Сирдарё вилояти прокурори Санжар Мавлонов раҳбарлигида прокуратура, департамент ва бюро вилоят бошқармалари ходимлари иштирокида вилоят прокуратураси ҳайъатининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди.
Тадбирда вилоят прокуратураси органларининг қонунийликни мустаҳкамлаш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини муҳофаза қилиш, жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш борасида 2022 йилдаги фаолияти натижалари танқидий муҳокама қилинди. Йиғилишда вилоят прокурори маъруза қилиб, йил давомида прокуратура органлари томонидан амалга оширилган ишлар ва йўл қўйилган хато-камчиликларга бирма-бир тўхталиб ўтди.

Қайд этилганидек, вилоятда қонунийликни таъминлаш мақсадида 8,4 мингга яқин прокурор назорати ҳужжатлари қўлланилиб, қарийб 8 мингдан ортиқ фуқаронинг бузилган ҳуқуқлари тикланди. Шунингдек, прокурор текширишлари ва дастлабки тергов давомида айбдор шахслардан 85,2 миллиард сўмлик зарар ундирилиши таъминланди. Тадбиркорликни жадал ривожлантириш, инвестицияларни жалб этиш, экспорт ҳажмини ошириш каби иқтисодиётнинг долзарб йўналишларида тизимли тадбирлар амалга оширилиб, 2,3 мингдан ортиқ тадбиркорлар мурожаатлари қаноатлантирилиб, муаммоларини бартараф этишда амалий ёрдам кўрсатилди. Масъулларнинг изоҳлари тингланиб, камчиликларни бартараф этиш бўйича ижро муддатлари аниқ кўрсатилган топшириқлар берилди. Ҳайъатда кўрилган масалалар юзасидан тегишли қарор қабул қилинди.
Шуҳрат Суяров,
ЎзА