Бугун мамлакатимизда инсон қадрини улуғлаш, уларга зарур шароитларни яратиш бўйича тизимли ишлар олиб борилмоқда. Хусусан, Хоразм вилояти туман (шаҳар) ФҲДЁ бўлимлари томонидан «Маҳаллабай» ишлаш тамойили орқали фуқароларни қийнаб келаётган муаммолар ўрганилиб, мурожаатлар тез фурсатда кўриб чиқилмоқда.
Асли туркманистонлик, тақдир тақозоси билан Ўзбекистонга келин бўлиб келган Сайёра Толиеванинг шу кунга қадар ҳеч қандай шахсини тасдиқловчи ҳужжати мавжуд бўлмаган. Шу боис уй шароитида дунёга келган 4 нафар фарзанди ҳам расмий ҳужжатларсиз улғайган.
Туман ФҲДЁ бўлими ходимларининг амалий кўмаги билан Сайёра Толиевага «1993 йилдаги Фуқаролик, оилавий ва жиноий ишлар бўйича ҳуқуқий ёрдам ва ҳуқуқий муносабатлар тўғрисида»ги Минск Конвенцияси орқали Туркманистон Республикасига юборилган сўровноманинг жавобига асосан туғилганлик ҳақидаги гувоҳнома расмийлаштириб берилди.
Дарҳақиқат, у шахсни тасдиқловчи ҳужжатларга нисбатан эътиборсизлик ва фарзандларига туғилганлик тўғрисидаги гувоҳнома расмийлаштириш бўйича ўз вақтида мурожаат қилмаган.Бугунги кунда ўзи ва 2002 йилда туғилган Сурайё, ундан 2 йил кейин туғилган Зарифа (2004 йил) ва 2013 йилда туғилган эгизак фарзандлари Ҳасанбой ва Ҳусанбойлар ҳужжатга эга бўлишди.
Эндиликда бу оила аъзолари бошқалар каби ўз ҳуқуқларидан фойдаланишлари мумкин. Ҳозирда С.Толиева ва унинг турмуш ўртоғини қонуний никоҳдан ўтказиш чоралари ҳам кўрилмоқда.
ЎзА