“Миллий тикланиш” демократик партияси Бухоро вилояти кенгаши қошида фаолият юритувчи “Сиёсатчи аёллар” клубининг навбатдаги йиғилиши юқори савияда ташкил этилди. Унда Олий Мажлис Сенати аъзолари, партия вилоят кенгаши раҳбарияти ва ходимлари, маҳаллий кенгашларга партиядан сайланган депутат аёллар, шунингдек, соҳада масъул бўлган мутасаддилар иштирок этишди.
Йиғилиш давомида 2025 йил фаолияти танқидий-таҳлилий руҳда муҳокама қилиниб, амалга оширилган ишлар, эришилган натижалар, йўл қўйилган камчиликлар ҳамда уларни бартараф этиш бўйича аниқ таклиф ва вазифалар белгилаб олинди. Шу билан бирга, хотин-қизларнинг ижтимоий-сиёсий, иқтисодий фаоллигини ошириш, жойларда аниқланаётган муаммоларни депутатлар билан ҳамкорликда тизимли ва самарали ҳал этиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.

Тадбирда сўз олган партия вилоят кенгаши раисининг ўринбосари Гулчеҳра Шарипова хотин-қизларни қўллаб-қувватлашга қаратилган ташаббусларни янада кучайтириш, депутатлик фаолиятини аҳоли манфаатларига хизмат қилдириш, маҳаллий муаммоларни “маҳаллабай” ёндашув асосида ҳал этиш бўйича муҳим тавсия ва кўрсатмалар берди.
Шунингдек, “Сиёсатчи аёллар” клуби раҳбари, халқ депутатлари вилоят Кенгаши депутати Абира Ҳусейнова 2025 йил якунлари бўйича батафсил ҳисобот тақдим этди. Ҳисоботда жорий йил давомида амалга оширилган лойиҳалар, ижтимоий ташаббуслар, аҳоли билан ишлашда эришилган натижалар ҳамда 2026 йил учун белгиланган устувор вазифалар атрофлича ёритиб берилди.
Йиғилишда сўзга чиққан Олий Мажлис Сенати аъзоси Мойра Тошева аёлларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларнинг ижтимоий ташаббусларини рағбатлантириш, қонунчилик даражасида илгари сурилаётган ислоҳотларнинг жойлардаги ижросини таъминлаш масалаларига тўхталиб, бу йўналишда партия ва депутатлар фаолиятининг аҳамиятини алоҳида таъкидлади.
Партиянинг Бухоро тумани Кенгашининг депутати Нафиса Ғайбуллаева эса ҳудудларда аҳоли билан “маҳаллабай” ва “фуқаробай” ишлаш тизими асосида олиб борилаётган амалий ишлар, хотин-қизларнинг бандлигини таъминлаш, уларни касб-ҳунарга йўналтириш, тадбиркорликка жалб этиш бўйича тўпланган тажрибалар ҳақида сўз юритди.

Йиғилишда таъкидланганидек, 2025 йил давомида “Аёллар қаноти” томонидан тасдиқланган иш режа асосида жами 247 та тадбир ташкил этилди. Шунингдек, 52 та видеоролик тайёрланиб, мазкур тадбирларда жами 6085 нафар хотин-қиз иштирок этди. “Уйма-уй” лойиҳаси доирасида 3243 та хонадонга ташриф буюрилиб, 1576 нафар хотин-қиз қамраб олинди. Натижада бандлик бўйича — 356 та, банк кредити бўйича — 167 та, “Устоз-шогирд” анъанаси асосида касбга йўналтириш бўйича — 207 та, соғлиқни сақлаш ва ижтимоий масалалар бўйича — 284 та, уй-жой ва ер-мулк масалалари бўйича — 113 та муаммо ижобий ҳал этилди.
Жойларда 399 та сайёр қабул ва учрашувлар ўтказилиб, жами 6305 нафар аҳоли қамраб олинди. Келиб тушган 600 та мурожаатдан 438 таси ижобий ҳал этилди. “Темир дафтар” ва “Аёллар дафтари”га киритилган фуқаролар муаммолари юзасидан 685 та масала ўрганилиб, шундан 561 таси ижобий ечим топди.
Йиғилиш якунида депутатлик фаолиятини самарали ва ташаббускорлик билан олиб бораётган фаол аъзолар муносиб эътироф этилди, сусткашликка йўл қўйган айрим депутатларга тегишли тавсиялар берилди ҳамда 2026 йил учун аниқ мақсад ва устувор вазифалар белгилаб олинди.
Зариф Комилов, ЎзА мухбири