Йилига 1 миллион тонна пўлат лист ишлаб чиқариш қувватига эга қуюв-прокат комплекси фаолият бошлайди
“Ўзметкомбинат” акциядорлик жамиятида жорий йил йилига 1 миллион тонна қўшимча пўлат лист ишлаб чиқариш имконини берувчи қуюв-прокат комплекси фойдаланишга топширилади.
“Ўзметкомбинат” акциядорлик жамиятида жорий йил йилига 1 миллион тонна қўшимча пўлат лист ишлаб чиқариш имконини берувчи қуюв-прокат комплекси фойдаланишга топширилади.
Йирик инвестициявий лойиҳанинг амалга оширилиши ҳисобига корхонада 400 дан зиёд янги иш ўрни яратилиб, 2021 йилда тайёр маҳсулотлар ишлаб чиқариш йиллик ҳажми 2,1 миллион тоннага етказилади. Шу билан бир қаторда, республикамизга прокатланган листлар импортининг камайиши ҳисобига йилига ўртача 350 миллион доллар тежалади.
Бу ҳақда “Ўзсаноатқурилишматериаллари” уюшмаси томонидан “Ўзметкомбинат” АЖ билан ҳамкорликда ташкил этилган медиа-турда маълум қилинди.
Медиа-турда оммавий ахборот воситалари ходимлари корхона фаолияти, хусусан энергия тежамкор, жаҳон талабларига жавоб берувчи қурилиш материалларини ишлаб чиқариш жараёни билан яқиндан танишди.
Маълумки, “Ўзметкомбинат” АЖ қора металлар прокати ишлаб чиқариш бўйича Марказий Осиёдаги энг йирик корхона ҳисобланади. Тошкент вилояти Бекобод шаҳрида жойлашган мазкур корхона томонидан айни пайтда нафақат металлургия маҳсулотлари, балки қурилиш материаллари ва халқ хўжалиги моллари ҳам ишлаб чиқарилмоқда. Жумладан, корхона томонидан ишлаб чиқарилаётган электрод, ҳар хил ўлчамдаги сим ва арматура, базальт асосида иссиқлик сақловчи маҳсулотлар мамлакатимиздаги бунёдкорлик ишларида кенг фойдаланилаётир. Эътиборли жиҳати, ушбу турдаги маҳсулотга бўлган талаб йилдан-йилга ортиб боряпти.
Корхона фаолияти ривожида айниқса, сўнгги йиллар туб бурилиш йили бўлди. Бу борада Президентимизнинг 2018 йил 9 январдаги “Ўзметкомбинат” АЖнинг 2018-2020 йилларга мўлжалланган ривожланиш Дастури тўғрисида”ги қарори муҳим ҳуқуқий асос вазифасини ўтаётир.
Мазкур ҳужжатга мувофиқ, инвестиция дастури асосида комбинатда ферроқотишмалар ишлаб чиқариш цехи қурилди. Жанубий Кореянинг “Posko Daewoo” ва “SAC” компанияси иштирокида фаолияти йўлга қўйилган мазкур цехда йилига 15 минг тонна ферросилиций, 10 минг тонна ферросиликомарганец ишлаб чиқарилади. Замонавий, энергия тежовчи ва илғор технологиялар билан жиҳозланган янги ишлаб чиқариш қуввати энг замонавий автомат бошқарув тизими билан жиҳозланган.
Ўзбекистон металлургия комбинати авваллари ферросилиций ва ферросиликомарганецни чет элдан ҳар йили 17 миллион долларга сотиб олишга мажбур бўлган. Янги ишлаб чиқариш қувватининг ишга тушиши комбинатга катта миқдордаги валютани тежаш имконини берди.
Тадбир доирасида журналистларга корхонанинг 2019 йилдаги фаолияти тўғрисида ҳам маълумот берилди. Қайд этилишича, жамиятда пўлат эритиш ва прокат маҳсулотлари ишлаб чиқариш бўйича юқори суръатларга эришилган. Жумладан, корхона томонидан ўтган йили 950,1 минг тонна пўлат эритилиб, 1 миллион 67 минг тонна прокат маҳсулотлари, 202,1 минг тонна пўлат золдирлар ишлаб чиқарилди.
Медиа-турда иштирокчилар ўзларини қизиқтирган саволларга мутахассислар томонидан атрофлича жавоб олди.