Марказий банк матбуот хизматининг хабар беришича, жорий йилнинг биринчи чорагида Ўзбекистонга чет элдан 1,47 миллиард долларлик пул ўтказмалари юборилган. Бу ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 3 фоиз кўп.
Тижорат банклари жисмоний шахслардан январь — март ойларида 2,11 миллиард (38 фоиз) доллар сотиб олган, аксинча ушбу муддат давомида 1,73 миллиард (69фоиз) долларлик валюта сотган.
Маълумот ўрнида айтиш жоиз, бугунги кунда жисмоний шахсларнинг халқаро пул ўтказмаларини амалга оширишда янада қулай шароит яратиш мақсадида тижорат банкларида Золотая Корона, Western Union, Contact, MoneyGram, Migom, Unistream, RIA Money Transfer, Азия-Экспресс, Intel Express, UPT каби халқаро пул ўтказмалари тизимлари ишлаб турибди.
Шу билан бирга, жисмоний шахслар чет элдан халқаро пул ўтказмаси орқали келиб тушган пул маблағларини ўз хоҳишларига кўра чет эл валютасида ёки миллий валютада олиш имкониятлари яратилган.
Бундан ташқари, масофавий тарзда жисмоний шахслар банк биноларига ташриф буюрмаган ҳолда халқаро пул ўтказмалари тизими орқали келиб тушган пул маблағларини ўзларининг банк карталарига тўғридан-тўғри қабул қилиб олишлари бўйича барча зарурий чоралар кўрилган.
ЎзА