Оиласида ўзини бахтли ҳис қилган, ҳаёти хотиржам аёлнинг соғлиғи мустаҳкам, ишида унум, янги режалар сари якдил қадами бўлади. Бу ҳаётнинг ёзилмаган қонуни. Агар аёлларни қийнаётган турли муаммолар ва оғриқли масалаларга ўз вақтида ечим изланмаса, жамият ривожига салбий таъсирини кўрсатаверади. Бугун мамлакатимизда аёлларни ижтимоий-иқтисодий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш давлатимиз раҳбарининг алоҳида назорати остида.
Барча жабҳаларда хотин-қизларнинг фаоллигини ошириш, уларнинг таълим ва касбий кўникмалар олиши ҳамда бандлигини таъминлашга кўмаклашиш, тадбиркорлик ва бошқа ташаббусларини қўллаб-қувватлаш, бир сўз билан айтганда, аёлнинг чинакам бахтли яшаши учун, интеллектуал ва маънавий юксалиши, касбий, оилавий ва жамият ҳаётидаги мажбуриятларини ҳамоҳанг тарзда бажариши йўлида кенг қамровли ишлар амалга оширилмоқда. Хотин-қизларнинг муаммоларига самарали ечим топиш, масалага комплекс ёндашиш бўйича турли механизмлар жорий этилмоқда. Амалга оширилаётган чора-тадбирлар натижасида аёлларнинг соҳалардаги улуши ҳам ортиб бормоқда.
Маълумки, фан ва гендер тенглик 2030 йилгача бўлган Барқарор ривожланиш кун тартибида баён этилган тараққиёт мақсадларига эришишнинг ажралмас қисмидир. Бинобарин, БМТ Барқарор ривожланиш мақсадларидан бири – гендер тенгликни таъминлаш, хотин-қизларнинг ҳуқуқ ва имкониятларини кенгайтириш, давлат бошқаруви тизимида аёллар иштирокини таъминлашдан иборат.
Ўзбекистон бошқарув тизимида аёллар улуши 33 фоиздан ошди. Юртимиз бўйича икки мингга яқин хотин-қиз турли даражадаги раҳбарлик лавозимларида ишлаб келмоқда.
Жамият ҳаётида фаол иштирок этаётган, ҳар жиҳатдан ибратли хотин-қизларни аниқлаш, уларнинг фаолиятини кенг жамоатчиликка яқиндан таништириш ҳамда илғор иш тажрибаларини оммалаштириш мақсадида “Йил аёли” миллий танловини ўтказиш белгиланган. Танлов низомига кўра, Ўзбекистон Республикаси фуқароси бўлган 35 ёшдан юқори ҳамда ўз йўналиши бўйича фаолият билан камида 5 йил мобайнида узлуксиз шуғулланиб келаётган аёллар, шунингдек, уй бекалари ҳам ушбу танловда иштирок этиши мумкин.
Хўш, жорий йилда мазкур танловнинг ташкил этилишида шаффофлик қай даражада таъминланди?
– Танловнинг жорий йил 10 ноябрь – 7 декабрь кунлари бўлиб ўтган Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар босқичида жами 1 минг 356 нафар аёл белгиланган 3 та шарт асосида иштирок этиб, натижаларга кўра, республика босқичига 11 та номинация бўйича 144 та ҳужжат тақдим этилди, – дейди Оила ва хотин-қизларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигини ошириш, гендер тенгликни таъминлаш ва халқаро муносабатларни ривожлантириш бошқармаси бошлиғи Ўғилой Ўрозова. – 144 нафар хотин-қиз билан уч кун муддат давомида тегишли тартибда суҳбатлар ташкил этилди.
Аслида танловнинг вазифаси нафақат давлат ва жамият ҳаётида фаол иштирок этаётган, ҳар жиҳатдан ибратли, истеъдодли аёлларни аниқлаш, балки аёллар орасида профессионаллик, ишбилармонлик, рақобатбардошлик муҳитини шакллантиришга имкон бериш ва билим даражасини ошириш учун зарур шарт-шароит яратишдан ҳам иборат.
Танловнинг ҳудудий босқичлари ҳам юқори даражада ташкил этилди. Ташкилий қўмиталар аъзолари томонидан танловнинг тегишли босқич ғолиблари фаолияти жойига чиқиб ўрганилди. Ҳар бир босқичда тегишли Низомда белгиланган қоидаларга риоя этилиши назоратга олинди. Шуни алоҳида қайд этиш лозимки, танловнинг барча босқичларида ғолиб бўлган ҳамда фаол қатнашган иштирокчиларнинг ҳужжатлари Оила ва хотин-қизлар қўмитаси ҳамда ҳудудий бўлимларида 1 йил муддатда сақланади.
Танлов иштирокчилари ҳакамлар ҳайъати қарори юзасидан танловнинг ҳар бир босқичи якуни бўйича бир кун муддатда ҳакамлар ҳайъати раиси номига аппеляция шикояти (ариза) бериши мумкин. Танлов қонунийлик, ошкоралик, адолатлилик, тенглик каби асосий принципларга риоя қилган ҳолда ташкил этилмаса, республика ва ҳудудий ташкилий қўмиталарнинг раислари ва аъзолари шахсан жавобгар ҳисобланади.
<iframe width="650" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/YmjNAULoIx0" title="“Yil ayoli” tanlovi adolatli tashkil etildimi?" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" allowfullscreen></iframe>
Муҳайё Тошқораева, ЎзА