Президентимиз «Маърифатли жамиятни маърифатли оналарсиз қуриб бўлмайди!» ғоясини илгари сурар экан, аёлларнинг наинки оила ва жамиятдаги, балки Ватан ва миллат тақдиридаги ўрни беқиёс эканини ҳам алоҳида таъкидлайди.
Ўзбекистон касаба уюшмалари саройида «Аёли эъзозланган юрт!» мавзуидаги маданий-маърифий тадбирлар мажмуаси бўлиб ўтди. Унинг доирасида «Йил аёли» миллий танлови, Оила ва хотин-қизлар давлат қўмитасининг «Энг намунали бошланғич ташкилоти», «Энг фаол тадбиркор аёл» кўрик-танловлари ғолибларини тақдирлаш маросими ўтказилди.
Турли жабҳаларда фаоллик кўрсатаётган фидойи хотин-қизларни аниқлашда кўрик-танловларнинг аҳамияти катта.
Давлатимиз раҳбарининг 2022 йил 7 мартдаги фармони билан тасдиқланган Миллий дастур ҳамда Олий Мажлис Сенати Кенгашининг қарорига мувофиқ, жамият ҳаётида фаол қатнашаётган, ҳар жиҳатдан ибратли хотин-қизларни аниқлаш, уларнинг фаолиятини кенг жамоатчиликка таништириш, илғор иш тажрибаларини оммалаштириш мақсадида «Йил аёли» миллий танловини ўтказиш белгиланган.
Оила ва хотин-қизлар давлат қўмитасининг «Энг намунали бошланғич ташкилоти» кўрик-танлови аёлларнинг аҳволини яхшилаш, ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоялашда фидойилик билан меҳнат қилаётган бошланғич ташкилотлари раисларини аниқлаш, уларнинг илғор иш тажриба ва услубларини кенг ёйиш мақсадида уч босқичда ташкил этилди. Унинг туман (шаҳар) босқичларида 4 минг 160 нафар номзод бошланғич ташкилотнинг фаолияти ўрганилди.
Танловнинг республика босқичи натижасига кўра, йигирма нафардан ортиқ ғолиб бошланғич ташкилотлари аниқланди.
[gallery-10077]
Танловда 35 ёшдан юқори ҳамда ўз йўналиши фаолият билан камида 5 йил мобайнида узлуксиз шуғулланиб келаётган аёллар, шунингдек, уй бекалари иштирок этади. Жорий йилда мазкур танловда 4 минг 600 нафардан ортиқ хотин-қиз қатнашди. Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳри босқичида қатнашган 147 нафар номзод республика босқичига тавсия этилди.
Ҳакамлар ҳайъати қарори билан «Йил аёли» танловининг республика босқичида «Йилнинг энг ватанпарвар аёли», «Йилнинг энг фаол олима аёли», «Йилнинг энг илғор тадбиркор аёли», «Йилнинг энг яхши ижодкор аёли», «Ўзи касбининг устаси бўлган йил аёли», «Йилнинг энг кучли маънавий-маърифий тарғиботчиси», «Йилнинг энг яхши уй бекаси», «Йилнинг энг жонкуяр устози», «Йилнинг энг фаол соғлом турмуш тарзи тарғиботчиси», «Йилнинг энг ғоялар ташаббускори», «Йилнинг энг яхши IT - дастурчи аёли» йўналишлари бўйича ғолиблар аниқланди.
«Йил аёли» танловининг республика босқичида Гран-прига Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университетининг инглиз тили таржима назарияси кафедраси профессори Гули Эргашева лойиқ топилди. Унга Президент совғаси – “Nexia-3» автомашинаси, махсус статуэтка ва диплом топширилди.
"Мамлакатимизда аёлларни қўллаб-қувватлаш, ижтимоий ҳимоялаш масаласи доимий эътиборда. Ўзбекистонда Европа аёлларидан фарқли равишда аёллар уй бекаси, келин, меҳрибон она, касб эгаси, илм жабҳасининг фидойиси сифатида фаолият кўрсатмоқда. Ўз фаолиятим давомида университетимизда жамоатчилик асосидаги 8 та илмий-тадқиқот институтини ташкил этдим. Булар назарий ва амалий лингвистика, экология, журналистика, сиёсатшунослик, таржимашунослик, чет тилларини ўқитиш, валидация каби йўналишларни қамрайди. Бу йўналишлар олий таълим ва тадқиқотларни янада юқори поғонага олиб чиқишга қаратилгандир", деди «Йил аёли» танловининг Гран-при соҳибаси, Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университети профессори, 5 нафар фарзанднинг онаси Гули Эргашева.
Санъат усталари ва ижрочи ёшлар иштирокидаги катта концерт дастури намойиш этилди.
Тантанали тадбирда Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари, Оила ва хотин-қизлар давлат қўмитаси раиси Зулайҳо Маҳкамова иштирок этди.
Назокат Усмонова, Носиржон Ҳайдаров (сурат), ЎзА