Oʻzbek
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
“Йил ўқитувчиси” – педагогик маҳорат ва салоҳият синови
20:09 / 2026-02-12

Айни кунларда Вазирлар Маҳкамасининг тегишли қарори асосида республика бўйлаб умумий ўрта таълим ташкилотлари педагог ходимлари ўртасида “Йил ўқитувчиси” танлови кенг кўламда ўтказилмоқда. Мазкур танлов ўқитувчиларнинг касбий маҳоратини ошириш, илғор педагогик тажрибаларни аниқлаш ва оммалаштириш, таълим сифатини юксалтиришга қаратилган муҳим ташаббус сифатида алоҳида аҳамият касб этмоқда.

Бухоро вилоятида мазкур танловнинг иккинчи босқичи Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги томонидан юқори савияда ташкил этилмоқда. Танлов жорий йилнинг 10-17 февраль кунлари давомида вилоятнинг 4 та ҳудудида ўтказилиши режалаштирилган. Ушбу босқичда дастлабки саралаш натижаларига кўра танлаб олинган 39 нафар педагог иштирок этиши белгиланган.

Бугун Вобкент ва Қоровулбозор туманларидан саралаб олинган 3 нафардан жами 6 нафар номзод икки манзилда ўтаётган синов жараёнларида ўз билим ва маҳоратларини намоён этди. Иштирокчилар учун яратилган шарт-шароитлар, танловни ташкил этиш жараёнининг шаффофлиги ва адолатли баҳолаш тизими жараён иштирокчилари томонидан ижобий баҳоланмоқда.

[gallery-27633]

Танлов иштирокчиларидан бири – Бухоро туманидаги 2-мактабнинг ўзбек тили фани ўқитувчиси Зилола Муҳиддинова ўз таассуротлари билан ўртоқлашди:

– 2025 йилда кузги аттестация жараёнларида иштирок этиб, 96 баллни қўлга киритдим ва шу орқали “Йил ўқитувчиси” танловида иштирок этиш имкониятига эга бўлдим. Бугун танловнинг иккинчи босқичи мен учун жуда ҳаяжонли ва масъулиятли тарзда ўтди. Тасодифий танланган синфда, тасодифий мавзу асосида дарс ўтиш талаб этилди. Нотаниш муҳит ва нотаниш ўқувчилар даврасида дастлаб бироз ҳаяжонландим. Аммо қисқа фурсат ичида бор эътиборимни педагогик маҳоратини намоён этишга, мавзуни мазмунли, қизиқарли ва тушунарли тарзда етказишга қаратдим. Ўйлайманки, натижаларим ёмон бўлмади. Бундай танловлар ўқитувчиларни янада изланишга, ўз устида ишлашга, педагогик маҳоратини мунтазам оширишга ва касбий салоҳиятини ривожлантиришга ундайди.

“Йил ўқитувчиси” танлови педагогларнинг касбий салоҳиятини холисона баҳолаш, илғор тажрибаларни аниқлаш ва оммалаштириш, таълим жараёнига инновацион ёндашувларни жорий этиш, шу орқали таълим сифати ва самарадорлигини оширишга хизмат қилаётган муҳим майдон сифатида ўз аҳамиятини намоён этмоқда.

Қарорга асосан, танловда ҳар бир туман (шаҳар) бўйича биринчи ўринни эгаллаган ғолиб педагоглар пул мукофоти билан тақдирланади.  

Зариф Комилов, Тоҳиржон Истатов (сурат), ЎзА мухбирлари