Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Йил якунига қадар 1700 халқаро стандартлар қабул қилинади 
16:34 / 2024-04-30

Бугун Миллий матбуот марказида Техник жиҳатдан тартибга солиш агентлиги ҳузуридаги Ўзбекистон Стандартлар институти томонидан Халқаро ва миллий стандартларни ишлаб чиқиш ва уни тармоқларда кенг жорий этишда стандартлаштириш бўйича техник қўмиталарнинг ўрни ва аҳамиятига бағишланган матбуот анжумани бўлиб ўтди.

Мамлакатимизда ишлаб чиқарилаётган миллий маҳсулотларимизнинг сифатини ошириш, жаҳон бозорларида рақобатбардошлигини таъминлашга қаратилган қатор ишлар амалга оширилмоқда. Президентимизнинг 2024 йил 27 февралдаги “Техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасида давлат бошқарувини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони ҳамда унинг асосида “Ўзбекистон Техник жиҳатдан тартибга солиш агентлиги фаолиятини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Прзидент қарори қабул қилинди. Бу ҳуқуқий ҳужжатлар Ўзбекистон стандартлар институти олдига ҳам муҳим вазифаларни қўяди. 

Ушбу ҳужжатлар стандартлаш, сертификатлаш ва техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасида туб ўзгаришларни амалга оширишга ва соҳани янги босқичга олиб чиқишга асос бўлади. Қарорда Жаҳон савдо ташкилоти, ISO талаблари ва халқаро атамалар, тушунчалар билан бойитилиб, стандартлар қўлланилиши ихтиёрийлиги белгиланди. Ушбу қарор билан стандартларни қўллашда давлат аралашувини камайтириш ва стандартларни қабул қилиш “консенсус” асосида амалга оширилиши каби нормалар киритилди. 

[gallery-17198]

Матбуот анжуманида қайд этилишича, соҳада маҳсулотларга қўйиладиган мажбурий талабларни белгиловчи 67 техник регламентни қабул қилиш кўзда тутилган. Шундан 20 таси жорий йилда қабул қилиниши режалаштирилган. Жорий йил охиригача жами 1700 халқаро стандартларни қабул қилиш белгиланган. Шу билан бирга, Миллий фонднинг 20,5 мингта стандартлари ЖСТ қоидалари ва талабларига мувофиқлиги, шунингдек, Ўзбекистон иқтисодиёти учун мақбуллигини текшириш ва қайта кўриб чиқишни таъминлаш, шундан 2578 таси 2024 йилда қайта кўриб чиқилиши режалаштирилган. Ҳудудлардаги 1200 корхонада халқаро сифат тизимлари жорий этилади ва уларнинг сони 14,3 мингтага етказилади. 

Қайд этилишича, Ўзбекистон Стандартлар институти тузилмасида алоҳида бўлинма шаклида Савдодаги техник тўсиқлар бўйича ахборот марказини ташкил қилиш белгиланган. Шунингдек, миллий стандартларни ишлаб чиқиш, тасдиқлаш, рўйхатдан ўтказиш, бекор қилиш ҳамда уларга ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш, стандартларнинг ягона ахборот базасини шакллантириш, юритиш ва тарқатиш фаолиятини ташкил этиш, техник жиҳатдан тартибга солиш, стандартлаштириш, метрология, мувофиқликни баҳолаш, шунингдек, ветеринария, карантин ва санитария соҳалари мутахассисларининг малакасини ошириш ҳамда уларни аттестациядан ўтказиш кўзда тутилган. 

Халқаро стандартлаштириш ташкилотлари ва миллий органлар билан ҳамкорлик йўлга қўйилади. Соҳада инсон омилини камайтириш мақсадида Техник жиҳатдан тартибга солиш агентлиги ва унинг тизимидаги ташкилотлар томонидан кўрсатиладиган хизматларни ахборот-коммуникация технологиялари орқали тўлиқ автоматлаштириш чораларини кўриш режалаштирилган. 

Шаҳноза Маматуропова, Ойбек Пардаев (сурат), ЎзА