Қазақ
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Йигитлар ўртасида ҳарбийликка бўлган қизиқиш кўрсаткичи Қорақалпоғистонда 221 % га ва Хоразмда 158 % га ортди
19:51 / 2021-07-29

Ҳарбий бўлиш, мард ва жасур ўғлонлар каби қурол ва ҳарбий техникадан фойдаланиш, Ватанни ҳимоя қилиш деярли ҳар бир боланинг беғубор орзуси бўлган. Тақдир тақозоси билан ҳамма ҳам бу бахтга эриша олмайди. Чунки ҳарбий бўлиш учун биргини мақсаднинг ўзи етмайди. Мардлар касбини танлаганларни олдинда жиддий синовлар, танлов ва саралашлар кутиб туради.

Сўнгги йилларда мамлакатимиз Қуролли Кучларида амалга оширилаётган ислоҳотлар замирида ҳарбий хизмат нуфузини ошириш, ҳарбий хизматчилар ва уларнинг оила аъзоларига қулай шарт-шароитлар яратиш, уларнинг ижтимоий ҳимоясини таъминлаш каби устувор мақсадлар мужассам. Шу боис бугунги кунда армия сафларини тўлдиришга ошиқаётган йигитларнинг сони кундан-кунга ортиб бормоқда.

Бунинг мисолини Қорақалпоғистон Республикаси ва Хоразм вилоятининг мард, қалби қайноқ ёшларнинг олий ҳарбий таълим муассасаларига ўқишга кириш учун бўлган иштиёқидан ҳам билса бўлади. Зеро, сўнгги бир йил ичида қорақалпоғистонлик ва хоразмликёшларнинг офицерлик касбини эгаллашга бўлган қизиқишибир неча баробар ошгани юқоридаги фикрларимизни исботлаб беради.

Жумладан, келтирилган жадвалларда мамлакатимиз олий ҳарбий таълим муассасаларида ўқишни истаган номзодлар ўртасида Давлат тест синовларига қадар босқичлардан 2020 йилга нисбатан 2021 йилда муваффақиятли ўтганлар кўрсаткичи Қорақалпоғистон Республикасида 221 фоизга ҳамда Хоразм вилояти бўйича 158 фоизга ортганини кўришимиз мумкин. Қолаверса, ҳарбийликка қизиқиб, “Темурбеклар мактаб”ларига ўқишга топшириш кўрсаткичида ҳам ўтган йилга нисбатан юксалиш Қорақалпоғистонда 153 фоизни ва Хоразмда 152 фоизи ташкил этади.

Албатта, жадвалларда келтирилган кўрсаткичларнинг юқорилаб боришига жуда кўп омилларни сабаб қилиб кўрсатса бўлади. Зеро, 2020 йилнинг 20 ноябрь куни Ўзбекистон Республикаси Президенти раислигида ўтказилган йиғилишда давлат раҳбари томонидан умумтаълим муассасаларнинг 11-синф ўқувчиларини “Чақириққа қадар бошланғич тайёргарлик” фанидан олган назарий билимларини мустаҳкамлаш мақсадида ўқув йилида бир марта ҳарбий полигонга олиб чиқиш тизимини жорий этиш бўйича берилган топшириқ ёшлардаҳарбийликка бўлган интилишни янада юксалтиришга хизмат қилмоқда.

11-синф ўқувчилари ўртасида 2021 йилнинг март ойида бошланиб, май ойида якунига етган машғулотларга Қорақалпоғистондан жами 10 942 нафар ва Хоразмдан 11 900 нафар, жами 22 842 нафар ўқувчи ёшлар жалб этилиб, қуролдан амалда ўқ отиш машқини бажарди.

Шунингдек, ўрта махсус ва умумтаълим мактабларнинг Чақирувга қадар бошланғич тайёргарлик фанидан Қорақалпоғистондан 634 нафар ҳамда Хоразмдан 452 нафар, жами 1 086 нафар ўқитувчи ҳам ушбу машғулотларда иштироки таъминланди. Айтиш керакки, бундай машғулотлар мустақил Ўзбекистон тарихида янги саҳифани очиб берди ва соҳада туб ислоҳотларни яратди.

Шимоли-ғарбий ҳарбий округ қўшинлари қўмондонлиги томонидан ҳам мактабларда ўқитилаётган Чақирувга қадар бошланғич тайёргарлик фанига бўлган юксак эътибор эвазига, бугун фан бўйича сифатли таълим бериш учун яратилаётган шарт-шароитлар, такомиллашаётган ўқув-моддий база эртанги кун эгаларининг дастлабки ҳарбий тайёргарликдан зарур билим ва кўникма олишини таъминламоқда. Бугунги кунда ҳарбий округ қўмондонлиги Қорақалпоғистондаги 17 та ва Хоразмдаги 13 та умумтаълим муассасани таянч мактаби сифатидақабул қилиб олган.

