Андижон давлат университетида “Йил аёли” миллий танловининг вилоят босқичи ғолибларини тақдирлашга бағишланган тантанали тадбир бўлиб ўтди.
Кенг жамоатчилик вакиллари иштирокида ўтказилган тадбир очилишида Андижон вилояти ҳокимининг хотин-қизлар масалалари бўйича маслаҳатчиси Ферузахон Рустамова ва бошқалар сўзга чиқиб, мамлакатимизда хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг жамиятдаги ўрни ва нуфузини оширишга қаратилган кенг қамровли ислоҳотлар амалга оширилаётганини таъкидлади.
Таъкидланишича, Ўзбекистон Оила ва хотин-қизлар қўмитаси ҳамда бир қатор ташкилотлар ҳамкорлигида мамлакатнинг ижтимоий-иқтисодий тараққиётига муносиб ҳисса қўшаётган, юксак маънавияти ва ибратли фаолияти билан ажралиб турган хотин-қизларни қўллаб-қувватлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Шу мақсадда ташкил этилган “Йил аёли” танловининг вилоят босқичида туман ва шаҳар босқичларида ғолиб бўлган 126 нафар иштирокчининг ҳужжатлари белгиланган тартибда кўриб чиқилди.
Иштирокчилар орасидан замонавий ўзбек аёли тимсолини ўзида мужассам эта олган, фаол ва ўз соҳасида намунали иш олиб бораётган аёллар “Йилнинг энг ватанпарвар аёли”, “Йилнинг энг илғор тадбиркор аёли”, “Йилнинг энг яхши ижодкор аёли”, “Йилнинг энг яхши IT – дастурчи аёли” сингари 11 та номинация бўйича ғолиб деб топилди.
– Фаолиятим муносиб баҳоланиб, танловда “Йилнинг энг яхши IT – дастурчи аёли” деб эътироф этилганлигимдан хурсандман, – дейди Избоскан туманидаги 18-умумтаълим мактаби информатика ва ахборот технологиялари фани ўқитувчиси Одинахон Заҳриддинова. – “Google Sertified Educator”, “Micrasoft Sertified Educator” халқаро сертификатлари соҳибасиман. IT соҳасида қатор лойиҳаларни амалга оширдим. Жумладан, мактабларнинг IT инфратузилмасини яхшилаш мақсадида “Сунъий интеллектда SI chat-bot prompt дастурлари” доирасида тумандаги информатика фани ўқитувчиларига тренерлик қилиб келаман. Бундан ташқари, туман ҳокимлиги матбуот хизматининг “Сунъий интеллект мухбири” дастурини ҳам яратиб, ишга туширдим.
[gallery-26639]
Танловда ғолиб сифатида эътироф этилганим менга куч, шижоат ва рағбат берди. Жамиятимиз ижтимоий ҳаётида янада фаол бўлишга, юртдошларимиз, хусусан, ёшларнинг IT соҳасидаги билим ва салоҳиятини янада бойитишга ҳаракат қиламан.
Танловнинг ғолиб ва совриндорларига вилоят ҳокимлигининг фахрий ёрлиқ ҳамда эсдалик совғалари топширилди.
Тадбир якунида намойиш этилган бадиий дастур барчага хуш кайфият улашди.
Ф.Убайдуллаев,
З.Умрзоқов (сурат), ЎзА мухбирлари