Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Йил сарҳисоби: тиббиёт соҳасидаги ютуқлар халқаро даражада эътироф этилмоқда
15:47 / 2024-12-23

Оналар ва болалар саломатлиги ҳар бир мамлакатнинг иқтисодий-ижтимоий ривожланиш индикатори ҳисобланади. Ўзбекистонда ҳам кейинги йилларда бу соҳа мутлақо янгича ёндашувлар асосида ислоҳ қилинмоқда.

ССВ матбуот хизмати тақдим этган маълумотларда келтирилганидек, тиббиётнинг бирламчи бўғинида 8500 нафар доя ҳамшираси штати жорий этилди. 

Уларнинг тиббий бригада таркибига киритилиши ҳомиладор аёлларни скрининг текширувларига йўналтириш, тиббий назорат қилиш, соғлом фарзандлар дунёга келиши, чақалоқларни туғуруқдан кейин тўғри парваришлаш борасида ижобий натижалар учун асос бўлмоқда. 

Ҳозир патронаж дояси ўз участкасидаги ҳар бир ҳомиладор аёлнинг уйига кириб бориб, амбулатор ва стационар шароитдаги текширув ва даволаш жараёнларини назоратга олиб, шахсан кузатиб боряпти. 

Ҳар бир доя ўзининг “Муваффақиятлар архиви”ни яратяпти, яъни унинг кўмаги билан саломатлиги яхшиланган, ҳатто ўлимдан сақлаб қолинган аёллар ҳақида батафсил ёзиб боради. Шунингдек, уйма-уй юрган ҳолда “Муаммоли ҳомиладорлар рўйхати” шакллантирилиб, шифокорлар ёрдамида бундай аёллар саломатлиги тикланмоқда. 

2023 йили давлатимиз раҳбарининг тегишли қарорига асосан учта алоҳида марказ негизида Республика ихтисослаштирилган она ва бола саломатлиги илмий-амалий тиббиёт маркази ташкил этилиши ҳам бу соҳадаги энг муҳим янгиликлар бири бўлди.

Ҳозир аёллар ва янги туғилган чақалоқларга барча зарур хизматлар, хусусан, ўсмир қизларга ёрдам кўрсатиш, ҳомиладорликка тайёргарлик ва антенатал парваришдан бошлаб, туғуруқ, туғуруқдан кейинги парваришгача бўлган жараёнлар ушбу марказ ва унинг филиалларида амалга оширилмоқда. 

Натижада кейинги йилларда оналар ва гўдаклар ўлими сезиларли даражада камайди. Бир ёшгача бўлган болаларда кўкрак сути билан озиқлантириш улуши ошди, беш ёшгача бўлган болалар ўртасида ортиқча вазн 4,2 фоизга камайди.

Марказда 36 турдаги юқори технологик операциялар жорий этилиб, бундай амалиётлар улуши сўнги 3 йил давомида 3 баробарга оширилди, вилоятларда 10 турдаги, туманларда эса 8 турдаги янги амалиётлар йўлга қўйилди.

Марказнинг “Фетал тиббиёт” бўлимида ҳомиладор аёлларнинг нуқсонли ҳомиласи жарроҳлик йўли билан бартараф этилиб, соғлом болалар дунёга келтирилаётгани ҳам қисқа даврда эришилган ютуқларга бир мисол бўла олади. 

Бундай саъй-ҳаракатлар натижасида марказ ва унинг Хоразм ҳамда Андижон филиаллари биринчилардан бўлиб халқаро стандартларга мувофиқлик сертификатини қўлга киритди. 

Бинобарин, Президентимиз муассаса ташкил этилганига 50 йил тўлиши муносабати билан меҳнат жамоаси номига алоҳида табрик йўллаб, бир гуруҳ ходимлар юксак давлат мукофотларига лойиқ кўрилгани барча акушер-гинекологларга катта куч-ғайрат бағишлади. 

