Шарқий ҳарбий округ қўшинларига янги чақирилган, бошланғич ҳарбий тайёргарликка эга бўлган муддатли ҳарбий хизматчилар тантанали равишда Ватанга қасамёд қилди.
Поп тумани Ғурумсарой қишлоғида жойлашган Наманган гарнизонидаги ҳарбий қисмда йигитлик бурчини ўташ учун юртимизнинг турли ҳудудларидан саралаб олинган муддатли ҳарбий хизматчилар учун мазкур тадбир унутилмас воқеага айланди. Унда Шарқий ҳарбий округ қўшинлари қўмондонининг ўринбосари, ҳарбий хизматчилар, муддатли ҳарбий хизматчиларнинг ота-оналари ҳамда кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этди.


Тантанали тадбирда Шарқий ҳарбий округ қўшинлари қўмондонининг ўринбосари, полковник Мақсуд Даминов аскарларга мудофаа вазирининг табригини ўқиб эшиттириб, самимий тилакларини билдирди.

Даставвал, саф майдонига Ватанимиз ва Мудофаа вазирлиги байроғи олиб кирилди. Шундан сўнг, йигитлар қатъият ва ишонч билан халқимиз, Ватанимиз олдидаги йигитлик бурчини адо этиш учун барчанинг гувоҳлигида тантанали равишда қасамёд қабул қилдилар. Муддатли ҳарбий хизматчиларга Президент совғалари топширилди.

Муддатли ҳарбий хизматчилар томонидан кўргазмали қўл жанги ва саф чиқишлари намойиш этилди.
Жанговар ва маънавий-маърифий тайёргарлик фанларидан йигирмадан ортиқ номинацияларда “Энг илғор”, деб топилган бир гуруҳ аскарларнинг ота-оналарига саф майдонида округ қўмондонининг ташаккурномалари тақдим қилинди.
Оқилхон Дадабоев, ЎзА мухбири