Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи Қашқадарё вилояти Кенгаши ташаббуси билан бир қатор ҳамкор ташкилотлар иштирокида “Йил эътирофи – 2025” форуми бўлиб ўтди.
Тадбир Жануби-ғарб махсус ҳарбий округ қўмондонлиги, Ўзбекистон Республикаси Ҳарбий хавфсизлик ва мудофаа университети Ҳарбий авиация институти, вилоятдаги куч тузилмалари, Ёшлар ишлари агентлиги ҳамда олий таълим муассасалари ҳамкорлигида ташкил этилди. Унда ҳарбий қисмлар ва олий таълим муассасаларида фаолият юритаётган Ўзбекистон Ёшлар иттифоқининг бошланғич ташкилот етакчилари иштирок этди.
Форумдан кўзланган асосий мақсад ёшлар орасида ватанпарварлик туйғуларини янада мустаҳкамлаш, уларнинг Қуролли Кучларимизга бўлган ижобий муносабатини кучайтириш, ҳарбий хизмат нуфузини ошириш, шунингдек, ёшларни жисмонан соғлом ва маънан етук, мустақил фикрлайдиган баркамол авлод сифатида тарбиялашдан иборат.
[gallery-26929]
Тадбир доирасида 2025 йил давомида ҳарбий қисмлар ва олий таълим муассасаларидаги бошланғич ташкилотлар томонидан амалга оширилган ишлар сарҳисоб қилиниб, ёшларни ҳарбий-ватанпарварлик руҳида тарбиялашга муносиб ҳисса қўшиб келаётган етакчилар ва ҳамкор ташкилотлар рағбатлантирилди.
Форум давомида ёшлар учун концерт дастури, ҳарбий хизматчиларнинг кўргазмали чиқишлари намойиш этилди. Шунингдек, фаол бошланғич ташкилот етакчилари ҳамда ҳамкор ташкилотлар вакиллари диплом ва қимматбаҳо эсдалик совғалари билан тақдирланди.
Ўлмас Баротов, Жамшид Норқобилов (сурат), ЎзА мухбирлари