Spanish
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
“Йил ўқитувчиси” танлови  давом этмоқда
13:53 / 2026-02-16

Қорақалпоғистон Республикасида “Йил ўқитувчиси” танловининг иккинчи босқич синовлари қизғин давом этмоқда. Ушбу босқичда Оролбўйининг турли ҳудудларидан танлаб олинган жами 51 нафар педагог ўз билим, тажриба ва касбий маҳоратини намойиш этмоқда.

Синов жараёнлари ҳозирги вақтда Нукус шаҳридаги 55-сонли, Кегейли туманидаги 55-сонли, Чимбой туманидаги 40-сонли, Қўнғирот туманидаги 53-сонли ва Беруний туманидаги 1-сонли умумий ўрта таълим мактабларида ташкил этилган. Мусобақалар очиқлик, шаффофлик ва адолат тамойиллари асосида ўтказилмоқда. Бунда номзодлар ўз фани бўйича ўқувчилар билан ишлаш, уларни дарсга қизиқтириш маҳоратини намойиш этади ва энг юқори баҳоланган иштирокчи кейинги босқичда қатнашади. 

Иккинчи босқич синовларини ҳакамлар ҳайъати билан биргаликда номзод истиқомат қиладиган шаҳар ва туманда фаолият юритаётган педагоглар ҳам овоз бериш йўли билан баҳолаб боради. Бунда ҳакамлар 60 баллик тизим асосида, овоз берувчи ўқитувчилар эса 40 баллик тизимда баҳолайди. Дарс ўтиш жараёнлари узлуксиз, тўлиқ ва монтажсиз тарзда видеокамерага ёзиб олиниб, pedagog.uzedu.uz платформасига жойлаштирилади. Ундан кейин шу платформа орқали овоз берилади.

Иккинчи босқич якунларига кўра, ҳар бир шаҳар ва тумандан энг юқори балл тўплаган икки нафар номзод танловнинг учинчи босқичида иштирок этиш учун тавсия этилади.

[gallery-27680]

– Устозлик бу нафақат касб, балки юксак масъулиятдир. Танловда Беруний туманидаги 1-сонли умумий ўрта таълим мактабида 7 синф ўқувчиларига кимё фанидан “Водороднинг хоссалари ва ишлатилиши: кенг қамровли таҳлил” мавзусида дарс ўтдим. Ўқувчилар фаол иштирок этишди. Келгусида ҳам бундай танловларда иштирок этмоқчиман, – дейди Элликқалъа тумани 56-мактабнинг кимё фани ўқитувчиси Шуҳрат Аҳмедов.

Маълумот учун: танловнинг иккинчи босқичи шу йилнинг 10 февралидан бошланиб 19 февраль кунигача давом этади. Мазкур танлов 3 босқичдан иборат ва унда ғолиб бўлган 208 та шаҳар ва тумандан бир нафардан ўқитувчи қарийб 600 миллион сўм пул мукофоти эгасига айланади.

Довуд Абибуллаев, Мақсад Ҳабибуллаев (сурат), ЎзА.