Arabic
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ёшлар содир этган жиноятлар камаймоқда
22:19 / 2020-01-17

Унда ички ишлар вазири ўринбосари, генерал-майор Азизбек Икромов мамлакатимизда ички ишлар органлари томонидан ҳуқуқбузарликлар профилактикаси юзасидан амалга оширилаётган ишлар тўғрисида атрофлича маълумот берди.


Интерполнинг Ўзбекистондаги Миллий марказий бюросида Ички ишлар вазирлиги Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси бош бошқармаси томонидан “Ўз уйингни, ўз болангни – ўзинг асра” шиори остида ёшлар ўртасида ҳуқуқбузарлик ва жиноятчиликнинг барвақт олдини олишга қаратилган тадбирларни ташкил этиш юзасидан матбуот анжумани ўтказилди.

Унда ички ишлар вазири ўринбосари, генерал-майор Азизбек Икромов мамлакатимизда ички ишлар органлари томонидан ҳуқуқбузарликлар профилактикаси юзасидан амалга оширилаётган ишлар тўғрисида атрофлича маълумот берди. 

Сўнгги йилларда мамлакатимизда тинчлик ва осойишталикни сақлаш, жиноятчиликни жиловлаш ва жамоат хавфсизлигини таъминлаш масалаларига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Ҳудудларда жиноятларнинг барвақт олдини олиш мақсадида “Жиноятга қарши курашиш ҳақиқати ва адолати” тамойили асосида янги тизим йўлга қўйилди. “Ёшларга оид давлат сиёсати тўғрисида”ги қонунга мувофиқ, ички ишлар органлари зиммасига бир қатор вазифалар юклатилган. Хусусан, ёшларнинг ҳуқуқий онги ва маданиятини юксалтиришга доир фаолиятда иштирок этиш, ҳуқуқбузарликлар профилактикасини амалга ошириш, ёш фуқароларни ижтимоий реабилитация қилиш ва ижтимоий мослаштириш чора-тадбирлари кўрилмоқда.

photo5265119263805516803.jpg

Ушбу вазифаларни амалга ошириш учун ўтган вақт давомида республиканинг ҳар бир туман, шаҳар ички ишлар бўлимларида 201 та ёшлар масалалари бўйича бошлиқ ўринбосари лавозими киритилди. Тизим мутасаддилари томонидан ёшларнинг интеллектуал, ижодий ва бошқа турли йўналишлардаги салоҳиятини ривожлантиришга қаратилган ҳуқуқий, ташкилий ва ижтимоий-иқтисодий чора-тадбирлар белгиланди. Жумладан, Ўзбекистон ёшлар иттифоқи билан биргаликда 13 меморандум, қўшма қарор ва манзилли чора-тадбирлар дастурлари қабул қилинди.

Президентимиз томонидан илгари сурилган бешта муҳим ташаббус, яъни ёшларни маданият ва санъатга, жисмоний тарбия ва спортга жалб этиш, улар ўртасида компьютер саводхонлигини ошириш, ёшлар маънавиятини юксалтириш, китобхонликни тарғиб қилиш ва хотин-қизлар бандлигини таъминлаш борасидаги вазифалар ҳаётга изчиллик билан татбиқ этилмоқда.

Ёшлар иттифоқи кафиллиги асосида жиноят содир этган 620 ёшга нисбатан енгилроқ, озодликдан маҳрум этиш билан боғлиқ бўлмаган жазолар тайинланиб, улардан 580 нафарининг бандлиги таъминланди. Адашиб жиноят содир этган 88 минг 343 ёш профилактик ҳисобга олиниб, улар билан ўтказилган якка тартибдаги профилактик ишлар натижасида 42 минг 771 нафари соғлом турмуш тарзига қайтарилди.

photo5264876847261395936.jpg

Амалга оширилган ишлар натижасида ёшлар ўртасида жиноятчиликка нисбатан муросасизлик муҳити шаклланмоқда. 2019 йилда ёшлар томонидан содир этилган жиноятлар сони 2018 йилга нисбатан 2 минг 883 тага камайгани бунинг тасдиғидир.

Тадбирда вазирлик томонидан мамлакатимизда хавфсизликни таъминлаш борасида режалаштирилган ишларга ҳам тўхталиб ўтилди. Жорий йилда ёшларни турли салбий омиллардан асраш, жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олиш мақсадида “Ўз уйингни, ўз болангни – ўзинг асра!” шиори остида кенг кўламли профилактик тадбирлар ўтказилади. Тарғибот тадбирларида ёшлар онгига Ватан ҳимояси шарафли ва муқаддас бурч эканини чуқур сингдириш борасида ишлар олиб борилади.

Ён-атрофимиз ва жаҳонда рўй бераётган сиёсий-ижтимоий жараёнларга холис ёндашган ҳолда ёшларнинг турли ички ва ташқи таҳдидларга қарши мафкуравий иммунитетини шакллантиришга эътибор қаратилади. "Темурбеклар" мактаблари, олий ҳарбий таълим муассасалари, касб-ҳунар коллежлари ва академик лицейларнинг махсус гуруҳлари ва ҳарбий қисмларга экскурсиялар уюштирилади. Ёшлар ўртасида китобхонлик кенг тарғиб этилади.