Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Йил якунига қадар 140 та корхонада халқаро сифат менежмент тизимлари сертификатлаштирилади
13:04 / 2023-12-02

Маълумки, сўнгги йилларда мамлакатимизда стандартлаштириш, сертификатлаш ва метрология соҳасига жуда катта эътибор қаратилди.

Буни биргина Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги ҳузуридаги Ўзбекистон техник жиҳатдан тартибга солиш агентлигининг таркибий қисми бўлмиш Ўзбекистон илмий-синов ва сифат назорати маркази мисолида кузатамиз.  

Маълумот ўрнида айтиш жоиз, Ўзбекистон илмий-синов ва сифат назорати маркази ва унинг 16 та ҳудудий филиали Президентимизнинг 2019 йилдаги тегишли қарори билан 2020 йил 1 январдан қайта ташкил этилди.  

Марказ жамоаси мамлакатимиз иқтисодиётининг ички имкониятларидан келиб чиққан ҳолда экспорт салоҳиятини ошириш, бунинг учун янги лабораториялар бунёд этиш, мавжудларини халқаро талабларга мувофиқ жиҳозлаш, уларда фаолият кўрсатадиган кадрларни тайёрлаш ва қайта тайёрлашни ўз олдига мақсад қилиб қўйган.  

Албатта, ҳар қандай маҳсулотнинг мувофиқлигини баҳолашда синов лабораториялари муҳим. Шу сабабли, ўтган давр мобайнида халқаро стандартлар (ISO, IEC, UNECE, EN, CODEX STAN) талабларига мувофиқ ишлаб чиқарилган маҳсулотларнинг синовларини тўлиқ амалга оширадиган замонавий синов лабораторияларини ташкил этишга асосий эътибор қаратилди.  

Бугунги кунда марказда жами 20 та синов лабораториялар мажмуаси (полимер, енгил саноат, электротехника, кимё, қурилиш, машинасозлик ва металл, озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги йўналишларида) фаолият юритиб келмоқда.  

Шунингдек, марказ ва унинг ҳудудий филиаллари қошидаги жами 17 та синов лабораториялар мажмуалари OʻzDst ISO/IEC 17025-2019 стандарти талабларига мувофиқ аккредитациядан ўтказилиб, синов баённомаларида халқаро ILAC белгисидан фойдаланиш йўлга қўйилди. Натижада ушбу лабораториялар томонидан расмийлаштирилган синов баённомалари халқаро даражада тан олинишига эришилди.  

Мамлакатимиз бўйича 8 та, яъни “UzTest” маркази ва унинг Андижон, Бухоро, Навоий, Наманган, Қашқадарё, Самарқанд ҳамда Хоразм филиалларининг озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини синаш лабораториялари 336 дона замонавий ускуна хариди асосида модернизация қилиниб, тўлиқ ишга туширилди ҳамда олис туманларда жойлашган корхоналарнинг маҳсулот намуналарини лабораторияга етказиш мақсадида логистика хизмати йўлга қўйилди.  

Бунинг натижасида 2000 дан ортиқ синов усуллари ўзлаштирилиб,  озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотларининг хавфсизлик кўрсаткичлари бўйича синовларни тўлиқ ўтказилишига ва халқаро синов услублари асосида амалга оширилган синов натижаларини хорижда тан олинишига эришилди. Шу билан бирга, озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги соҳасидаги 1 минг 982 та экспортёр корхона маҳсулотларини синовдан ўтказиш имконияти яратилди.  

Бундан ташқари, Тошкент вилоятининг Пискент туманида умумий қиймати 3,8 миллион евро бўлган техник воситаларни электромагнит мослашувчанликка баҳолаш лабораторияси ишга туширилиб, машинасозлик ва электротехника маҳсулотлари мувофиқлигини тўлиқ баҳолаш йўлга қўйилди.  

