Ёшлар сайловда фаол иштирок этади
“Мен сайловга тайёрман!” танловининг вилоят босқичида 1 минг 500 га яқин ёшлар қамраб олинди.
Қарши шаҳрида Ўзбекистон ёшлар иттифоқи вилоят кенгаши, вилоят сайлов комиссияси, вилоят адлия бошқармаси ҳамда олий таълим муассасалари ҳамкорлигида ўтказилган “Мен сайловга тайёрман!” танловининг вилоят босқичида 1 минг 500 га яқин ёшлар қамраб олинди.
Бу эса, жорий йилнинг декабрь ойида бўлиб ўтадиган сайловларда ёшларнинг фаол иштирокини таъминлашда муҳим омил бўлиб хизмат қилади.
Ёшларнинг ҳуқуқий онги ва ҳуқуқий маданиятини юксалтириш мақсадида ўтказилган мазкур танловда иштирокчилар 3 шарт асосида ўзаро беллашди. Савол-жавоблар шартида сайлов қонунчилигига оид билимлари яна бир бор синовдан ўтказилди.
Олий таълим муассасалари талабалари ўртасида ўтказилган танловнинг вилоят босқичида ғолибликни қўлга киритган жамоа минтақавий босқичда иштирок этиш йўлланмасига эга бўлди.
– Танлов биз талабалар учун ниҳоятда аҳамиятли бўлди, – дейди Қарши давлат университети талабаси Гулзода Самадова. – Боиси бу йил юртимизда ўтказиладиган муҳим сиёсий жараён сайловда биз ёшлар ҳам фаол иштирок этамиз. Шу маънода ўтказилган танлов орқали сиёсий билимимиз янада бойиди. Тайёргарлик жараёнида сайловлар тўғрисидаги меъёрий ҳужжатлар билан чуқурроқ танишиш имкони пайдо бўлди. Натижада танловда ғолибликни қўлга киритдик. Мамлакат босқичида ҳам вилоятимиз шарафини муносиб ҳимоя қиламиз.