Урганчда “Йил аёли – 2025” миллий танловининг Хоразм вилоят босқичи ғолибларини тақдирлаш маросими ўтказилди.
Тадбирни Хоразм вилояти ҳокимининг ўринбосари, Оила ва хотин-қизлар бошқармаси бошлиғи Нигора Кутлимуратова кириш сўзи билан очиб берди.
У ўз нутқида аёлларнинг жамият тараққиётидаги ўрни, уларнинг илм-фан, таълим, соғлиқни сақлаш, тадбиркорлик ва бошқа соҳалардаги ютуқлари юртимиз равнақи учун муҳим эканини таъкидлади.
Шундан сўнг, жамиятимизнинг турли жабҳаларида фаолият юритиб, ўз меҳнати, ташаббускорлиги ва ибратли ҳаёт йўли билан алоҳида ажралиб турган аёллар – “Йил аёли – 2025” миллий танловининг вилоят босқичи ғолиблари тантанали равишда тақдирланди. Уларнинг ижтимоий ҳаётдаги фаоллиги ва юрт ривожига қўшаётган ҳиссаси алоҳида эътироф этилди.
Хонқалик информатика фани ўқитувчиси Камола Қодирова ушбу танловининг вилоят босқичида “Йилнинг энг яхши IT аёл дастурчиси” номинацияси ғолиби деб топилди.
—Фаолиятим давомида ахборот технологиялари соҳасида юқори касбий маҳоратга эга бўлишга, таълим жараёнига инновацион ёндашув ҳамда ўқувчиларда дастурлаш компетенцияларини шакллантиришга ҳаракат қиламан, —дейди Камола Қодирова. — Менинг замонавий IT лойиҳаларим, методик ишланмаларим ва ўқувчиларимнинг эришаётган ютуқлари танлов ҳайъати томонидан муносиб эътироф этилди. Мен бундан жуда хурсандман. Мазкур ғалаба мени педагог сифатида узлуксиз изланишга ва фидокорона меҳнат қилишга ундайди.
Шу тадбирда “Гендер тенглик фаоли” миллий танловининг вилоят босқичи ғолиблари ҳам эълон қилиниб, улар жамиятда гендер тенгликни тарғиб этиш, хотин-қизлар фаоллигини ошириш ҳамда ижтимоий ҳаётда тенг имкониятларни кенгайтиришга қаратилган ташаббус ва лойиҳалари учун тантанали равишда тақдирланди.
[gallery-26725]
Хива шаҳар ҳокимлиги миллий танловда “Энг фаол ҳудудий ҳокимлик” номинациясига лойиқ кўрилди.
Тадбир доирасида миллий либослар кўргазмаси намойиши ўтказилиб, унда юртимизнинг миллий қадриятларини акс эттирувчи ёрқин образлар тақдим этилди.
Хоразмнинг хушовоз хонандалари куй-қўшиқлари билан иштирокчиларга байрамона кайфият улашиб, тадбирга ўзига хос завқ ва кўтаринкилик бағишлади.
Аҳмаджон Шокиров,
Беҳзод Саидов (сурат), ЎзА