Натижада 1 та умумий техник регламент ва 58 дан ортиқ халқаро стандартлар услублари асосида республикамизда ишлаб чиқарилаётган ҳамда импорт тарзида кириб келаётган техник воситаларнинг электромагнит мослашувчанлик бўйича хавфсизлик кўрсаткичлари синови ўтказиб келинмоқда.

Яна бир муҳим вазифалардан бири бу кадрларни тайёрлаш ва малакасини оширишдир. Сўнгги йилларда 100 дан ортиқ мутахассис Туркия, Хитой, Латвия, Чехия ва Беларусь каби давлатларда озиқ-овқат, маиший электротехника, металл, қурилиш ва бошқа турдаги маҳсулотлар синовлари бўйича амалий курсларда малака оширди.  

Албатта, ушбу саъй- ҳаракатлар ўз самарасини бермай қолмади. Синов лабораториялари томонидан импорт тарзида кириб келаётган ва маҳаллий ишлаб чиқарилаётган айрим сифатсиз маҳсулотларни аҳолига реализация қилинишининг олдини олиш бўйича ҳам бир қатор ишлар амалга ошириб келинмоқда.

Мисол учун, 2022 йил давомида марказ қошидаги синов лабораториялари томонидан 107 та ҳолатда маҳсулотлар сифат ва хавфсизлик талабларига номувофиқ деб топилган. Булар озиқ-овқат (алкогол, ўсимлик мойи, буғдой уни ва бошқалар), металлургия (арматура), кимё (кўмир), электротехника (телевизор, электродвигатель), қурилиш (бетон блоклар, керамик ғишт, кафел, гипсокартон ва бошқалар) маҳсулотларидир.  

Ушбу импорт тарзида кириб келган номувофиқ маҳсулотлар бўйича мувофиқлик сертификатлари расмийлаштириш рад этилиб, маълумотлар тегишли ташкилотларга юборилган.  

Мамлакатимизда барча соҳаларда халқаро андозалар жорий этилмоқда. Масалан, қишлоқ хўжалиги корхоналарида “Global G.A.P.” ва “Organic”, тўқимачиликда “OEKO-TEX” стандарти асосида маҳсулотлар тайёрланмоқда.

– Экспортёр корхоналарга кўрсатилган амалий ёрдам натижасида 282 та фермер хўжалигининг 11 минг гектар майдонида “Global G.A.P.” ва “Organic” халқаро стандарти жорий қилиниб, сертификатлаштирилди, — дейди марказ бўлим бошлиғи Жаҳонгир Абдуқодиров. — 53 та енгил саноат маҳсулотларини ишлаб чиқарувчи тўқимачилик саноати корхоналарида “OEKO-TEX” халқаро стандарти жорий қилинди. Бундан ташқари, 33 та корхонага Европа Иттифоқи бозорига киришда талаб этиладиган “СЕ” маркировкаси олиниб, маҳаллий маҳсулотларни Европа Иттифоқи давлатлари бозорларига экспорт қилиш имконияти яратилди. Маълумки, қатор мамлакатларда импорт маҳсулотларга қўйиладиган талаблар турлича. Бу ҳол ушбу давлатларга маҳсулот экспорт қилишда қўшимча муаммолар туғдиради. Европа Иттифоқининг умумий имтиёзлар тизими “GSP+” доирасида 6 минг 200 турдаги маҳсулотларни Европа Иттифоқига божсиз экспорт қилиш имконияти яратиб берилди.  

Эътиборли жиҳати шундаки, “GSP+” тизими доирасида Европа Иттифоқига экспорт қилинадиган  маҳсулотлар сонини 600 тага етказиш мақсадида бир қатор ишлар амалга оширилди. Жумладан, маҳаллий ишлаб чиқарувчи 1 минг 718 та корхонада халқаро сифат менежмент тизимлари жорий қилинди. Йил якунига қадар ушбу кўрсаткич 2 минг 400 тага етказилиши кўзда тутилган.

