Қазақ
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
2020 йилга бориб Ўзбекистонда етиштирилган пахта толаси маҳаллий корхоналарда тўлиқ қайта ишланади
14:36 / 2017-01-31

Енгил саноат соҳасига татбиқ этилаётган лойиҳалар тўқимачилик корхоналарини замонавий техника ва технологиялар билан таъминлаш ҳамда сифатли кийим-кечаклар тайёрлашни янада кўпайтириш имконини бераётир. Дунё Ўзбекистоннинг энг сара енгил саноат ва тўқимачилик маҳсулотларидан баҳраманд бўлмоқда.

Енгил саноат соҳасига татбиқ этилаётган лойиҳалар тўқимачилик корхоналарини замонавий техника ва технологиялар билан таъминлаш ҳамда сифатли кийим-кечаклар тайёрлашни янада кўпайтириш имконини бераётир. Дунё Ўзбекистоннинг энг сара енгил саноат ва тўқимачилик маҳсулотларидан баҳраманд бўлмоқда.

Мамлакатимизда 1991 йилда пахта толасини қайта ишлаш ҳажми 7 фоиздан ошмаган бўлса, 2016 йилда бу кўрсаткич 40 фоизгача ўсди. Бугунги кунда тармоқ корхоналари маҳаллий тўқимачилик маҳсулотларини жаҳондаги 50 дан зиёд мамлакатга экспорт қилмоқда. Жумладан, сўнгги йилларда Бразилия, Чили, Хорватия, Нигерия каби давлатларга енгил саноат маҳсулотларининг экспорти йўлга қўйилди.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 2016 йил 21 декабрдаги «2017-2019 йилларда тўқимачилик ва тикув-трикотаж саноатини янада ривожлантириш чора-тадбирлари дастури тўғрисида»ги қарори соҳада янги имкониятлар эшигини очди.

– Мазкур дастур 2020 йилга қадар юртимизда етиштирилган пахта толасини тўлиқ қайта ишлаш, саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш ва экспорт салоҳиятини 2,7 баробардан кўпроққа ошириш ҳамда ички ва ташқи бозорга етказиб беришни назарда тутади, – дейди “Ўзбекенгилсаноат” акциядорлик жамияти бошқарма бошлиғи ўринбосари Санжар Тўхтаев. – Бу енгил саноат тармоғининг янги рақобатбардош қиёфасини яратиш ва жаҳон савдо майдонларига ишончли кириб боришимизни таъминлайди.

Таҳлилларга кўра, ҳозир экспортнинг қарийб 50 фоизини ип-калава ташкил этмоқда. Келгусида унинг ҳажмини босқичма-босқич камайтириш ҳисобига ярим тайёр ва тайёр, юқори қийматли маҳсулотларни экспорт қилишга устувор вазифа сифатида қаралмоқда. Айни вақтда тайёр маҳсулотлар улуши умумий ишлаб чиқаришнинг 47 фоизини ташкил этаётган бўлса, истиқболда 65,5 фоизгача, экспорт таркибидаги улуши 41 фоиздан 70 фоизгача ўсиши таъминланади.

Дастур доирасида 2017-2020 йилларда соҳага 2,2 миллиард доллардан ортиқ маблағ (шунинг деярли ярми хорижий инвестиция) жалб қилинади. Инвестицион лойиҳалар тўрт босқичли тизим асосида пахта хомашёсини қайта ишлаб, тайёр маҳсулотгача ишлаб чиқаришга ихтисослашган махсус тўқимачилик комплекслари ва 27 мингдан ортиқ янги иш ўрни яратишга хизмат қилади. Шунингдек, 120 янги корхонани ташкил этиш ва ўндан ортиқ ишлаб чиқариш корхонасини модернизация қилиш режалаштирилган. Демакки, барча ҳудудларда тўқимачилик ва тикув-трикотаж маҳсулотлари ишлаб чиқариш қувватлари яратилади.

