Мамлакатимизда ёшларни баркамол шахс этиб тарбиялашга муносиб ҳисса қўшаётган, ўқув-тарбия жараёнида самарали натижаларга эришаётган ўқитувчиларни аниқлаш ҳамда уларнинг меҳнатини муносиб рағбатлантириш мақсадида “Йил ўқитувчиси” танловини ўтказиш тартиби белгилаб қўйилган.
Танловда иштирок этиш учун номзодлар олий ёки биринчи малака тоифасига, камида беш йиллик педагогик иш стажига эга бўлиши ҳамда ўқув йили бошидан таълим муассасасида асосий штатда фаолият юритаётган фан ёки бошланғич синф ўқитувчиси бўлиши лозим.
“Йил ўқитувчиси” танловининг биринчи босқичи 2025 йил август–декабрь ойларида ўтказилган малака синовлари натижаларига интеграция қилинган ҳолда ташкил этилди. Ушбу синовларда жами 175 минг 738 нафар педагог иштирок этган бўлиб, шулардан 46 минг 703 нафари танловнинг тегишли Низоми талабларига мос келгани сабабли биринчи босқич жараёнларида қатнашди. Низомга кўра, ҳар бир туман (шаҳар)дан энг юқори балл тўплаган 3 нафар номзод иккинчи босқичга ўтказилди. Шу тариқа, жами 624 нафар педагог иккинчи босқич иштирокчисига айланди.
Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги матбуот хизматининг маълум қилишича, биринчи босқич натижаларидан норози бўлган педагоглар учун апелляция бериш имконияти яратилди. Белгиланган муддатда 264 нафар педагогдан апелляция келиб тушди. Улардан 8 нафарининг мурожаати асосли деб топилиб, мазкур номзодлар ҳам иккинчи босқичга тавсия этилди. Танлов Ташкилий қўмитаси қарорига мувофиқ, иккинчи босқич жорий йилнинг 10 февраль куни мамлакатнинг барча ҳудудларида белгиланган умумтаълим мактабларида бошланади.
Иккинчи босқичда номзодларнинг ўз фани бўйича дарс ўтиш маҳорати ҳакамлар ҳайъати томонидан — 60 баллик тизим асосида ва ҳудудда фаолият юритаётган педагоглар томонидан овоз бериш орқали — 40 баллик тизим асосида баҳоланади.
Овоз бериш учун номзоднинг 45 дақиқалик дарси узлуксиз, монтажсиз ҳолда видеокамерага ёзиб олинади ва педагог.uzedu.uz платформасига жойлаштирилади.
Иккинчи босқич якунларига кўра, ҳар бир туман (шаҳар)дан энг юқори балл тўплаган 2 нафар номзод учинчи босқичга тавсия этилади. Агар балллар тенг бўлиб қолса, махсус платформа орқали қайта овоз бериш ўтказилади. Танловнинг иккинчи босқич натижалари ҳамда учинчи босқичга ўтган номзодлар ҳақидаги маълумотлар Ташкилий қўмита томонидан расман эълон қилинади.
Муҳайё Тошқораева, ЎзА