French
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Йил сарҳисоби: 2025 йил қурилиш соҳасида қандай натижага эришилди?
09:15 / 2025-12-31

Сўнгги йилларда Ўзбекистонда қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги соҳаси давлат сиёсатидаги устувор йўналишлардан бирига айланди. Аҳоли турмуш сифати ва шаҳар ҳамда қишлоқ инфратузилмасини замонавий талаблар асосида ривожлантириш, шунингдек соҳага рақамли ечимларни жорий этиш учун изчил ишлар олиб борилмоқда.

2025 йилда соҳада эришилган ютуқлар ва галдаги режалар хусусида қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазири Шерзод Ҳидоятов билан суҳбатлашдик.

— Аввалги йиллардан фарқли ўлароқ, 2025 йил қурилиш соҳаси учун қандай бўлди?

— 2025 йил қурилиш соҳаси учун кенг кўламли ислоҳотлар, аниқ мақсадлар ва сезиларли натижалар йили бўлди. Асосий эътибор шаҳарсозликни тизимли ривожлантириш, уй-жой қурилишини жадаллаштириш, ижтимоий инфратузилмани яхшилаш ҳамда соҳага рақамли ечимларни кенг жорий этишга қаратилди. Жорий йилда 53 та шаҳар ва шаҳарчалар ҳамда 108 та қишлоқ аҳоли пунктларининг бош режалари ишлаб чиқилди. Шунингдек, 11 та шаҳар бош режаси ва 22 та туризм ҳудудининг мастер-режалари якунланиш арафасида. Бу ҳужжатлар ҳудудларнинг узоқ муддатли ривожланишини таъминлайди. 2025 йил Давлат дастури доирасида республика бўйича 135 минг хонадондан иборат уй-жойлар қурилиши белгиланди. Хусусан, 56 та “Янги Ўзбекистон” массивларида 28 минг 219 та хонадонли 543 та уй барпо этилмоқда. Шу билан бирга, талаб юқори бўлган ҳудудларда 106 минг 781 та хонадондан иборат  2 минг 18 та кўп қаватли уйларни қуриб, фойдаланишга топшириш ишлари жадал суръатларда олиб борилмоқда. 

— Уй-жой қурилиши соҳасида қандай натижаларга эришилди?

Сифат ва хавфсизлик масаласи биз учун энг муҳим йўналишлардан бири. Шу боис қурилиш объектлари лойиҳалари “Шаффоф қурилиш” миллий ахборот тизими орқали экспертизадан ўтказилмоқда. Жорий йилда қарийб 26 мингта объект лойиҳаси кўриб чиқилиб, натижада 9,7 триллион сўм маблағ тежалди. Бу нафақат иқтисодий самара, балки лойиҳалар сифатини оширишга ҳам хизмат қилмоқда. Қурилиш соҳасида электрон тендер тизимини жорий этиш орқали очиқлик таъминланмоқда. “Шаффоф қурилиш” платформаси орқали 17 минг 759 та объект бўйича онлайн тендерлар ўтказилиб, 823 миллиард сўм маблағ иқтисод қилинди. Бу давлат маблағларидан самарали фойдаланиш имконини берди. Инвестиция дастури доирасида жорий йилда 352 та мактаб, 165 та боғча ва 2 та ижод ҳамда ихтисослашган мактабларда қурилиш-таъмирлаш ишлари якунланди. 

Бу аҳолининг таълим инфратузилмасига бўлган эҳтиёжини қондиришга қаратилган муҳим қадамдир. Қурилиш соҳаси иқтисодиётнинг йирик иш берувчиларидан бири ҳисобланади. 2025 йилда соҳа доирасида 168 мингта янги иш ўринлари яратилди. Шунингдек, лойиҳа ва пудрат ташкилотларига лицензия ва аккредитация гувоҳномалари бериш орқали соғлом рақобат муҳити яратилмоқда. Рақамлаштириш соҳада тизимли бошқарувни таъминлайди. Давлат шаҳарсозлик геоахборот тизими, “рақамли эгизаклар”, “Шаффоф қурилиш”, “Улуш киритиш асосида уй-жой қуриш 2.0” каби платформалар қурилиш жараёнларини тўлиқ назорат қилиш имконини бермоқда. Олдимиздаги асосий вазифа — сифатли, хавфсиз ва замонавий қурилишни таъминлаш. Бунинг учун шаҳарсозлик ҳужжатларини такомиллаштириш, уй-жой қурилишини изчил давом эттириш, рақамлаштириш ва халқаро стандартларга мос ёндашувларни жорий этиш ишлари давом эттирилади.

Қайд этиш жоиз, Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирликнинг ҳудудий бошқарма ва бўлимлари томонидан 6 турдаги давлат хизматлари бўйича жами 353 мингдан ортиқ объектга оид аризалар кўриб чиқилди. Шунингдек, техник тартибга солиш тизимини такомиллаштириш мақсадида 160 та техник-норматив ҳужжатлар ишлаб чиқилди.

— Ижтимоий объектлар қурилишида қандай ишлар амалга оширилди?