– Тўқимачилик ва тикув-трикотаж маҳсулотларини ишлаб чиқариш қувватларини жойлаштиришда иш ўринларига талаб юқори бўлган ҳудудлар танлаб олинган, – дейди С.Тўхтаев. – Сурхондарё вилоятининг Сариосиё, Шеробод туманлари, Сирдарёнинг Гулистон, Сайхунобод, Жиззахнинг Ғаллаорол, Жиззах, Қашқадарёнинг Яккабоғ, Шаҳрисабз, Наманганнинг Учқўрғон, Поп, Самарқанднинг Оқдарё, Ургут, Қорақалпоғистон Республикасининг Хўжайли, Чимбой туманлари шулар сирасидандир. Лойиҳаларда аввало ҳудудларда етиштирилаётган пахта толасини ўша жойнинг ўзида тўлиқ қайта ишлаб, юқори қийматга эга маҳсулот ишлаб чиқариш ҳамда ҳудуд аҳолисининг реал даромадларини ошириш назарда тутилган.

Қулай жиҳати, бу лойиҳаларни молиялаштириш учун кредитлар бутунлай янги механизм асосида ажратилади. Яъни, замонавий йигирув, тўқув ва бўяш асбоб-ускуналари сотиб олиш бўйича тўқимачилик лойиҳаларини биргаликда молиялаштириш учун тижорат банкларида кредит линиялари очилади. Тижорат банклари жалб этаётган маблағлар ҳисобидан амалга оширилаётган лойиҳаларда банклар ёки уларнинг инвестиция компаниялари лойиҳанинг 100 фоизи миқдорида корхона низом жамғармасида қатнашиши ёки молиялаштириши мумкин. Тижорат банкларига лойиҳаларни амалга ошириш муддатидаги инвестиция даврида ажратилган кредитлар бўйича ҳисобланган фоизларни капитализация қилиш ҳамда уларда улушли иштироки бўйича чекловларни қўлламаслик ҳуқуқи берилмоқда.

Дастурнинг асосий жиҳатларидан яна бири, хорижий тажрибаларни ўзлаштирган ҳолда тўқимачилик корхоналарини ташкил қилиш, лойиҳалаштириш ва қурилишнинг янги тармоқ меъёрларини ишлаб чиқиш ҳамда жорий этишдир. Ушбу меъёрлар қурилиш-монтаж ишлари харажатларининг камайишини ва маҳаллий қурилиш материалларидан фойдаланишни таъминлайди. Эндиликда пахта хомашёсини қайта ишлашни рағбатлантириш мақсадида олдин тақдим этилган солиқ ва божхона имтиёзлари 2020 йилнинг 1 январига қадар узайтирилди.

Мазкур имтиёзлар қаторига даромад солиғи, мол-мулк солиғи, микрофирма ва кичик корхоналарни ягона солиқ, йўл жамғармасига ажратмалар тўлашдан озод қилиш, 40 фоиздан ортиқроқ маҳсулотни экспортга жўнатган тўқимачилик корхоналарини мулк солиғидан озод қилиш, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси тасдиқлаган рўйхат бўйича импорт қилинадиган, ноозиқ-овқат истеъмол товарлари ишлаб чиқаришда фойдаланиладиган асбоб-ускуналар, бутловчи буюмлар, юртимизда ишлаб чиқарилмайдиган хомашё ҳамда материалларни божхона тўловларидан (божхона расмийлаштируви йиғимларидан ташқари) озод этиш кабилар киритилган. Ушбу имтиёзлардан самарали фойдаланиш эвазига иқтисод қилинган маблағлар янги қувватларни барпо этиш, зарур хомашё ва материалларни харид қилишга йўналтирилади.

Ҳисоб-китобларга кўра, 2020 йилга бориб, пахта толасидан ишлаб чиқарилган ип-калава маҳаллий корхоналарда тўлиқ қайта ишланади. Натижада тўқимачилик ярим тайёр маҳсулотлари экспортининг кескин қисқаришига ва ташқи бозорларга етказиб берилаётган тайёр маҳсулотлар ҳажмининг 2,1 баробарга ошишига эришилади.

Ўтган йиллар давомида танлаган тараққиёт йўлимиз нақадар тўғри эканини бугунги фаровон ҳаётимиз яққол кўрсатиб турибди. Аҳолининг арзон ва сифатли, замонавий услубдаги миллий кийим-кечакларга бўлган талаби етарлича таъминланмоқда. Замонавий технологиялар асосида пахта толасини чуқур қайта ишлаш, ҳудудларда халқ истеъмоли моллари ҳамма турини ишлаб чиқаришнинг йўлга қўйилиши ички бозорни ўзимизнинг тўқимачилик ва енгил саноат маҳсулотлари билан таъминлашга хизмат қилади.