Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
ЙИЛ САРҲИСОБИ: 27 та халкаро брендга 1,2 миллиард долларлик тўқимачилик маҳсулотлари экспорт қилинди
10:23 / 2023-12-27

Жорий йилда халқаро стандартлар асосида маҳсулот ишлаб чиқариш ва экспорт қилиш мақсадида 60 та корхонада 7 турдаги стандартлар жорий этилди. Сертификатланган корхоналар сони эса 2 баробарга оширилган.

Шунингдек, декабрь ойида 11 та корхонада АҚШнинг WRAP сертификати татбиқ қилинган. Бу Ўзбекистоннинг МДҲ давлатлари орасида биринчилардан бўлиб Америка бозорига тўқимачилик маҳсулотларини етказиб бериш имкониятига эга бўлганидан далолатдир.  

“Ўзтўқимачиликсаноат” уюшмаси ахборот хизмати раҳбари Шаҳзода Қўчқорова АОКАда ўтказилган брифингда бу ҳақда маълум қилди.  

Қайд этилганидек, 2023 йилда соҳа корхоналари томонидан 27 та Европа ва Осиё брендлари остида маҳсулотлар ишлаб чиқарилиши йўлга қўйилган. Йил якуни билан брендларга 1,2 миллиард долларлик тўқимачилик маҳсулотлари экспорт қилинди.  

–Ўз бозорига эга ҳалқаро брендлар Cottonella (Италия), TeamDress ва Langheinrich (Германия) компаниялари Ўзбекистонга 12 миллион доллар тўғридан-тўғри инвестициялар эвазига “релокация” қилиниб, маҳсулотлари экспортга йўналтирилди. Шу билан бирга, 2024 йилда Самарқанд шаҳрида 700 дан ортиқ бренд ва ритейл компаниялар раҳбарларини Ўзбекистонда бирлаштиришга қаратилган Халқаро тўқимачилик ва тайёр кийим ишлаб чиқарувчилари федерацияларининг анжуманлари илк бор ўтказилди. Ҳозирда соҳа корхоналари томонидан АҚШ, Европа давлатлари, Корея ва МДҲ давлатларида 80 дан ортиқ савдо уйлари, ваколатхоналари ва агентлик тизимлари фаолият юритмоқда. Айни пайтда яна16 та корхонанинг савдо уйларини очиш ишлари давом эттирилмоқда. Шунингдек, 16 та йирик халқаро кўргазмада 150 дан ортиқ корхона иштироки таъминланди. 180 миллион долларлик экспорт шартномалари имзоланди. Қўшимча равишда электрон тижоратни ривожлантириш натижасида Wildberries, Ozon каби маркетплейслар орқали 400 миллион долларлик маҳсулотлар экспорт қилинди, – деди Ш.Қўчқорова.  

Брифингда кадрлар тайёрлаш, янги турдаги маҳсулотлар ишлаб чиқариш хусусида ҳам сўз юритилди.  Унга кўра, жорий йилда 110 минг тоннадан ортиқ сунъий тола ва аралаш матолар қайта ишланди. Дастурхон, парда ва мебель учун матолар, махсус кийимлар, қопламалар каби янги маҳсулотлар ишлаб чиқилиши йўлга қўйилди. Муҳими, соҳада бу каби амалга оширилаётган ишлар натижасида йил якунига қадар 3,5 миллиард доллар миқдорида экспорт таъминланиши кутилмоқда.  

Н.Зиёдуллаева, ЎзА