– 2025 йилда 352 та мактаб, 165 та боғча ва 2 та ижод ва ихтисослашган мактабда қурилиш-таъмирлаш ишлари якунланди. Шу билан бирга, таълим муассасаларида 497 та объектга иситиш тизими, 464 та объектга оқова сув тизими ва 304 та бинога ногирон шахслар учун лифт қурилмалари ўрнатилди.

— Коммунал инфратузилма ва иссиқлик таъминоти соҳасида қандай ишлар олиб борилди?

–Жорий йил коммунал хўжалик соҳаси учун тизимли ислоҳотлар, аниқ режалар ва энг муҳими, амалий натижалар йили бўлди. Асосий эътибор аҳолига кўрсатилаётган хизматлар сифатини ошириш, инфратузилмани янгилаш ва барқарор ишлашни таъминлашга қаратилди. Бу борада ичимлик суви, оқова сув, иссиқлик таъминоти ҳамда кўп квартирали уй-жой фондини сақлаш йўналишларида кенг кўламли ишлар амалга оширилди. Тоза ичимлик суви ва барқарор оқова сув тизими аҳоли саломатлиги ва ҳаёт сифати учун жуда муҳим. 2025 йилда давлат ижтимоий буюртмалари асосида оғир шароитдаги олис ҳудудларда 231 километр ичимлик суви тармоқлари тортилди, 14 та иншоотда қурилиш-монтаж ишлари якунланди. 

Шунингдек, 26 та аҳоли пунктларида сувни чучуклаштирувчи ускуналар ўрнатилди. Халқаро ҳамкорлик доирасида, хусусан Япония компаниялари грант маблағлари ҳисобидан бир қатор маҳаллаларда янги ичимлик суви иншоотлари барпо этилди. Иссиқлик таъминотида барқарорликни таъминлаш ҳар доим устувор вазифамиз бўлиб келган. Жорий йилда 60 та лойиҳа доирасида 142 километр иссиқлик тармоқлари тортилиб, 62 та замонавий иситиш қозонлари ўрнатилди. Шу билан бирга, 2025–2026 йиллар куз-қиш мавсумига тайёргарлик мақсадида юзлаб қозонлар ва минглаб километр иссиқлик тармоқларида мукаммал ҳамда жорий таъмирлаш ишлари амалга оширилди. 

Ёқилғи ва эҳтиёт материаллар захираси тўлиқ яратилди. Бугунги кунда коммунал корхоналар ҳузурида туну-кун ишлайдиган диспетчерлик хизматлари фаолияти кучайтирилди. Республика бўйича тезкор авария-тиклаш гуруҳлари ташкил этилиб, минглаб ходимлар ва махсус техникалар жалб этилди. Бу аҳолидан келиб тушаётган мурожаатларга ўз вақтида жавоб қайтариш ва авария ҳолатларини қисқа муддатда бартараф этиш имконини бермоқда. Кўп квартирали уйларни куз-қиш мавсумига тайёрлаш доирасида минглаб уйларда том қисмлари, кириш йўлаклари, муҳандислик тармоқлари ва фасадлар таъмирланди. 

Давлат дастурлари асосида кўп қаватли уйларда 400 дан ортиқ лифт янгиланди. Шу билан бирга, энергия тежамкор материаллар қўлланилиб, уйларнинг ташқи кўриниши ва иссиқлик сақлаш қобилияти яхшиланди. Бугунги кунда коммунал хизматлар учун тўловларни ягона шахсий ҳисоб-варақ орқали амалга ошириш, “Менинг ҳудудим” платформаси орқали мурожаат юбориш ва назорат қилиш имконияти яратилди. Бу нафақат аҳолига қулайлик, балки тизимда очиқлик ва ҳисобдорликни ҳам таъминламоқда. Олдимиздаги асосий мақсад коммунал хизматларни барқарор, сифатли ва аҳоли учун қулай қилиш. Бунинг учун инфратузилмани янгилаш, энергия тежамкор технологияларни жорий этиш, рақамлаштиришни янада чуқурлаштириш ва кадрлар салоҳиятини ошириш ишлари давом эттирилади. Энг муҳими, ҳар бир ислоҳотимиз замирида аҳоли манфаати туриши керак.

“Яшил макон” дастури доирасида эса кўп квартирали уйлар ҳудудларида 234 минг туп дарахт ва бута ҳамда 213 минг узум кўчатлари экилди.

“Яшил макон” дастури доирасида республика бўйича кўп квартирали уйлар ҳудудларига 234 минг дарахт ва бута кўчатлари, шунингдек 213 минг узум кўчатлари экилди.

Умуман олганда, 2025 йил қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги соҳасида рақамлаштириш, шаффофлик, ижтимоий йўналтирилган лойиҳалар ва аҳоли манфаатларига қаратилган ислоҳотлар йили бўлди. Амалга оширилган ишлар ҳудудларни комплекс ривожлантириш ва барқарор инфратузилмани шакллантиришга мустаҳкам замин яратмоқда.

Шаҳноза Маматуропова, ЎзА