Ички ишлар вазирлиги ишчи гуруҳи томонидан Андижон вилоятида жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш ва жамоат хавфсизлигини таъминлаш борасида амалга оширилган, шунингдек, вилоятдаги криминоген вазият оғир бўлган маҳаллаларда масъуллар томонидан олиб борилган ишлар ўрганилди.
Ички ишлар вазири, генерал-лейтенант Азиз Тошпўлатов бошчилигидаги республика Ишчи гуруҳи дастлаб Балиқчи тумани ички ишлар бўлими томонидан амалга оширилаётган профилактик ишлар билан танишилди. Ўрганиш давомида криминоген вазият барқарорлигини таъминлаш, маҳаллаларда жиноят ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олишга қаратилган чора-тадбирлар натижалари атрофлича таҳлил этилди.

Хусусан, ёшлар ва вояга етмаганлар ўртасида жиноятчиликка сабаб бўлаётган омилларга алоҳида эътибор қаратилди. Уларнинг муаммоларини ўрганиш, бандлигини таъминлаш ҳамда жиноятчиликнинг илдизларини аниқлаш бўйича масъулларга тегишли топшириқлар берилди.

Ишчи гуруҳ вилоятнинг қўшни Қирғиз Республикаси билан боғлаб турган “Дўстлик” чегара божхона пости фаолиятини ҳам ўрганди. Давлат чегараси хавфсизлигини таъминлаш, ички ишлар, божхона органлари ҳамкорлигида хизмат самарадорлигини ошириш, фуқаролар учун яратилаётган шарт-шароитларни яхшилаш бўйича масъул раҳбарларнинг тақдимотлари билан танишди. Ўрганиш давомида чегара назоратини кучайтириш, қонунбузарликларнинг олдини олиш ва замонавий техник воситалардан самарали фойдаланиш юзасидан аниқ вазифалар белгилаб олинди.

Шунингдек, Ички ишлар вазири хизмат бурчини адо этиш чоғида ҳалок бўлган Хўжаобод тумани ИИБ профилактика инспектори, катта лейтенант Абдурасул Абдувалиевнинг оила аъзолари билан учрашди. Учрашувда марҳумнинг жасорати ва фидоий хизмати юксак баҳоланиб, ходимнинг оиласи ҳамда фарзандларини доимий қўллаб-қувватлаш давлат ва ички ишлар органларининг доимий эътиборида экани алоҳида таъкидланди.

Шундан сўнг, Ишчи гуруҳ Қўрғонтепа тумани “Марказий деҳқон бозори” фаолияти билан танишди. Бозор ҳудудида жамоат тартиби, савдо жараёнларининг қонунийлиги ва нарх-наво барқарорлиги ўрганилиб, аҳоли учун хавфсиз ҳамда шаффоф савдо муҳитини яратиш бўйича идоралараро ҳамкорликни кучайтириш зарурлиги қайд этилди.
Ишчи гуруҳ томонидан Хонобод шаҳрининг Қирғиз Республикаси билан чегарадош ҳудудларидаги хавфсизлик масалаларига ҳам эътибор қаратилди, масъул раҳбар ва ходимларга чегараолди маҳаллаларида жиноятчилик ҳамда ҳуқуқбузарликларни барвақт олдини олиш, хавфсиз ижтимоий муҳитни шакллантириш бўйича топшириқлар берилди.
Таҳлил жараёнида вилоят ИИБ Жамоат тартибини сақлаш хизмати фаолияти ҳам кўздан кечирилди. Жараёнда жамоат хавфсизлигини таъминлаш, ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш самарадорлигини оширишга қаратилган ишлар, шунингдек, кинология маркази хизмат итлари ҳамда отлиқ хизматнинг тайёргарлик даражаси баҳоланди. Якунда эса мавжуд камчиликларни бартараф этиш ва хизмат фаолиятини янада такомиллаштириш юзасидан тегишли топшириқ, таклиф ва тавсиялар берилди.
Республика ишчи гуруҳи аъзолари иштирокида Андижон вилояти ички ишлар органлари фаолиятининг йил якунларига бағишланган таҳлилий-танқидий йиғилиши ҳам бўлиб ўтди.
Ички ишлар вазири, вазирлик соҳавий хизмат раҳбарлари, вилоят, туман ва шаҳар ички ишлар органлари раҳбарлари ҳамда шахсий таркиби иштирок этган йиғилишда вилоят ички ишлар органлари хизматининг йил давомидаги фаолияти самарадорлиги, шахсий таркибнинг касбий тайёргарлиги, хизмат интизоми ва жамоат хавфсизлигини таъминлаш борасидаги ишлар атрофлича таҳлил қилинди.
Йиғилиш давомида масъул шахсларнинг ахборотлари тингланди, таклифлар кўриб чиқилди ва аниқланган камчиликларни бартараф этиш бўйича чора-тадбирлар белгилаб олинди.
Шунингдек, тадбирда хизмат фаолияти давомида самарали натижаларга эришган, намунали фаолияти билан аҳоли ҳамда сафдошлари эътирофига сазовор бўлган бир гуруҳ ходимлар муносиб рағбатлантирилди.
Ф. Убайдуллаев,
З. Умрзоқов (сурат), ЎзА мухбирлари