйи ҳудудида фойдаланишга топширилган бир қатор саноат корхоналарида йилнинг дастлабки иш ҳафтаси кўтаринки руҳда бошланди.
Нукус шаҳрида базалт минералидан иссиқлик сақловчи материаллар ишлаб чиқарадиган замонавий “Karakalpak bazaltwool” корхонасининг умумий қиймати 50 миллион долларни ташкил этади. Корхона тўлиқ қувватда ишга тушиши билан йилига 40 минг тоннагача маҳсулот ишлаб чиқариш имкони яратилади ҳамда 200 нафарга яқин фуқаро доимий иш билан таъминланади. Шу билан бирга, ишлаб чиқарилаётган маҳсулотлар ички бозор билан бир қаторда экспортга ҳам йўналтирилиб, валюта тушумини оширишга хизмат қилади.

Нукус шаҳрида фойдаланишга топширилган яна бир муҳим саноат объекти — “Osten Technologies» корхонасида яратилаётган имкониятлар иқтисодиёт барқарорлигини таъминлаш, аҳоли даромадларини ошириш ва янги иш ўринлари яратишда муҳим аҳамият касб этмоқда. Лойиҳа қиймати 23,5 миллион доллар бўлган мазкур корхона тўлиқ ишга тушгач, йилига 640 минг метр радиатор маҳсулотлари ишлаб чиқарилади. Натижада 300 тага яқин янги иш ўрни яратилади.
Нукус шаҳрининг “Жана базар” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида фойдаланишга топширилган “Nukus SSP Texnopark” масъулияти чекланган жамиятида ҳам янги йилнинг дастлабки иш ҳафтаси катта умидлар билан бошланди.
Давлатимиз раҳбарининг 2023 йил 8 августдаги “Қорақалпоғистон Республикасида тадбиркорларга қулай шароитлар яратишга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармони ижросини таъминлаш доирасида ташкил этилган корхона 17 минг 300 тонна аралаш ип калава, 17 миллион метр мато газлама ишлаб чиқариш қувватига эга.

Банкдан олинган имтиёзли кредит ҳисобидан Германия, Япония, Туркия, Швейцария, Ҳиндистон мамлакатларининг компанияларидан шарнома асосида замонавий ускуналар олиб келиб ўрнатилди. Ҳозир корхонада 150 нафар фуқаронинг бандлиги таъминланган. Бу ерда ишлаб чиқарилган маҳсулотлар Россия ва Белорус давлатларига экспорт қилинади.
Қорақалпоғистонда бундай бунёдкорлик ишлари нафақат шаҳарларда, балки туманларда ҳам изчил давом этмоқда. Хусусан, Тахтакўпир туманида “Каусар Тегирмон” масъулияти чекланган жамиятининг замонавий ун ишлаб чиқариш корхонаси аҳолини сифатли озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминлаш, шунингдек, янги иш ўринлари яратишга хизмат қилмоқда. Шу билан бирга, Президентимизнинг тадбиркорликни қўллаб-қувватлашга қаратилган фармон ва қарорлари ижроси доирасида жамият томонидан 2024 йилда “Агробанк” нинг имтиёзли кредити асосида умумий қиймати 32 миллиард сўмлик чорвачиликни ривожлантириш ва сутни қайта ишлаш лойиҳаси амалга оширилди.
Лойиҳа доирасида хориждан 120 бош наслли қорамол олиб келиниб, чорвачилик салоҳияти мустаҳкамланди. Шунингдек, қиймати 500 миллион сўм бўлган сутни қайта ишлаш корхонаси ишга туширилиб, 7 нафар фуқаро доимий иш билан таъминланди.
Янги йил арафасида фойдаланишга топширилган янги корхоналар юртимиз тараққиётига, аҳолининг тинч ва фаровон ҳаётига хизмат қилмоқда.
Довуд Абибуллаев, ЎзА мухбири