Навоий шаҳридаги “Маънавият ва маърифат маркази”да республика хотин-қизлар жамоатчилик кенгаши, Олий Мажлис Сенатининг Хотин-қизлар ва гендер тенглик масалалари қўмитаси, Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги, Хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш Давлат мақсадли жамғармаси томонидан эълон қилинган “Йил аёли” миллий танловининг вилоят босқичи ғолиблари аниқланди.
Бу йилги танловда ҳам туман ва шаҳарлар босқичларида ғолибликни қўлга киритган иштирокчилар учта шарт асосида ўзаро беллашди.
Танлов вилоят босқичи ғолибларни тақдирлаш маросимида вилоят Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бошқармаси бошлиғи Азамат Ўроқов сўзга чиқиб, юртимизда хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш, улар учун муносиб шароитлар яратиб бериш борасида амалга оширилаётган ишларга алоҳида тўхталиб ўтди.
Таъкидланганидек, бугунги кунда вилоятда раҳбар ходимларнинг 854 нафари, халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлар депутатларининг эса 115 нафари хотин-қизлардан иборат.
Жорий йилнинг ўтган даври мобайнида “Аёллар дафтари”га киритилган 28 092 нафар хотин-қизга 70 миллиард сўмлик ижтимоий-иқтисодий ёрдам кўрсатилди. Оғир турмуш шароитида яшаётган 76 нафар хотин-қизнинг уй-жой олиши учун бошланғич тўловлари, олий таълим муассасаларида шартнома асосида ўқиётган, боқувчисини йўқотган, ижтимоий ҳимояга муҳтож 97 нафар талаба қизнинг контаракт тўловлари тўлаб берилди.
Ҳакамлар ҳайъатининг якуний хулосасига кўра, танловнинг вилоят босқичида учқудуқлик Рўзигул Қурбонова биринчи, навоийлик Дилнавоз Камолова иккинчи ва конимехлик Зилола Жумаева учинчи ўринни эгаллади ва танловнинг Республика босқичида қатнашиш йўлланмасини қўлга киритди.
[gallery-4869]
– Ўзим Учқудуқдаги Мудофаа вазирлигига қарашли ҳарбий қисмлардан бирида шартнома асосида хизмат қиламан, – дейди 1-ўрин соҳибаси Р.Қурбонова. – Тўғриси, танловнинг республика босқичига йўл оламан, деб ўйламагандим. Аслида менга рақиблик қилган барча дугоналарим ва опаларим кучли ҳамда ушбу миллий танловга алоҳида тайёргарлик кўрганликлари яққол сезилиб турди. Турмуш ўртоғим ҳам ҳарбий. У киши ва 3 нафар фарзандимнинг қўллаб-қувватлаши натижасида бу натижага эришдим, деб ўйлайман.
Бундан ташқари, танловда “Йилнинг энг ватанпарвар аёли”, “Йилнинг энг илғор тадбиркор аёли”,“Йилнинг энг яхши ижодкор аёли", “Йилнинг энг кучли маънавий-маърифий тарғиботчиси”, “Йилнинг энг жонкуяр устози”, “Йилнинг энг фаол соғлом турмуш тарзи тарғиботчиси”, “Йилнинг энг янги ғоялар ташаббускори” номинациялари бўйича ҳам ғолиблар аниқланди ва муносиб тақдирланди.
Тантанали маросимда жамиятимиз ривожига муносиб ҳисса қўшиб келаётган, юксак маънавиятли, оилада ва фарзанд тарбиясида ибрат, ўзлари фаолият кўрсатаётган ташкилотлар нуфузини оширишда фаол иштирок этаётган турли соҳа эгалари бўлган юз нафар хотин-қизга “Ташаккурнома” ва эсдалик совғлари топширилди.
Абдували Бўриев, Сирож Аслонов (сурат), ЎзА