Замонавий тиббиёт ютуқлари чақалоқларда юзага келиши мумкин бўлган турли нуқсон ва хасталикларни ҳомиладорликнинг дастлабки босқичидаёқ аниқлаш ҳамда бартараф этиш имконини беряпти. 

Бундай илғор диагностика ва муолажа усуллари ҳозир Республика перинатал марказида ҳам кенг қўлланилмоқда. Бу эса оналар ва болалар саломатлигини таъминлаш йўналишида ижобий натижаларга асос бўляпти. 

Муассасада эрта туғилган чақалоқлар реабилитацияси, туғма нуқсонли болаларда ўтказиладиган неонатал амалиётлар сони йил сайин кўпаймоқда. Бу ерда илк бор ўзбек шифокорлари томонидан қўшни Қирғиз Республикасида туғилган сиам эгизаклари ўта ноёб операция натижасида ажратиб олиниши муҳим тарихий воқеа сифатида эътироф этилганди. 

Шу билан бирга, марказда айрим касалликларни гўдакнинг ҳомилалик даврида, яъни она қорнидаёқ бартараф этишга имкон берувчи фетал тиббиёт тажрибасидан ҳам самарали фойдаланиб келинмоқда. 

Албатта, бундай янгиланишлар мамлакатимизда оналар ва болалар саломатлиги давлат сиёсати даражасига кўтарилганининг яна бир яққол тасдиғидир. 

Янги тузилмалар, замонавий шифо масканлари

Поёнига етаётган 2024 йил соғлиқни сақлаш тизимида янгиликларга бой бўлмоқда. Янги тузилмалар ташкил этилди, замонавий шифо масканлари очилди. 

Хусусан, соҳада амалга оширилаётган ислоҳотларни чуқурлаштириш, аҳолига кўрсатилаётган тиббий хизматлар сифатини тубдан яхшилаш мақсадида давлатимиз раҳбарининг 2024 йил 22 январдаги тегишли қарорига мувофиқ Соғлиқни сақлаш вазирлиги тузилмасида “Соғлиқни сақлаш лойиҳалари маркази” лойиҳа офиси ташкил этилди. 

Унга давлат тиббий суғуртаси тизимини ва давлат томонидан кафолатланган бепул тиббий хизматлар ва дори воситалари пакетини тўлиқ жорий этиш, тиббий хизматлар сифати ва хавфсизлиги устидан назорат тизимини такомиллаштириш ҳамда давлат харидлари самараси ва шаффофлигини ошириш, фармацевтика соҳасини ислоҳ қилиш, санитария қоида ва нормаларини замонавий талаблар асосида янгилаш каби қатор вазифалар юклатилди. 

Болалар гематологияси, онкологияси ва клиник иммунологияси маркази ҳузурида Онкологик ва гематологик касалликларга чалинган болаларни соғломлаштиришга кўмаклашиш жамғармаси ташкил этилди. 

Муассасанинг болалар онкогематологияси, гематология, онкология, реанимация, гемодиализ ва плазмоферез бўлимлари, стационар ва маслаҳат поликлиникаси замонавий жиҳозланди. Муассасага энг сўнгги русумдаги асбоб-ускуналар келтириб ўрнатилди.

Даволаш ва диагностика стандартлари янгиланди. Яна бир муҳим жиҳати, молекуляр генетика, иммуногистохимия каби мураккаб лаборатор текширувлар шу ернинг ўзида йўлга қўйилди. 

Бинобарин, жорий йилда Соғлиқни сақлаш вазирлиги электрон платформасининг “Вазиятлар маркази” очилди. У орқали соғлиқни сақлаш соҳасидаги барча ахборот тизимларини ягона мажмуа орқали назорат қилиш механизми йўлга қўйилмоқда. 

Марказ жойлардаги ахборот тизимларининг узлуксиз ишлашини таъминлайди, унда республикадаги 1700 дан ортиқ тиббиёт муассасаларининг маълумотлар базасини реал вақт режимида кўриш ва таҳлил қилиш имконияти мавжуд.

