Spanish
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ёзёвонда карантин жорий этилди
19:16 / 2020-03-27

Бу борада юртимиздаги ҳар бир инсон, ҳар бир оилада жараёндаги бурч ва масъулият туйғусини кучайтириш муҳим аҳамиятга эга.


Айни кунларда мамлакатимизда коронавирус касаллигини юқтириб олиш эҳтимолини имкон қадар чегаралаш, вирусли инфекция тарқалишининг олдини олиш мақсадида кенг қамровли саъй-ҳаракатлар амалга оширилмоқда.

Бу борада юртимиздаги ҳар бир инсон, ҳар бир оилада жараёндаги бурч ва масъулият туйғусини кучайтириш муҳим аҳамиятга эга. Боиси шахсий гигиена қоидаларига қатъий амал қилиш, бугунги эпидемиологик жиҳатдан мураккаб бир шароитда давлатимиз томонидан жорий этилган тартиб-қоидалар тўлиқ бажарилиши хавф-хатар манбаини сезиларли даражада камайтиради.

Афсуски, баъзан мавжуд вазият ва у билан боғлиқ хавф-хатарга нисбатан жиддий муносабатда бўлмаслик ҳолатлари ҳам учраб турибди. Бундай бепарволик ва лоқайдлик коронавирус пандемиясига қарши доимий кураш олиб борилаётган бугунги синовли кунларда кечириб бўлмас ҳолат эканлигини асло унутмаслик зарур.

Хабарингиз бор, Фарғона вилоятида ҳам коронавирус билан касалланиш ҳолати қайд этилди. Афсуски, касаллик билан боғлиқ жиддий бир ҳолатда Ёзёвон туманининг Беруний маҳалласида яшовчи аёл ушбу вирусни Умра сафари пайтида юқтириб келгани айтилмоқда. Оқибатда унинг 4 нафар оила аъзоси ҳам инфекция юқтиргани аниқланди.

Шу муносабат билан 27 март кунидан Ёзёвон туманида карантин ҳолати жорий этилди. Туманнинг чегара ҳудудларида карантин постлари ташкил этилиб, автомашиналар қатнови тартибга солинди. Туман ҳудудига кундалик зарурий озиқ-овқат, қишлоқ хўжалиги ва қурилиш маҳсулотлари олиб кираётган автомашиналар, чегара ҳудуд бўйлаб ҳаракатланаётган пиёдалар дизенфекция ишлари бажарилгандан сўнг киритиляпти. Ёзёвон тумани автомагистралидан транзит йўл сифатида фойдаланаётган қўшни туманлар аҳолисига ҳам дизенфекция жараёнидан кейин ҳаракатланишга рухсат этиляпти.

Фарғона вилояти ҳокими Шуҳрат Ғаниев Ёзёвон туманида бўлиб, чегара ҳудудида ташкил этилган карантин постларида яратилган шароитлар билан яқиндан танишди.

–Бугун халқ бирлашадиган кун, – деди вилоят раҳбари. – Белгиланган карантин қоидаларига амал қилиш, ниқоб тақиш ва санитария-гигиена талабларини сўзсиз бажариш, уйда карантинда бўлиш тартибига риоя этиш керак. Чунки вирусдан ҳимояланиш биринчи навбатда ҳар бир инсоннинг ўзига боғлиқ. Қолаверса, бу борада белгиланган тартиб-қоидаларга риоя этилмагани учун маъмурий ва жиноий жазо чоралари кучайтирилганини ҳам эсдан чиқармаслик лозим.

Тумандаги тўртта сектор раҳбарларига эпидемиологик осойишталик учун шахсан жавобгар эканлиги айтилиб, эзгу мақсад йўлида барча ҳамжиҳат бўлса, коронавирусдан шунчалик тез халос бўлиш мумкинлиги таъкидланди.