Шуни ҳам алоҳида эътироф этиш керакки, ўтган йилдан бошлаб ҳарбий округ томонидан Қорақалпоғистон Республикаси ва Хоразм вилоятидаги барча мактабларда Чақирувга қадар бошланғич тайёргарлик фани ўқитувчилари билан махсус йиғинлар ташкил этилиб, ўқитувчиларнинг билим ва малакаси ошириб борилди. Олий ҳарбий таълим муассасаларига ўқишга кириш истагини билдирган ёшлар билан “Бир ўқитувчига – бир номзод” тамойили асосида ҳарбий округ қўмондонлиги, туман, шаҳар мудофаа ишлари бўлимлари вакиллари кўмаги билан ташкил этилган тизимли ишлар эвазига мана шундай юксак натижаларга эришилмоқда.

Ёшлар ўртасида ўтказилаётган ва ватанпарварликни тарғиб этувчи ҳарбий-спорт мусобақаларининг ўрни ҳам беқиёс. Зеро, жорий йилнинг апрелида Ўзбекистон Республикаси мудофаа вазирининг кубоги учун илк марта ўтказилган “Ватанпарварлар” ҳарбий-спорт мусобақасининг финал босқичида Қорақалпоғистон Республикасининг чекка ҳудудларидан бири – Кегейли туманидаги 41-сон умумтаълим мактабининг “Лочин” жамоаси шоҳсупанинг энг юқори поғонасидан жой олди. Албатта, ҳарбий округ қўмондонлиги томонидан ёшларга берилган юксак эътибор, уларни мусобақага тайёрлашга бўлган амалий ёрдам ўз мевасини бериб, қорақалпоғистонлик ёшлар “Ватанпарварлар” ҳарбий-спорт мусобақасининг тарихида биринчи ғолиб сифатида муҳрланиб қолади.

Таъкидлаш жоизки, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2014 йил 3 июндаги “Ўзбекистон Республикаси олий ҳарбий таълим муассасаларига танлаш тартиби ва қабул қилиш қоидалари тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида”ги 141-сон қарорига мувофиқ олий ҳарбий таълим муассасалари тингловчилари контингентини сифатли бутлаш мақсадида ҳарбий-профессионал йўналиш, дастлабки танлаш, ҳарбий-профессионал танлаш ҳамда тест синовларини назарда тутувчи комплекс босқичма-босқич танлаш амалга оширилади. Бунда олий ҳарбий таълим муассасаларига ўқишга кириш учун номзодлар Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 12 сентябрдаги 4447-сон қарори билан тасдиқланган “Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг ҳарбий хизматни ўташ тартиби тўғрисида”ги низомда белгиланган талабларга жавоб бериши зарур бўлади.

Дастлабки танлаш тадбирлари икки босқичда ўтказилади. Биринчи босқичда ёшлар учун – туман (шаҳар) мудофаа ишлари бўйича бўлимларда, ҳарбий хизматчилар учун – ўз хизмат ўташ жойида 1 февралдан 31 мартга қадар ҳужжатларни тўплаш ва ўрганиш, якка тартибда суҳбатлашиш ҳамда бирламчи тиббий кўрикдан ўтказиш тадбирлари амалга оширилади.

Иккинчи босқичда индивидуал-психологик ўрганиш, умумжисмоний тайёргарлик кўрганлигини баҳолаш, якуний тиббий кўрикдан ўтказиш (ҳарбий округ ҳудудида жойлашган ҳарбий госпиталларда) жараёнлари ўтказилади. Иккинчи босқич ҳам фуқаро ёшлар ва ҳарбий хизматчилар учун мудофаа ишлари бўйича бошқармаларда 1 апрелдан 31 майга қадар амалга оширилади.

Низомга мувофиқ ҳарбий-профессионал танлаш тадбирлари июнь ойида олий ҳарбий таълим муассасаларида ўтказилади. Унда ҳужжатларни ўрганиш, психофизиологик ўрганиш, тиббий кўрикдан ўтказиш, компьютер техникасини ва ахборот-коммуникация технологияларини эгаллаб олганлик даражасини текшириш тадбирлари амалга оширилиб, умумтаълим фанларини билиш даражасини аниқлаш бўйича ёзма имтиҳон қабул қилинади.

Дастлабки танлаш ҳамда ҳарбий-профессионал танлаш тадбирларидан муваффақиятли ўтган номзодлар учун давлат тест синовлари июль-август ойларида республикамизнинг барча олий таълим муассасаларига ўтказиладиган тест синовлари билан бир вақтда Давлат тест маркази томонидан ўтказилади.

Шимоли-ғарбий ҳарбий округ матбуот хизмати