Шу билан бирга, Тиббиёт ташкилотларини лицензиялаш ва аккредитациялаш маркази ташкил этилди. 

Пойтахтимизда амалга оширилган навбатдаги мега лойиҳалардан бири Республика ихтисослаштирилган онкология ва радиология илмий-амалий тиббиёт марказининг янги бирлашган комплекси барпо этилиши бўлди. 

Бу ерда Европа ва АҚШ стандартлари асосида 17 та янги клиник бўлим, 18 та жарроҳлик хонаси, 42 та реанимация ва интенсив терапия хоналари ташкил этилди. Улар жаҳон тиббиётида қўлланилаётган энг сўнгги техникалар билан жиҳозланди. 

Бундай замонавий техникаларни ишлатиш учун юзга яқин мутахассис 8 та хорижий давлатда малака ошириб қайтди. 

Жарроҳлик бўлимида йилига 6 мингта юқори технологик амалиётлар ўтказиш имконияти бор. 

Янги ускуналар ёрдамида кўз, ҳалқум ва қизилўнгач қисми ўсмаларини кесмасдан олиб ташлаш мумкин. Қовуқ ўсмалари кам инвазив усулда бартараф этилади. Буларнинг самарасида беморлар тезроқ тузалиб, 3-5 кунда уйига қайтиши мумкин. 

Шу билан бирга, Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази Қорақалпоғистон филиали минтақада “нолдан” қурилган биринчи кўп тармоқли шифохона бўлди. 

Соҳа трансформацияси

Ўзбекистон соғлиқни сақлаш тизимида кенг кўламли трансформация жараёнлари давом этмоқда. Президентимиз бу борада соғлиқни сақлаш тизими мутасаддилари олдига тегишли вазифаларни қўйган. 

Хусусан, аҳолига кўрсатилаётган тиббий хизматлар сифатини жаҳон стандартлари даражасига олиб чиқиш – энг асосий талаблардан бири. Бунинг учун эса, биринчи навбатда, халқаро тажрибани чуқур ўрганиш ва амалиётга самарали татбиқ этиш талаб қилинади. 

Ана шу эҳтиёждан келиб чиқиб, Вазирлар Маҳкамасининг тегишли қарорига кўра, Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан туркиялик мутахассислар гуруҳи жалб этилди. Ҳозир хорижлик экспертлар юртимиз вакиллари билан ҳамкорликда барча бўғиндаги тиббиёт муассасаларида ўрганишлар олиб бормоқда. Шу мақсадда тузилган ишчи гуруҳлар тасдиқланган режа асосида ҳудудларда бўляпти. 

Туркиялик мутахассислар еттита йўналиш – бирламчи тиббий-санитария ёрдамини такомиллаштириш, тиббий суғурта тизимини жорий этиш ва тизимни рақамлаштириш, шифохоналарда тиббий хизматлар самарадорлигини ошириш, тиббий хизматларни режалаштириш, фармацевтикани ривожлантириш ва дори воситалари таъминоти, тиббий асбоб-ускуналар самарадорлигини ошириш, шошилинч ва тез тиббий ёрдамни ривожлантириш бўйича иш олиб бормоқда. 

Туркиядан таклиф этилган халқаро тажриба ва малакага эга экспертлар тегишли йўналиш бўйича масъул этиб белгиланган. 

Ҳозиргача чет эллик экспертлар Жиззах, Фарғона, Хоразм, Сирдарё, Самарқанд вилоятлари ва Қорақалпоғистон Республикасида бўлиб, соғлиқни сақлаш муассасалари фаолиятини чуқур ўрганган ҳолда, уни янада ривожлантириш борасида ўз тавсияларини беряпти. 

Келгусида ана шу таҳлил, таклиф ва тавсиялар умумлаштирилиб, соғлиқни сақлаш тизимининг босқичма-босқич ислоҳотига оид қисқа, ўрта ва узоқ муддатли “Йўл хариталари” ишлаб чиқилиши ва амалга оширилиши режалаштирилган. 

Моҳигул Қосимова тайёрлади, ЎзА