“GSP+” тизими доирасида экспорт қилинадиган 1 минг 533 та маҳсулотга Европа Иттифоқи давлатларида белгиланган талаблар ўрганилиб, 1 минг 279 та йирик экспортёр корхоналарга етказилди. Шунингдек, бошқа халқаро стандарт талаблари 1 минг 304 та маҳаллий ишлаб чиқарувчи корхонага етказилди. Натижада 2022 йил давомида жами 211,5 миллион доллар қийматидаги маҳсулотлар Европа Иттифоқи, МДҲ давлатлари ва бошқа мамлакатларга экспорт қилинишига эришилди.  

Шу ўринда айтиш жоизки, Ўзбекистон илмий-синов ва сифат назорати маркази жамоаси 2024 йилда қуйидаги долзарб вазифаларни ўз олдига мақзад қилиб қўйган. Жумладан, мувофиқликни баҳолаш натижаларини халқаро даражада тан олинишини таъминлаш мақсадида 2024 йилда 3 та хорижий мамлакат билан кенг ҳамкорликдаги фаолият йўлга қўйилади. Синов лабораторияларида халқаро синов услубларини амалиётга жорий этиш борасида ҳам бир қатор вазифалар белгилаб олинган.  

Долзарб йўналишлар кесимида синов лабораториялар ташкил этиш ва мавжудларини модернизация қилиш бўйича хорижий ва маҳаллий инвестицияларни жалб этган ҳолда 12 миллион долларлик шартнома имзолаш мақсад қилинган.  

Бундан ташқари, лабораториялар компетентлигини баҳолаш мақсадида енгил саноат, полимер ва озиқ-овқат маҳсулотлари бўйича провайдер лабораториялар билан 8 та халқаро солиштирув синовларида қатнашиш  кўзда тутилган.    

Қорақалпоғистон Республикаси, Бухоро, Фарғона, Самарқанд, Қашқадарё, Тошкент вилоятларида мувофиқликни баҳолаш бўйича 6 та сертификатлаштириш идоралари босқичма-босқич аккредитациядан ўтказилади.  

Жорий йил якунига қадар 140 та корхонада халқаро сифат менежмент тизимлари сертификатлаштирилади. ISO 17020 халқаро стандарти бўйича “Юкни жўнатишдан олдин текшириш инспекцияси” ҳамда Европа давлатларида “УзТест” давлат муассасасининг сертификатлаштириш идораси ташкил этилиши хизмат кўрсатиш турлари ва сифатини ошириш билан бирга марказ нуфузини халқаро даражада оширишга хизмат қилади.

Шу ўринда айтиш жоиз, қурилиш – ҳаёт талаби, иқтисодиётнинг етакчи соҳаларидан бири. Юртимизда бу соҳага кенг имкониятлар берилгани натижасида бунёдкорлик суръати ошди. Ўз навбатида қурилишда сифатли ва хавфсиз металл прокатини қўллаш, қурилиш объектлари қулашининг олдини олиш, шунингдек, қурилаётган бино ва иншоотларнинг мустаҳкамлиги кўрсаткичлари белгиланган талабларга мувофиқлигини таъминлаш муҳим аҳамият касб этади.  

Қурилиш учун мўлжалланган металл прокатининг сифати ва хавфсизлигини ошириш мақсадида марказнинг Тошкент шаҳрида жойлашган лабораториясига 13 та, Андижон ва Қашқадарё филиаллари лабораторияларига жами 29 та замонавий ускуналар харид қилинди.  

Шунингдек,  Тошкент шаҳрида қиймати 3,5 миллиард сўм бўлган металл маҳсулотлари синов лабораториясининг янги корпусини қуриш ва уни замонавий жиҳозлар ва бошқа моддий-техник воситалар билан жиҳозлаш ишлари амалга оширилди.  

Натижада металл маҳсулотларининг физик-механик синовлари ҳамда кимёвий таркибини аниқлаш бўйича 30 дан ортиқ халқаро синов усуллари ўзлаштирилиб, машинасозлик ва қурилиш саноатидаги 448 та экспортёр корхона маҳсулотлари синовларини ўтказиш имконияти яратилди.

Шаҳноза Маматуропова, 
ЎзА мухбири.