Йил якунига қадар Европага экспорт қилувчи корхоналар сонини 2 мингтага кўпайтириш вазифаси қўйилди
Йиғилишда қуритилган мевани экспорт қилиш учун 27 хил турдаги таҳлил қилинадиган лаборатория талаб этилиши, лекин бирорта ҳам бундай лаборатория йўқлиги, тўқимачилик маҳсулотларини Европа бозорига олиб кириш учун зарур бўлган 61 та лаборатория таҳлилининг 16 таси бизда йўлга қўйилмагани танқид қилинди.
Энг муҳими, тадбиркор бу муаммолардан маҳсулотини Европага олиб боргандан кейин хабар топаяпти. Техник жиҳатдан тартибга солиш агентлиги, Ўсимликлар карантини ва ҳимояси агентлиги, Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш давлат қўмитаси, Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати тадбиркорлар билан ишлаш, ўқитиш, мулоқотни йўлга қўймагани кўрсатиб ўтилди.
Шу муносабат билан ушбу идоралар раҳбарлари олдига 20 мингта ишлаб чиқарувчи тадбиркорлар билан ишлаб, йил якунига қадар Европага экспорт қилувчи корхоналар сонини 2 мингтага кўпайтириш вазифаси қўйилди.
Уларга бир ой муддатда қайси стандартни жорий қилиш, қайси лабораторияни янгилаш бўйича дастур ишлаб чиқиш топширилди.
ЎзА