Русский
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Йиллар ўтган сайин ғалабанинг қадри ошиб бораверади
20:15 / 2023-05-05

Иккинчи жаҳон уруши инсоният тарихидаги энг даҳшатли, энг қонли қирғин бўлган. Бу уруш халқимиз бошига қандай оғир азоб-уқубат ва талафотлар, беҳисоб қурбонлар келтирганини ҳеч қачон унутиб бўлмайди.

Пойтахтимиздаги “Ғалаба боғи”да Мудофаа вазирлиги ҳамда Олий Мажлис Сенати ҳамкорлигида “Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиларини ва фронт ортида фидокорона меҳнат қилганларни эъзозлаш – Ўзбекистон Республикаси ижтимоий сиёсатининг устувор йўналишларидан бири” мавзусида тадбир бўлиб ўтди.

Унда уруш қатнашчиларининг фронтда кўрсатган қаҳрамонликлари эсланди, ҳалок бўлганлар хотираси ёдга олинди. 

Дастлаб, “Матонат мадҳияси” монументига гул қўйиш маросими ўтказилди. 

Тадбирда Иккинчи жаҳон уруши қатнашчилари ва фронт ортида фидокорона меҳнат қилган фахрийларимиз қаҳрамонлиги ва тарихий хизматларини кенг жамоатчиликка етказиш, ёш авлодни ота-боболаримиз жасоратига муносиб бўлган, бугунги тинч, осойишта ҳаётни асраб-авайлаш ва янада мустаҳкамлашга қодир, Ватанимизга садоқатли инсонлар этиб тарбиялаш борасидаги ишларга эътибор қаратилди. 

[gallery-11741]

—Президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан Иккинчи жаҳон уруши йилларидаги тарихимизни ўрганишда том маънода янги давр бошланди, — дейди Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитаси раиси Қутбиддин Бурхонов.— Хусусан, 2020 йилга қадар уруш бошланган пайтда юртимиз аҳолиси 6 миллион 551 минг кишини ташкил этган ва уларнинг 1 миллион 500 мингга яқини урушда иштирок этган, деб ҳисобланар эди. Жаҳон архивлари ўрганилиб, янги топилган маълумотлар таҳлил қилинганда эса Ўзбекистондан 1 миллион 951 мингга яқин киши урушга сафарбар этилгани маълум бўлди. Бундан ташқари, илгари 396 минг нафар Ўзбекистон фуқароси урушда ҳалок бўлган, деб айтилган бўлса, аслида бу рақам 538 мингдан зиёд бўлган, 158 мингдан кўпроғи бедарак йўқолган. 

Иккинчи жаҳон урушида 200 мингдан зиёд аскар ва офицерларимиз жанговар давлат мукофотлари билан тақдирлангани аниқланди. Жумладан, илгари 280 нафар деб ҳисоблаб келинган ўзбекистонлик Совет Иттифоқи Қаҳрамонларининг сони 301 та экани, 70 нафар юртдошларимиз учала даражадаги “Слава” орденига сазовор бўлгани ўз тасдиғини топди. Бу эса тарихий ҳақиқатнинг юзага чиқишига олиб келди. 

Шунингдек, сўзга чиққанлар Ўзбекистон уруш туфайли уй-жойи, ота-онаси ва қариндошларидан ажралган, фронт ҳудудларидан кўчириб келтирилган қарийб 1 миллион 500 минг кишини ўз яқинларидек кутиб олганини алоҳида таъкидлади. 

Тадбир давомида Иккинчи жаҳон урушида ҳалок бўлган аждодларимиз хотирасини абадийлаштириш, бугун ҳам сафимизда туриб, Ватанимизнинг обрў-эътиборини юксалтиришга, ёшларни маънавий-ахлоқий жиҳатдан тарбиялашга ҳисса қўшаётган фахрийларни эъзозлаш бўйича қилинаётган ишларга эътибор қаратилди. Уруш йиллари бедарак йўқолган 158 мингдан ортиқ кишиларни қидириш, уларнинг тақдирига аниқлик киритиш юзасидан олиб борилаётган ишларга тўхталиб ўтилди. 

— Бугун “Ғалаба боғи” ҳар доимгидан ҳам гавжум, — дейди полковник Йўлдошали Раҳмонов. — Айниқса, ушбу боғга боғча тарбияланувчилари ва мактаб ўқувчиларининг устозлари билан қилган ташрифлари одамни қувонтиради. Улар тарихимизни жонли мисоллар орқали ўрганишяпти. Ўзим ҳам Ватаним учун қилган хизматларим ҳақида ёшларга фахрланиб сўзлаб бераман. Йиллар ўтган сайин ҳар бир инсон қалбида ғалабанинг қадри ошиб бораверади. 

Н.Раҳмонова, ЎзА