Мавжуд тартибга асосан, илғор, ташаббускор ва ижодкор ўқитувчиларни аниқлаш, дарс берадиган фани бўйича юқори педагогик маҳоратга эга ўқитувчиларни саралаш ҳамда ўқитувчилар ўртасида соғлом рақобат муҳитини шакллантириш ҳамда уларни рағбатлантириш мақсадида “Йил ўқитувчиси” танловини ташкил этиш белгилаб қўйилган.
Танлов ҳар икки йилда бир маротаба ташкил этилади. Танловда олий ёки биринчи малака тоифасига ҳамда камида беш йиллик педагогик иш стажга эга, таълим ташкилотларида танлов ўтказиладиган ўқув йили бошидан асосий штатда фаолият юритаётган фан ёки бошланғич синф ўқитувчиси иштирок этади.
Танловда иштирок этаётган педагоглар тегишли платформа орқали биринчи босқич натижалари (эгалланган балл ва ўрин) билан танишишлари, шунингдек, ўз натижаларидан норози бўлган номзодлар электрон шаклда ариза (шикоят) бериши мумкин.
Вазирлар Маҳкамасининг 2025 йил 28 апрелдаги тегишли қарори билан тасдиқланган “Йил ўқитувчиси” танловини ўтказиш тартиби тўғрисида”ги Низом талабларига кўра, мазкур аризаларни бериш муддати 3 (уч) иш куни этиб белгилангани муносабати билан, аризаларни юбориш жорий йил 21 январь куни соат 23:59 да якунланади.
Маълумот ўрнида таъкидлаш лозимки, мазкур ариза (шикоят)лар рўйхатга олинган кундан бошлаб 15 (ўн беш) иш кунида кўриб чиқилади ҳамда натижаси мазкур муддат давомида педагогларнинг pedagog.uzedu.uz платформасидаги ўз шахсий кабинетлари орқали юборилади.
Муҳайё Тошқораева,
ЎзА