Пойтахтимизда “Йил аёли” миллий танловининг Тошкент шаҳар босқичи ғолибларини тақдирлаш маросими бўлиб ўтди.
Давлат ва жамият ҳаётида фаол иштирок этаётган хотин-қизларни аниқлаш, уларнинг ютуқларини кенг тарғиб этиш мақсадида Президентимиз фармони асосида ташкил этилган “Йил аёли” миллий танловининг Тошкент шаҳар босқичида Тошкент шаҳар ҳокимлиги, Тошкент шаҳар Оила ва хотин-қизлар бошқармаси раҳбарияти ҳамда туман Оила ва хотин-қизлар бўлими вакиллари, танловнинг шаҳар босқичи ғолиблари, шунингдек ҳамкор ташкилотларнинг раҳбар аёллари иштирок этди.

Тадбирда қайд этилганидек, бугунги кунда Ўзбекистонда яшаётган ҳар бир оила фаровон турмуш кечириши учун барча имкониятлар яратилмоқда.
Хотин-қизларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини кенгайтиришга, оилалар фаровонлигини таъминлашга қаратилган миллий тажриба – Ўзбекистон модели амалга оширилмоқда. Мазкур танлов ҳам хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш ва уларни муносиб тақдирлаш учун анъанавий тарзда йўлга қўйилган.

Танловнинг шаҳар босқичида 35 ёшдан ошган, ўз йўналиши бўйича камида 5 йил давомида узлуксиз меҳнат қилиб келаётган 85 нафар хотин-қиз ўз салоҳияти ва ташаббуслари билан қатнашди. Якуний натижаларга кўра, 11 та номинация бўйича ғолиблар аниқланди.
Тадбир якунида барча номинациялар бўйича шаҳар босқичи ғолиблари тақдирланиб, уларга Республика босқичида иштирок этиш учун йўлланмалар тақдим этилди.
Гулноза Бобоева, ЎзА