Chinese
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ёшларда нега қурол олиб юриш ва жиҳод қилишга қизиқиш пайдо бўлмоқда?
08:58 / 2020-02-24

Айримлар "жиноят ҳақида гапириш жиноятлар кўпайишига сабаб бўлади", деган фикрда.


Айримлар "жиноят ҳақида гапириш жиноятлар кўпайишига сабаб бўлади", деган фикрда. Аммо доно халқимиз “касални яширсанг, иситмаси ошкор қилади”, деган нақлни бежиз айтмаган.

Содир бўлган жиноятларни хаспўшламай, таҳлилдан ўтказиш эса уларнинг туб илдизлари ҳақида ўйлаб кўриш, бартараф этиш чораларини кўришга ёрдам бериши шубҳасиз.

Бош прокуратурада бўлиб ўтган жиноятчиликка қарши курашиш бўйича мувофиқлаштирувчи кенгашининг кенгайтирилган йиғилишида ўтган йилги жиноятлар таҳлил этилар экан, мактаб ўқувчилари томонидан содир этилган жиноятлар кўпайгани қайд этилди.

Бунинг сабаблари нимада? Нега ота-она, таълим даргоҳи назоратида бўлиши керак бўлган ўсмирлар ўз ҳолига ташлаб қўйилди?

Мисол учун, Тошкент шаҳри Яшнобод туманидаги мактаблардан бирида ўқиётган Ш. 7 ой давомида дарсга қатнашмаган. Лекин у синф журналида “сабабли дарс қолдирувчи” сифатида қайд этиб келинган.

Ўқувчи эса Х. исмли шахснинг уйида турли юмушларни бажариб юрган. Ўзаро келишмовчилик оқибатида ўсмир уй эгасини ўлдирган. Воқеага гувоҳ бўлган марҳумнинг турмуш ўртоғи Х. ва унинг дугонаси К.ни ҳам ўлдириш мақсадида уларнинг ҳаётига суиқасд қилган.

Ангренлик мактаб ўқувчиси Ж. эса таниши С.нинг 42 миллион сўмлик тилла буюмларини қўлга киритиш учун уни пичоқ билан қасддан ўлдирган.

Бош прокурор Ниғматилла Йўлдошев вояга етмаганлар етарли даражада назоратга олинмагани, уларнинг пичоқ ва бошқа совуқ қуроллар олиб юришига бефарқ қараш оқибатида жиноят содир этиш кўпайганини танқид остига олди. 2019 йилда таълим муассасаларида 210 нафар ўқувчи совуқ қурол олиб юргани аниқланган.

Ўтган йилда ёшлар томонидан пичоқдан қурол сифатида фойдаланиб, 346 та жиноят содир этилган. Булар асосан қотиллик, тан жароҳати етказиш, босқинчилик ва безорилик жиноятларидир. Уларнинг аксарияти Сурхондарё, Наманган, Андижон, Қашқадарё, Тошкент, Фарғона вилоятлари ва Тошкент шаҳрига тўғри келган.

Мисол учун, Қўқон шаҳридаги мактаб ўқувчиси О. ўзаро келиб чиққан жанжал оқибатида таниши Й.нинг қорин қисмига пичоқ билан уриб, унга оғир тан жароҳати етказган.

Ўсмирлар нафақат тиғли, балки бошқа хавфли қурол билан ҳам мактабга келганига нима дейсиз? Мисол учун, Юнусобод туманидаги мактаб ўқувчиси Ю. отасига тегишли пневматик автоматни металл ўқлари билан мактабга олиб келган.

Ўқувчиларнинг дарсга қатнашишини назорат қилиш бўшаштириб юборилган. Зеро, давомат яхши бўлиши уларнинг назоратсиз қолмаслиги, турли йўлларга кириб кетмаслигини таъминловчи муҳим омилдир.

Аммо Бош прокуратура томонидан ўтказилган давомат тадбирида 2019 йил 9-14 ноябрь кунлари Тошкент шаҳар мактабларида 4 минг 215 нафар, 11-27 ноябрь кунлари Қашқадарёда 1 минг 57 нафар ўқувчи дарсларга сабабсиз қатнашмагани аниқланган.

Ёшлар ижтимоий тармоқлар ва бошқа омиллар таъсирида миллий қадрият, анъаналарга ёт ғояларга берилаётганлиги, экстремистик ва террористик оқимларга қўшилиб қолаётганлиги барчани ташвишга солиши керак.

Хусусан, Тошкент шаҳрида истиқомат қилувчи Т. ижтимоий тармоқлар орқали жиҳодга даъват этувчи маърузаларни тинглаб, Суриядаги террорчилик гуруҳларга бориб қўшилмоқчи бўлган. Бу ёш йигит мамлакатдан чиқиб кетаётганида ушланган.

Бу каби ҳолатлар вояга етаётган, ҳали "оқ ва қора"ни ажрата олмайдиган болалар, катта ҳаётга эндигина қадам қўйган ёшлар билан иш олиб боришда мавжуд услубларни ўзгартириш зарурлигини кўрсатмоқда. Фарзандлар онгу шуурига "ин қураётган" жаҳолат ўрнини маърифат эгаллаши зарур. Бунинг учун масъуллар кўпроқ тер тўкиши, фидойилик кўрсатиши мақсадга мувофиқ.