Божхона қўмитасида божхона органлари фаолиятининг 2023 йил якунларига бағишланган ҳайъат йиғилиши бўлиб ўтди.
Унда 2023 йил божхона органлари учун муносиб кўрсаткичлар билан якунланаётгани қайд этилди. Жумладан, жорий йилда Давлат бюджетига 58,4 трлн. сўм божхона тўловлари ундирилиб, бу кўрсаткич ўтган йилга нисбатан 27 фоизга ошди.
2023 йилда 9,2 тоннага яқин гиёҳвандлик воситалари, 663 минг дона психотроп ва кучли таъсир этувчи моддалар, 21 мингта тақиқланган материаллар, 21 та қурол ва 8626 та ўқ-дорилар, 28 млрд. сўм эквивалентидаги валюта қимматликлари, 162 кг. заргарлик буюмлари, 5,6 млн. қути тамаки маҳсулотлари ҳамда 4,8 млн. дона пиротехника воситалари ушлаб қолинди.
Умумий ҳисобда аниқланган 21 мингдан ортиқ божхона қонунбузилиши ҳолатларида қарийиб 1 трлн. сўмлик товарларнинг ноқонуний айланувига чек қўйилди. Ўтаётган йилда божхона органларининг ижтимоий соҳа объектларини қўллаб-қувватлаш борасидаги ишлари янги босқичга кўтарилди. Мажлисда зудлик билан ечимини кутаётган муаммолар ҳам борлиги, шу сабабли эришилган натижаларга маҳлиё бўлишнинг фурсати эмаслиги таъкидланди. Шунингдек, божхона ишини такомиллаштириш ва мавжуд муаммоларни бартараф этишда чуқур таҳлилий маълумотларга асосланишга етарлича эътибор қаратилмаётгани кескин танқид қилинди.
– Имтиёз ва преференциялардан мақсадли фойдаланилаётганини мониторинг қилишда солиқ органлари билан яқиндан ҳамкорлик йўлга қўйилмаган, – деди Божхона қўмита раиси А.Мавлонов. – Бюджетга тушумлар тўлиқ таъминлансагина давлатимиз раҳбари томонидан амалга оширилаётган ислоҳотларга, айниқса, иқтисодий ва ижтимоий соҳалардаги устувор вазифалар ижросига ижобий таъсир қилади. Шу йўл билан божхона ислоҳотларга камарбаста эканлигини амалда исботлаши керак.
Таъкидланишича, жорий йилда чегаралар орқали ҳаракатланган фуқаролар 59 фоизга ошиб, 37 млн. нафарни, юкли автотранспорт воситалари 65 фоизга ошиб, 576 мингтани, юкли темир йўл вагонлари ва контейнерлари эса 39 фоизга ошиб, 570 мингтани ташкил қилди.
Яъни, жами божхона назорати объектлари бир йилнинг ўзида 14 миллионтага кўпайган. Агар шу тенденция сақланиб қолса, яқин уч йилда божхона назорати объектлари бугунги кунга нисбатан 100 миллиондан ошиб кетади.
Йиғилишда назоратда турган товарларни якуний режимга расмийлаштириш, божхона кузатуви остида товарларни ташиш йўналишида ишларни янада кучайтириш лозимлиги қайд этилди.
Ш.Маматуропова, ЎзА