Мамлакатимизда иқтисодий, сиёсий ва ижтимоий ҳаётнинг барча жабҳаларида хотин-қизлар фаоллигини ошириш, бандлигига кўмаклашиш, тадбиркорлик ташаббусларини қўллаб-қувватлаш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда.
Жойларда «Аёллар дафтари»ни шакллантириш ва унга киритилган хотин-қизлар муаммолари, эҳтиёжлари ва қизиқишларини тизимли ўрганиш, таҳлил қилиш ва ҳал этиш борасидаги ишларни сифат жиҳатидан янги босқичга олиб чиқишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Президентимизнинг жорий йил 5 мартдаги «Хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг жамият ҳаётидаги фаол иштирокини таъминлаш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори бу борадаги ишлар самарадорлигини янада оширишда муҳим аҳамият касб этмоқда.

Хотин-қизларга қаратилаётган юксак эътибор натижасида уларнинг давлат ва жамият бошқарувидаги роли тобора ортмоқда.
Сирдарё вилоятида ҳам «Аёллар дафтари»га киритилган 33 минг 22 нафар аёлга моддий-маънавий, ҳуқуқий, психологик ёрдам кўрсатилди. Шу жумладан 2 минг 717 нафарига ўз тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйиши учун 37 миллиард сўмдан зиёд кредит ажратилди. «Аёллар дафтари» жамғармасидан хотин-қизларни қўллаб-қувватлашга 7,5 миллиард сўмдан зиёд маблағ берилди.
Мазкур танловини ўтказишдан мақсад, мамлакатимиз ривожига муносиб ҳисса қўшиб келаётган, юксак маънавиятли, оилада ва фарзанд тарбиясида ибрат, ўзлари фаолият кўрсатаётган ташкилотлар нуфузини оширишда фаол иштирок этаётган турли соҳа эгалари бўлган хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш, илғор тажрибаларини оммалаштиришдан иборатдир.
«Йил аёли – 2021» танловининг туман ва шаҳар босқичлари жорий йилнинг 2-6 ноябрь кунлари ўтказилиб, унда 500 нафар хотин-қиз иштирок этди. Муайян бир соҳада кўп йиллар самарали меҳнат қилганлиги, изланувчанлиги, эришган ютуқлари, ташаббуслари инобатга олинган ҳолда аниқланган 11 нафар номзод вилоят босқичида иштирок этиш учун тавсия этилди.
Танловнинг вилоят босқичида вилоят ҳокими, сенатор Ғофуржон Мирзаев қатнашди.
Танлов якунига кўра, Мирзаобод туманидан Ирода Исакова биринчи, Ховос туманидан Феруза Турдибоева иккинчи, Гулистон тумани Назира Мираширова учинчи ўринни эгаллади. Шунингдек, “Йилнинг энг ватанпарвар аёли”, “Йилнинг энг илғор тадбиркор аёли”, “Йилнинг энг яхши ижодкор аёли”, “Ўз касбининг устаси бўлган йил аёли”,“Йилнинг энг кучли маънавий-маърифий тарғиботчиси”, “Йилнинг энг жонкуяр устози”, “Йилнинг энг фаол соғлом турмуш тарзи ташкилотчиси”, “Йилнинг энг янги ғоялар ташаббускори” номинациялари бўйича ҳам ғолиблар аниқланди.

Ғолибларга диплом ва қимматбаҳо совғалар топширилди. Тадбир сўнгида санъат усталарининг концерт дастури намойиш этилди.
Шуҳрат Суяров, Фурқат Тошматов (cурат), ЎзА